Ишим битди, сайловим тинчгина ўтдими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи THINKSTOCK

Тошкентда 15 майдан бошлаб иссиқ ва совуқ сув нархи ўртача 10 фоизга ошади. Одатда баҳорги нархлар пойтахтда март ва апрел ойларида кўтарилади.

Аммо кузатувчиларга кўра, март ойи охирида президентлик сайловлари белгиланганлиги учун расмийлар сайловчиларни нохуш хабарлар билан чўчитмай туришни афзал билишган.

Расмий маълумотлар бўйича инфляция даражаси ўртача 7 % дан ошмайдиган Ўзбекистонда коммунал тўловларнинг бир йилда 17 фоиз атрофида қимматлашиши нимани англатади?

Нархларнинг ошиши тўғрисида Газета.уз сайти "Таштеплоэнергия" ва "Сувсоз" ташкилотларига таяниб маълум қилди.

Хабарга кўра марказий иситиш тизими учун иссиқ сув 1 кв.метр учун 9410,14 сўм қилиб белгиланган. У 2014 йилнинг октябридаги нархлар билан солиштирганда 11,4 фоизга қимматлаган.

Иссиқ сув ҳам ўртача 10 фоизга қимматлаган.

Тошкентлик фойдаланувчилар нархларнинг кўтарилиши оила бюджетига салбий таъсир қилишини айтмоқда. Абдураззоқ ака Содиқов нархларнинг 1 фоиз оширилиши ҳам оилага қийинчилик туғдираётганини айтади.

"Бир фоиз қўшилиши ҳам оилага қийин бўляпти. Ойлик маошлари ўртача 400 минг сўм атрофида бўляпти. Бу реал даражасида эмас. Аксарият одамлар ойликка яшолмай уйидаги бор нарсасини сотиб ёки киракашлик қилиб, қўшимча 16 соатлаб ишлаб шунинг ҳисобига зўрға кун кўриб юришибди. Бошқа маданий ишларга умуман вақти ҳам қолмаяпти. Нарх ошиши оилаларга қаттиқ зарба бўлади", - дейди Абдураззоқ ака.

Тошкентда коммунал тўловлари нархлари баҳорги кўтаришлари одатда март ёки апрел ойларида амалга оширилади. Бироқ бу йил феврал ва март ойларида ҳам нарх кўтарилиши борасида хабар чиқмади.

Кўпчилик пойтахтликлар нархларнинг бу йилги ошмаётганидан хурсанд бўлаётган эди. Аммо апрель ойи сўнггига келиб нархларнинг барибир ҳам кўтарилиши маълум бўлди.

Тошкентдан журналист Абдураҳмон Ташанов нарх кўтарилишининг кечикишини президентлик сайловлари билан боғлайди.

"Тошкент шаҳрида сайловчиларнинг катта қисми истиқомат қилади. Пойтахтда нархнинг ошиши бошқа ҳудудлардаги одамларнинг кайфиятига ҳам таъсир қилади. Коммунал тўловлари нархлари ҳар йили 1 апрелдан ёки 15 мартдан ошарди. Бу йил ушбу муддат 15 майга сурилди. Биздаги маълумотларга кўра, 15 майда электр энергиясининг ҳам нархлари ошади", - дейди Абдураҳмон Ташанов.

Газета.уз хабарида ушбу нархлар нимага асосланиб кўтарилгани борасида ҳеч қандай сабаб келтирилмаган.

Иссиқ сув ва иситиш тизими сувлари Тошкентда сўнгги марта 2014 йилнинг октябр ойида кўтарилган.

Ўшанда нархлар материаллар ва энергия маҳсулотларининг баҳоси ўсиши ортидан қимматлагани билдирилган эди.

Бу вақт давомида жаҳонда нефт нархи кескин тушди. Тошкентда нархлар тушишнинг ўрнига кўтарилмоқда.

Эътиборли томони ҳукумат эълон қилаётган ҳисоботларда мамлакатда инфляция даражаси 7 фоиз атрофида бўлади.

2015 йилги прогнозлар бўйича эса бу кўрсатгич 6,5 фоиз бўлиши керак.

Лекин биргина иссиқ сув нархи сўнгги 7 ойнинг ичида ўртача 17 фоизга қимматламоқда.

Абдураҳмон Ташанов расмийлар эълон қилаётган инфляция рақамлари реалликка тўғри келмаслигини айтади.

"Инфляция расмий рақамларда 6-7 % ҳисоблангани билан аслида жуда катта эканлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Иккинчидан, давлатга шу саволни берадиган бўлсангиз "Таштеплоэнергия " ва "Сувсоз" ташкилотлари давлатдан мустақил ва ўзининг тегишли акциялари бор, шунинг учун улар ўзлари билади, деган жавоб оласиз. Лекин аслида бу икки ташкилот монополист ширкатлар. Ўзбекистон бу борадаги саволларга изоҳ бера олмаса керак", - дейди Абдураҳмон Ташанов.

Ўзбекистонда нархларнинг кўтарилиши расмий даражада очиқ муҳокама қилинмайди.

Лекин ўтган президентлик сайловларида Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод Ҳотамжон Кетмонов монополия ширкатлар томонидан белгиланадиган тарифлар инфляция кўрсатгичларидан юқори даражада ўсмаслиги кераклигини айтганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio

Your contact details
Disclaimer