Порахўрнинг жуда чиройли мақоли бор: 'ман олмасам, бошқаси барибир олади-ку'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Thinkstock

Интернет нашрлари Ўзбекистондаги олий ўқув юртларидан бирининг декани 3000 АҚШ доллари билан қўлга тушгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Аксар ўзбекистонликлар учун пора олди-бердиси ҳақидаги хабар янгилик эмас.

Аммо порахўрлик юзасидан йирик мулозимларнинг қўлга олингани ҳақидаги хабарлар деярли матбуот юзини кўрмайди.

Шу муносабат билан Би-би-си "Ижтимоий минбар"имизнинг саволини қуйидагича қўйди:

Сиз пора беришга мажбур бўлганмисиз?

Ўзбекистон ҳукумати порахўрликка қарши муносиб кураш олиб бормоқдами?

Сизнингча бу иллатни қандай қилиб йўқ қилиш ва ёки камайтириш мумкин?

Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг фикрлари айрим таҳрирлар билан:

Facebook фойдаланувчиси Dildora Alimbekova ёзади: Ҳозирги даврда ҳеч ким имтиҳонга эмас, пул йиғиб пора беришга тиришади ўқишга кириш учун. Сабаб порасиз умуман ўқишга кириш иложиси йўқ. Ўзимни бошимдан ўтган. Билим билан ишлариям йўқ. Пулинг бўлса бўлди.

Forux Faruxi: Порахўрликни йўқ қилиш учун шоҳдан гадойгача қонун ҳаммага тенг бўлиши керак ва ҳамма амал қилиши керак. Фуқаролар фақат қонун органлариданмас, оддий фуқаролардан ҳам ҳайиқишимиз керак ва ҳамма порахўрликдан, пора беришдан жирканадиган бўлиши керак. Бизда-чи? Ҳозирги кунда охирги сўмини болаларини ризқини бировларга пора беради-да, яна мақтаниб қўямиз "палон ишимни палон сўмга бажардим" деб. Керакли жойда мақтаниб қоламиз ва қолган жойда ёмонлаймиз. Пора берувчи ҳам, олувчи ҳам гуноҳи бир хил - ҳаром. Буни иложи бор йўқ қилишни. Ҳамма баробар курашиш керак. Пора талаб қилганни керакли жойларга мурожаат қилиб оёғини осмондан қилиш керак. Далил-ҳужжатлар билан курашиш керак. Шундай ҳаракат билан порахўрликни илдизини йўқ қилиш мумкин ва биз порахўр билан курашадиганларга ёрдам бериб ёнида туришимиз керак. Порахўр ва пора берувчи ўзидан ўзи йўқ бўлади, қачонки биз ҳам олувчига ва берувчига қарши курашсаггина.

Bahodir Ne'mat: Савол умуман нотўғри берилган. Сиз пора бермасдан бирорта ишингизни ҳал қилганмисиз? - деган савол қўйилиши лозим эди. Ўзбекистон ҳукуматининг пойдевори порахўрликдан яратилган бўлса, у қандай қилиб ўзининг илдизига болта уриши мумкин, ахир у қулаб тушадию?!

Hussain Tursunaliev: Ҳар бир фуқарони иш билан таъминлаб ойлик маошини 2000 доллар қилса порахўрлик, манмансираш йўқолади ва ҳамма эл қатори ойликка ишлаб юради. Шу билан ҳам бўлмаса жазо муддатини белгилаш лозим бўлади. Ҳалол луқма барибир ҳалолда, ҳаром бу дунёда ҳам, охиратда ҳам фойда бермайди. Кўпчилик шунча кўп пул топса ҳам "яна, яна" дейди. Ўзидан сўрасангиз, нолиб, "иш юрмаяптида, яшаш қийин бўлиб кетяпти", дейди. Тўйга борсангиз, қуда-андага янги кўйлак, ўтганларга янги кафан, холаси, аммаси, тоғаси, жияни, ҳеч бири қолмай тўёна беради ва ўзларини залолатга бошлайди... ва бу кўп ачинарлидир. Энди ҳозирги пайтда пора бериш раҳматни эвазига бўлиб қолган. Ҳалол пул топиб бой бўлиш ниҳоятда қийин ва мушкулдир.

Луқмон Абу Муҳаммад: Ислом қонуни ва Исломда яшаш. Ислом атмосфераси йўқотади бу қусурни, бошқа даво йўқ АЛЛОҲнинг давосидан бошқа бу касалликка.

Yahyo Sultanov: Бу иллатни илдизи бошқа ерда, чиқарилган тақиқ, жазо билан тўхтатиш имкони йўқ. Касални даволаш учун ярани эмас, яра бўлишга омил яратаётган касаллик ўчоғини топиш лозим. Ҳозир дунёда Ўзбекистон сингари ҳамма инсонлар ярани устидан боғлаш билан, яъни, қамаш билан даволаш мумкин, деб ўйлашади. Яра, яъни порахўрликни қайси микроб келтириб чиқараётганини ўрганиш ва шу микробга қарши курашиш учун инсонга илм лозим. Илм эса йўқ, илмни ўрнини инсонларда бошқа нарсалар эгаллаган, секс, пул, мансаб, ўзини бошқадан устун куйиш, кибр. Инсон илм ўрганишини ибрат таъминлайди ва инсонлар нимадан ибрат олган бўлса, илмни шундан олади ва тафаккури шунигина тафаккур қилади. Ҳозирги инсонларни кўз олдингизга келтириш қийин эмас, илми ақли йўналган соҳаларни эшитинг: секс, фоҳишабозлик, фоҳишахоналар ташкил қилиш, ривожлантиришга, мансабпарастликни, кибрга берилиб кетган. Пул кўпайтириш учун пора, бировни ҳақидан қўрқмаслик, қонунни четлаб ўтиш... булар ўз-ўзидан бўлмайди. Инсонларни илми қайси йўналишда бўлса, шу нарса илғор...

Аслам Мавланов: Ўзбекистонда янги чиққан қонун бўйича пора берган шахс пора олган билан баробар жазоланади. Агар у пора берганлиги тўғрисида бир ой ичида тегишли идораларга мурожат қилмаса. Ўқув юртларига кириш учун БИЛИМ керак, пора эмас!!!

Naser Muhammad: Деярли ягона тирикчилик манбаику. Фақат қаерда ойлик даромад 250$ бўлатуриб, ойлик харажат баъзида 10000$ га ҳам чиқиб кетиши мумкин? Мантиқий хулосалар, бу халқ қонидаги хусусият. Қонни ўрнига янги қон, ёки томирни олиб ташлаб ўрнига янги томир, ва албатта бутун бошли танани алмаштириш орқали қабул қилинади. Халқни ўзи шу иллатни янада гуркирашини сўраб дуо қилади. Исталган бюджетдан маош оладиган амалдор, янги амалга ўтса бир катта йиғин қилиб, зиёфат беради. Меҳмонлар тузини егач, тузлуғига тупурмаслик учун ҳам икки қўлини очиб мезбон амалдорни келажак ишларига яратгандан барака сўрайди. Келажакда эса бюджетник котта холасиникидан олади инсон ҳавас қиладиган неъматларни. Порахўрни жудаям чиройли мақоли бор: "ман омасам, бошқаси барибир олади-ку". Порахўрликни йўқотиш учун ҳатто бирор фикр айтсангиз, бу фикрингиз хато эканлигини исботлаш учун ноҳақ қамашгача боришади. Эзгуликка интилаётганни йўли разолат ботқоғидан ўтмайди. Порахўр ўзи қилаётган ишини хато эканлигини қалбан ҳис этиб тўхтатмагунча тушунтиришдан чарчамаслик керак. Ўлим жазоси масалани ижобий ҳал этмайди.

Frost Frostman: Бу иллат, минг афсуслар бўлсинким, юртимизда кўпайса кўпайяптики, лекин камаймаябти. Қаёққа борма пул, пул, пул. Шуниси ачинарли-ки ҳамма бу нарсага тобора ўрганиб бормоқда. Пул деса, "ма ол" деб чўнтагидан бехижолат чиқаради. Бунақа мавзуларни бу ерда очилгани ёмонмас-у албатта. Аммо 100 та, жуда борса 200 та одам ўқийдиган тармоқлардан фойда жуда кам. Агар мавзу юзасидан айтадиган бўлсам, ҳа пора беришга мажбур бўлганман. Ҳозирда талабаман. Талабаларни қўллаб-қувватлаб, уларни кўтариш ўрнига уларни баттар ерга кўмишади. Дарслардан ишим чиқиб қолди, деб жавоб бериб юборишади. Йил охирида эса имтиҳонга "сюрприз" саволлар билан кутиб олишади. Ўтилмаган дарсларни сўрашади. Ҳайрон қоламан, яна камига оммавий ахборот воситаларида "Ўзбекистон келажаги буюк давлат" деб жар солишади. Агар қанақа буюк давлатга айланиб бораётганимизни билишни хоҳлаганлар олий ўқув юртларимиздаги дарсларга марҳабо. Жуда буюк ишлар қиламиз...

Temur Aliev: Oliy Ta'lim tizimi korrupsiya botqog'iga botgan. Hatto bollalar bog'chasiga ham yetib borgan. Buni hamma biladi. Shaxsan rektorlar 250 ming yoki 300 ming $ bilan kursiga o'tirishadi deb eshitgandim.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ