Гаровдаги ҳазоралар ўзбекистонликлар эвазига қўйиб юборилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Афғонистонда феврал ойи ўғирлаб кетилган 31 йўловчининг 19 нафари ўзбекистонлик жангарилар оила аъзолари эвазига қўйиб юборилган.

Автобусда Эрондан уйларига қайтаётган ҳазора озчиликлари Афғонистон жанубида қўлга олинганди.

Қолган 12 тутқуннинг озод қилиш учун музокаралар давом этаётгани айтилади. Улар ҳибсдаги 6 нафар ўзбек аёли эвазига қўйиб юборилиши кутилмоқда.

Ўтган ой жангарилар тутқунлардан бирининг бошини танасидан жудо қилгани даъво қилинган видеоёзувни тарқатганди.

Икки кун олдин эса, ҳазоралар жамоаси вакилларидан бўлган Афғонистон ижроия идораси раҳбари (Абдулло Абдулло) ўринбосари Муҳаммад Муҳақиқ тез орада тутқунлар яқинлари учун хушхабар келиши ҳақида айтди.

Гаровгирлар

Музокарачилардан бири Асадуллоҳ Какарнинг Би-би-сига айтишича, 19 йўловчи асли Ўзбекистондан бўлган исёнчиларнинг 22 нафар фарзанди эвазига озод қилинган.

Жангариларнинг аёллар ва болалардан иборат яқинлари олдинроқ афғон хавфсизлик кучлари тарафидан қўлга олинган ва ҳукумат ҳибсхоналарида сақлаб келинаётганди.

Ғазни ва Зобул вилоятлари расмийлари ҳам янгиликни тасдиқлашган.

Тутқунларнинг ўзбекларга алмашилгани гаровгирлар Ўзбекистон Исломий Ҳаракати бўлганига ишора қилади.

Мухбиримизга кўра, Афғонистонда фаолият қилаётган мазкур гуруҳ Толибондан ҳам зўравонроқ экани билан донг чиқарган.

Бундан олдин мамлакатнинг қатор минтақаларидаги ЎИҲ аъзолари "Исломий Давлат" гуруҳига садоқат билдиргани борасида хабарлар келганди.

Эрондан Афғонистон пойтахти Кобулга йўл олган ҳазоралар Зобулга етган чоғлари ўғирлаб кетилганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Ўтган ой тутқунларни озод қилиш талаби билан Кобулда йирик намойишлар ўтказилганди

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати 1990 йиллар охирида ташкил қилинган.

Ҳаракат жангарилари маълум муддат Покистондаги Толибон сафида жанг қилишган.

2014 йил июн ойи Карачи ҳаво қўнолғасига ҳужумни ҳам айни ҳаракат амалга оширгани хабар қилинганди.

Ўшанда 39 инсон ҳаётдан кўз юмган.

Карачи аэропортига ҳужум ортидан Покистон армияси жангарилар ўрнашган Шимолий Вазиристонда ҳарбий амалиётлар олиб борган.

Ва Толибоннинг бошқа иттифоқчилари қаторида ЎИҲ ҳам Покистоннинг ана шу озод қавмлар яшовчи минтақасидан сиқиб чиқарилганди.

Покистондан фарқли ўлароқ, сунний жангарилар бунгача аксари шиалардан иборат Афғонистон ҳазораларни деярли нишонга олишмаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ