Тошкент - “емаган сомсага пул тўлаш” шаҳри

Image caption Газ бору, аммо...

Бир нарсага эътибор бердим шу кунлар, Ўзбекистонда газ ҳақида гап очсангиз, вилоятдан келганлар ишонқирамасдан ва ё сизга ҳатто умид билан қарашади.

Тошкентликлар бўлса худди...электр токи ургани каби бир сесканиб тушишади.

Чунки пойтахтда газ таъминоти “ўзига хос ва мос” йўлга қўйилган.

Халқ ўлароқ, биз аллақачон “вилоятларда газ йўқ” деган нолишларга кўникиб бўлдик, жа кўп ноливоришса, Озодбекка айтамиз, Сурия ҳақида битта қўшиқ айтиб беради ва ёки орамиздаги “учинчимиз” дарров “зато бизада тинчлуу” деб қўяди, ҳушёр тортамиз,ҳаёт давом этади...

Барибир шу вилоятларда яшовчи ака-ука ва опа-сингилларга Худо сабр берсин...

Аммо бугунча яна Тошкентга қайтамиз.

Тошкент - нон шаҳри, қолаверса, ҳозирги кунда эса “ейилмаган сомсага пул тўлаш шаҳри” деса ҳам бўлаверади. Кейинга йилларда, Яратганга шукрлар бўлсинким, Тошкентда сув таъминоти соҳасида тартиб ўрнатилди деб айтсак адашмаймиз, зотан бу борада бирон бир фуқаро муаммога дуч келган бўлса, албатта, узр сўраймиз.

Сайловлар ўтди, кутилганидек коммунал ҳизмат нархлари мана бирин-кетин ошмоқда.

Жумладан, газнинг нархи 7.2 фоизга шу май ойининг ўн бешидан ошадиган бўлиб турибди.

Тошкент ахолиси саросимага тушиши бор гап, нарх ошиши ҳақидаги хабардан эмас, балки "кутилмаган совға" туфайли.

Одатда, кўп Тошкентликлар бу "кутилмаган совға"га мавсумий нарх оширилиши санаси - 1 апрел ва 1 октябр кунлари олдидан дуч келишади.

Нархлар ошмасидан тўловни тўлаб қўяқолай деб Тошкентда яшовчи фуқаро “Райгаз”га боради, чунки уни бу вақтда йил бўйи келиб, пулини шилиб юрган инспектор қарши олмайди.

У ерда Тошкентлик истеъмолчи ғала-ғовур, чуғур-чуғур ва жанжалларга дуч келади.

Image caption Ўзбекистон ТВси газ пулини тўламаганларни "сазойи" қилиниб туради

"Ҳа, одамлар-а, вақтида тўлаб, тинч юрмайсизларми" деб қўяди ўзига-ўзи, бироқ, истеъмолчилар билан муомала бўлимига етиб келганида, 1 миллиондан 2 миллион сўмгача, балки унданда юқорироқ қарз хабарини эшитганида фиғони фалакка чиқади.

"Бомба" қарзни эшитганида талвасага тушиб қоладиганлар ҳам бор, "юқори"га қўнғироқ қилиб масалани бир зумда хал қиладиганлар ҳам бор ва ниҳоят, "тинчгина шу пулни тўлаб қулоғим тинчиса майли" деб бу даргоҳни тарк этадиганлар ҳам талайгина.

Нима қилсин, шу пулни бошқа бир нарсага ишлатса, мисол учун болаларини сайилгоҳга обориб айлантирса, яхши жойда овқатлантирса, ёки шу пулни бирон-бир муҳтож инсонга садақа қилса бўларди, лекин ўзини давлат корхонаси деб тақдим қиладиган бу савил “Райгаз” ундан пулларни усталик билан тортиб олади.

Ҳалиги йил бўйи қатнаган инспектордан дом-дарак йўқ, суриштирсангиз "бўшаб кетган" деган жавобни оласиз.

Бу вақтда, Тошкент телеканали Тошкент маҳаллаларидаги рейдларни кўрсатиш билан овора бўлади.

Маза қилворади журналистлар ҳам... ўзи ёритишга арзигулик миллионлаб муаммо бўлса ҳам, шу битта муаммодан ташқари бошқа ҳаааммма муаммоларга “запрет” қўйилган!

Бу рейдларда хонадонларда газ узиш ишлари амалга оширилади.

Худди кинолардагидай...Шундоқ бостириб киришади, кейин ҳам газни узишади, ҳам мамлакатга текинга шарманда ҳам қилишади.

Кўрсатувни олиб бораётган журналист “Райгаз” раҳбариятидаги ўзгаришлар нимага юз бераётганини ёки бу кабутарлардек учиб кириб-чиқаётган инспекторлар нимага бу ташкилотда қўним топмаётганини савол остига олмайди.

Ёки бу журналист деганлари... нимага одамлар газ пулини вақтида тўлашмайди, балки бошқа сабаблари ҳам бордир деб мавзуни чуқурроқ ўрганмайди, чунки сабабларини жуда яхши билади!

Бу кўрсатувлар фақатгина “аҳолининг айбини кўрсатиш” билан овора. Биз истеъмолчиларда буткул айб йўқ деган фикрдан узоқмиз.

Қарзи тоғ мисоли қарздорлар ҳам борлиги бор гап, кўп холларда улар - инспекторга "қуруғини" бериб, баъзида келиша олмаган нонвой ёки сомсачилар бўлади...

Тандирга газ улаш мумкин эмас, лекин инспектор билан тил бириктириш мумкин ва йил охирида бу сарфланган газни харажатларини фуқаролар ҳисоб рақамларига "кутилмаган совға" тариқасида “сочиб” ҳам юбориш мумкин.

Бу ҳақда юқоридаги кўрсатувни тайёрлаган журналист “миқ” этмайди.

Имомларимиз илмларига тил текказишдан йироқмиз, албатта, уларнинг ораларида ноқис илмликлари ҳам борлиги ҳеч кимга сир эмас. Қандайдир тепадан келган буйруқ таъсири остидадир деб гумон қилиб, шуни айтиб ўтиш лозим деб ўйлаймиз: имомлар вақти келганда жума мавъизаларида, аҳолини садақа қилишга, яъни қарздор истеъмолчиларнинг газ ва электр токига бўлган қарзларини тўлаб беришга чақирадилар.

Кимнинг чўнтагини тўлдирмоқчисиз?

Ёки яна кимнинг чўнтагини “қаппайтириб” берайлик деб сўрагинг келади баъзида...

Шунақа гаплар Тошкентда, вилоятликлар ҳам Тошкентдагиларга сабр тилашса арзийди... Хулоса ўрнида савол туғилади, “емаган сомсага пул тўлаган” маъқулмикин ёки вилоятлардаги каби “ оч қорним,тинч қулоғим” деб газ йўқлигига сабр қилган?..

Тошкентлик истеъмолчи

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ