Каримов МДҲ саммитида: “Мустақил давлатларга таъна ва панд-насиҳат қилманг!”

Image caption "Танбеҳ берманг!"

Бир неча кунлик қарама-қарши хабарлардан сўнг Ислом Каримов Москвада бўлиб ўтган Ғалаба парадида қатнашмади.

Бироқ 8 май куни бўлиб ўтган МДҲ давлатларининг норасмий йиғилишида қатнашди ва шов-шувга сабаб бўлди.

Ўзбекистон раҳбари Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаевнинг ғалаба кунига МДҲ давлатлари турли муносабат билдирмоқда деган фикрини танқид остига олди.

“Бу ерда бу (урушда қўшилган ҳисса таҳ. Би-би-си) арифметика ва бухгалтерия эмас деган гаплар бўлди. Менимча, бундай мулоҳаза юритиш, биринчидан беандишалик, иккинчидан янглиш. Дўстимиз Атамбаев унутишга ҳаракат бўляпти, деб кимдандир таъна қилмоқда. Бу ҳам бирор яхшилик келтирмайдиган нотўғри мулоҳаза”, - деган Ислом Каримов.

Каримов жанобларига кўра, Иккинчи жаҳон урушидаги келтирилган ғалаба умумийдир.

“Ҳар бир давлат, халқ ва бугун сайланган ҳар бир давлат раҳбари нимани қаерда, қачон ва қандай ўтказишга ҳаққи бор. Кимдир мажбурий деб билган нарсани бошқаларга такрорлаш шарт эмас”, - дея таъкидлаган президент Каримов.

Image caption "Мен ўз фикримни билдирдим,холос..."

Каримовнинг эътирозларига Қирғизистон президенти Атамбаев, “мен ўз фикримни билдирдим”, деб жавоб берган.

“Жуда яхши, сизнинг фикрингизни биз кўпдан бери биламиз. Яна такрорлайман, таъна қилиш ва панд насиҳат қилиш нотўғридир”, - деган Ислом Каримов.

Сал олдинроқ сўз олган Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев МДҲ саммитида бошқа давлат раҳбарларининг иштирок эта олмаслиги афсусланарли эканлигини айтган ва бу иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига нисбатан ҳурматсизлик эканлигига ишора қилган эди.

“Ушбу саммитга ҳамманинг кела олишга имкон топа олмагани афсусланарли. Бу бизнинг ота- боболаримизга ва фронт ортида меҳнат қилган момоларимизга ҳурмат белгисидир. 9 май барча МДҲ давлатлари тарихи ва хотирасида бир умрга қолиши керак бўлган байрамдир”, - деган Алмасбек Атамбаев.

Ислом Каримов ўз чиқишида президент Путинга қарата, Иккинчи Жаҳон урушида ғалабага эришиш учун мушкулликлар энг аввали рус халқининг бошига тушганини айтган.

МДҲ норасмий саммитида Ўзбекистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия давлат раҳбарлари иштирок этди.

9 май куни бўлиб ўтган парадда эса Украина, Молдова, Ўзбекистон ва Беларус давлат раҳбарлари иштирок этмади.

МДҲга аъзо бошқа давлатлар Москвадаги тантаналарда қатнашди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ