"Кўчаларни тозалаш беморларни қабул қилишга халақит бермайди"

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги шифокорларнинг кўчаларни тозалаши беморларни қабул қилишга халақит бермаслигини маълум қилди.

Вазирликка кўра, хашар Ўзбекистоннинг қадимдан келаётган анъанаси ва унга ходимлар фақатгина кўнгилли равишда жалб қилинади.

Би-би-си шанбалик баҳона Ўзбекистондаги медицина аҳволига назар ташлади. Изланишлар натижасида, эътибор қаратиш керак бўлган шанбаликдан ҳам муҳимроқ томонлар чиқиб келди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг уз24 веб нашрига берган жавобида шанбалик ёки ҳашар йилда икки марта ўтказилиши ва ходимлар унга ўз хоҳишлари билан чиқишини маълум қилган.

Вазирликнинг ушбу жавоби ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларнинг кулгуларига сабаб бўлган.

Фойдаланувчилар дўхтирнинг вазифаси кўча тозалаш эмас беморга қараш бўлиши кераклигини таъкидлаган.

Аммо суриштирув олиб борганимизда жойлардаги аҳвол бундан ҳам ёмонроқлиги маълум бўлди. Жиззах вилоятининг қишлоқ хўжалигига мослашган туманларида тиббиёт ходимларининг маҳаллий фермерларга ишчи сифатида бириктириб қўйилганлиги ойдинлашди.

“Поликлиника ходимлари бошқа бюджет ташкилотлари каби фермерларга ҳомий сифатида бириктирилган. Уларнинг вазифаси фермерларнинг пахтасини ўтдан тозалаш, ягона , чеканка қилиш ва пишиб етилгач териб беришдан иборат”, - дейди бюджет ходими.

Унга кўра, бундай амалиёт кенг ёйилган ва бу шифокорларнинг ишига таъсир ўтказмасдан қолмаяпти.

Суҳбатошимизга кўра, туман миқёсида тиббиёт ночор аҳволга келиб қолган. Пули борлар ва ўзига тўқроқ одамлар беморни кўрсатиш учун туман шифохонасига олиб бормайди. Чунки малакасиз ва таъмагир шифокорлар беморни янада ёмон аҳволга солиб қўйиш мумкин.

- Қўлим синиб туманимиздаги травмотология бўлимига бордим. Гипслаб, 40 кундан кейин келасиз деб юборишди. 40 кун давомида мумия ичиб юрдим, қўлимдаги оғриқ қолмади. Айтган вақтида бориб гипсни ечтирсам, суякларни қийшиқ териб қўйишибди. Кейин уни Самарқанд шаҳрига бориб қайтадан синдириб гипслашимизга тўғри келди, - дейди 55 ёшлардаги аёл.

Унинг атишича, бу каби ҳолатлар бошқа ҳамқишлоқлари билан ҳам бўлган.

Болалар шифокорининг малакаси ҳам сўроқ остига олинади. Ёш онанинг айтишича, шифокор 1 ойлик боласининг бошида ўсимта бор дея ташхис қўйиб берган ва шу билан ота онани чуқур депрессияга туширган.

Бироқ кейинчалик маълум бўлишича, бу бош чаноқ қон босимининг бошланиш аломатлари бўлиб чиққан.

Шифокор ва ҳамширалар дала ишларига мажбур қилинса ҳам иш йўқлиги ва пора олиш имкони борлиги сабаб шифохоналарга ишга кириш ўта қийин ва қўшимча пора талаб қилади.

Болангнинг оғзи қийшиқ

Даволаниш бўлимига ишга кириш ўртача 1,5 миллион сўм эканлиги маълум бўлди. Энг ёғли ишлар бу туғруқхона бўлиб унга оддий санитар бўлиб кириш учун 3 миллион сўм ёки 700 доллар дейишди.

Тиббиёт муассасалари ходимлари туман шароитларида ўртача 350-400 минг сўм маош олади. Унинг маълум қисми таъмирлаш ва газета обунасига уриб қолинади.

Аммо мижозлардан тушадиган пул орқали берилган пулни чиқариб олиш мумкин.

- Туғруқхонага тушишдан олдин йиғиб териб пул тахлаб қўямиз. Яқинда аёлим туғди. Ўртача 1 миллион сўм сарфладик. Ҳали бола туғилмасидан олдин дорилар, бинт ва ҳатто спиртгача рўйхат қилиб ёзиб беришади. Ундан кейин доядан тортиб, санитар ва болани кўтариб чиққан ҳаммани рози қилишингиз керак. Ҳаттоки овқат ташийдиган ходимигача бир икки сўм пул бермасангиз бўлмайди, - дейди киракаш.

Совет даврида қурилган туғруқхона йиллар ўтиб замонавий бўлишнинг ўрнига 30 йил олдинги имкониятларини ҳам йўқотмоқда. Иссиқ ва совуқ сув йўқ, инвентарлар алмаштирилмаган, чироқ тез тез ўчиб туради.

Ўзбекистон ва Қозоғистондаги туғуриқхоналарда ётган аёл икки давлатдаги ушбу муассасаларни солиштиради.

“Гигиенада жуда ҳам катта фарқи бор. Ўзбекистонда ётганимда нечта палата бўлган бўлса ҳаммаси учун битта ҳожатхона ишларди. Унинг ҳам суви йўқ. Унинг ичига расво бўлганлигидан кира олмайсиз. Битта палада 4-5 аёл ётади. Қозоғистонда 2-3 аёл ётади, ҳар бир палатанинг олдида биттадан ҳожатхона ва ювиниш хоналари бор. Унда совуқ ва иссиқ сув чиқиб туради. Бир кунда икки марта тозалашади. Ўзбекистонда эса битта ҳожатхона бўлганлиги учун одамнинг киргиси келмайди”.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, Ўзбекистонда ётган туғруқхонада мижозлари ўзлари билан идиш товоқларию, чойшабларигача уйдан кўтариб келишга тўғри келади. Туғруқхонага қабул қилишнинг шартлари ҳам шундан иборат.

“Чойшаблари йўқ эди. Ўзимиз уйдан олиб келдик. Битта ёпинғич, чойшаб ва кўрпа жилдини уйдан олиб келганмиз. Туғрухона томонидан берилган матрацида одамнинг ётгиси келмайди. Аёлларнинг қони қотиб қолган”, - дейди Ўзбекистон ва Қозоғистон туғуруқхоналарида ётган суҳбатдош,

Шифокорларнинг мижоздан пул ундириш учун турли туман баҳоналарни ўйлаб топиши айтилади.

“Иккинчи боламни кесерова амалиёти билан туғдим. Қайнонам ҳамма шифокорларга 50 доллардан “миннатдорчилик” пули бериб чиқди. Лекин болалар шифокоридан жавоб олишнинг имкони бўлмади. Нима бўлди, десам. Уйдагиларингизни чақиринг, чақалоқнинг оғзи қийшиқ, деди. Қайнонам келса, пул сўрабди. Болалар врачига берилмай қолиб кетган экан”, - дейди ёш она.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio