Би-би-сига айтаман: "Играманиядан қутулишга ёрдам беринг!"

Коллежни битириш арафасида, ота-оналар мажлиси бўлди.

Ҳеч қачон бормасдим, доим онаси борарди.

Шу сафар бориб, кўнглим тоғдек кўтарилди.

Раҳматли дадамнинг сўзлари эсимга тушди: "Яхши фарзанд тўрга, ёмон фарзанд гўрга тортади" деганлари.

Шу фарзандинг ҳақида устозидан мақтов сўзлар эшитиш ўзгача бўларкан.

Роса мазза қилиб юбордим ўзи ҳам.

Синф раҳбари боламни "мўмин, қобил, роса маъқул" деб тарифлади ҳамманинг олдида.

Уйга келиб, хурсанд бўлдим аввалига, кейин нега бу отасига ўхшаб шўх бўлмабди экан-а деб, бир оз ўйга берилдим. Ахир унинг ёшида биз росза "кўча чангитар эдик-ку?"

Хуллас, коллеждаги хулқи "намунали" экан. Қани, бунинг билимини хам бир кўрай-чи деб, оддийгина бир 3-4 синф даражасидаги саволларни берсам, анграйиб турибди, "биз буларни ўтмаганмиз" деб. Қулоқ чакагига бир айлантириб солай дедиму, яна нима қилишимни билмай қолдим, чунки домласи ундан рози бўлиб турибди-ку, ахир.

Бизнинг вақтда шовқин-сурон қилсанг ҳам, нимадир илиб олардинг ўрта мактабдан. Ҳозир, тинч ўтирсанг "ишинг беш" экан. Асосий талаб - тинчлик. Шу ярим кун қандай қилиб миқ этмай ўтирасан, деб қизиқдим боламдан. Барча синф шунақами десам, "ҳа" деди. Роса ҳайрон бўлдим, бунга ўқитувчилар қандай эришибди экан-а, деб. Лекин жавоб тополмадим.

Ўглим ўзи тушунтириб берди. Улар "жим ўтириб", телефонида "Clash of clans" деган ўйинни ўйнашар экан бир-бирларига қарши интернет орқали.

Қанақа ўйин экан десам, тушунтириб, кўрсатиб берди. Камина ҳам, мана энди аналог телефонини ташлаб, ақлли телефон тутмоқда.

Шу ўйин мени хам уз домига ютиб юборди. Ҳозир ишда ҳам, хўжайин кўрмаётган маҳал шериклар билан солишиб қоламан.

Лекин битта чатоқ жойи - қандай қилиб вақт ўтганини билмай қоларкансан, киши.

Қолаверса, интернет ҳам анча пулни еб юбормоқда. Онаси ҳайрон, нималар қилиб юрибсиз, деб?

Ота-бола роса яқин бўлиб қолдик шу кунларда, мана! Онасига ҳам ўргатиб, "оилавий пудрат" ташкил қилиб, уммон ортидагиларга қарши бир солишайлик деган ҳаёл ҳам келади-ку, лекин ўзимни босаман. Сабаби эртага онаси ҳам шу ўйинга "утириб" қолса, очимиздан ўлмайлик, деб.

Хуллас, фарзандингни тушуниш учун унга якин дўст бўл дейишади руҳшунослар. Лекин бунақа "дўстлик" қачонгача давом этар экан?!

Тирикчиликни ким қилади, деб уйқу қочмоқда тунда. Лекин бу "қисталоқ ўйин қурғур" шу уйқусиз тунларда айни муддао экан.

Тунни кунга, кунни тунга улаб ўйнаб ётибман, мана. Оқибати нима бўларкан-а?!

Нега оталар мактаб мажлисларидан ўзларини тийишади десам, гап бу ёқда экан...

Ўзим ҳам бориб, мана, "играмания" деган дардга мубтало бўлдим.

Лекин одамнинг кўнглини сал таскин топтирадиган бир нарса бор, ҳозир бунақалар анча-мунча экан.

Бир олишаман, деган рақиб бўлса "эфирга" чиқинг, никим "бекорчи".

Ким зўр эканини ўйин кўрсатади!

Тошкентлик 'намунали' ота

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio