Кун.уз сайти асосчиси нима учун уни тарк этди?

Кун.уз асосчисининг лойиҳани тарк этиши “Президент сайловида ҳақиқий сиёсий рақобат кузатилмади” номли хабар чиққанидан 1,5 ой ўтиб содир бўлмоқда. 26 ёшли Муҳрим Аъзамхўжаев кун.узни бошқа бир жамоага топширганини билдирди. Сайт асосчиси нима сабабдан бундай қарорга келганини изоҳламаган.

Фақат ўзбек тилида хабар бериши билан машҳур кун.уз сайти асосчиси Муҳрим Аъзамхўжаев фэйсбукдаги саҳифасида ушбу сайтдаги иштироки якунига етганини билдирган.

У лойиҳага омад ва бадавлат реклама берувчиларни тилаб қолишини билдирган.

Кун.уз асосчининг нима сабабдан қўққисдан лойиҳани бутунлай тарк этиши борасида турли фикрлар билдирилган.

Айримлар уни ушбу лойиҳани бошқа сармоядорларга сотганини гумон қилишган.

Кун.уз фақат ўзбек тилида янгилик тарқатувчи саноқли мустақил нашрлардан бири бўлиш билан бирга ҳукумат нашрларида чиқмайдиган хабарларни бериш бўйича ҳам танилган эди.

Сайт Ўзбекистон Президентлигига сайлов натижалари бўйича Оврўпада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти томонидан эълон қилинган хулосани танқидий жиҳатларини ҳам ёзганди.

30 март куни чиққан хабарда “Ўзбекистон Президенти сайловида ҳақиқий сиёсий рақобат кузатилмади” , деган хулоса сарлавҳага олиб чиқилди.

Ўзбекистон ичидан туриб нашр қилинадиган сайтларда бу каби ҳукумат учун “ёқимсиз” хабарлар деярли кузатилмайди.

Ушбу хабар чиққанидан сўнг ижтимоий тармоқларда фикр қолдирган ўқувчилар, аввалига ушбу хабар бир неча соатларда олиб ташланишини тахмин қилишди, кейин эса кун.узнинг яқин кунларда ёпилиши эҳтимолини ёзишди.

Хабар олиб ташланмади, сайт ҳам ёпилмади, аммо унинг асосчиси Муҳрим Аъзамхўжаев орадан тахминан 1,5 ой ўтиб лойиҳани тарк этаётганини билдирди.

Биз Муҳрим Аъзамхўжаев билан боғланиб изоҳ олишга ҳаракат қилдик. Лекин қўл телефонни ҳеч ким кўтармади.

Аъзамхўжаев лойиҳани нима сабабдан тарк этаётгани борасида фэйсбукда ва ўз блогида бирор изоҳ қолдирмаган.

Шу йилнинг январь ойида Муҳрим Аъзамхўжаев Ўзбекистон Профессионал футбол лигасидаги иш фаолиятини тугатган. Бироқ ушбу маскан ҳақида ўз блогида “Уч йил” номи остида пост қолдирган ва жамоа ҳақида илиқ фикрлар ёзган. Энди кун.узда яхшироқ ишлашга ҳаракат қилаётганини билдирганди.

Кун.уз ўзбек тилидаги хабарлари билан ўз ўқувчиларига эга бўлган лойиҳалардан бири эди.

Ўзбекистондан мустақил журналист Салоҳиддин Мансур кун.узни 2012 йилдан бери кузатиб боришини ва айнан лойиҳа асосчисининг уддабуронлиги эвазига ўз ўқувчиларига эга бўлганини айтади.

“Назаримда кун.узнинг муҳаррири-раҳбари журналистика соҳасида яхши билимга эга бўлганлиги учун ўзининг аудиториясини тўғри аниқлаб билди. Аудиторияга мос равишда, суръатлар ва ахборот беришни йўлга қўя олди”, - дейди Салоҳиддин Мансур.

Журналистга кўра, кун.узнинг ютуғи расмий зерикарли бўлган хабарларни ўқувчини қизиқтира оладиган томонини бўрттириб олиб чиқа олиш билан ҳам изоҳланади.

Мустақил журналист Азиз Муҳаммад кун.уз хабар беришга ихтисослашган бўлса-да, тўлиқ имкониятларидан фойдалана олмаганини айтади.

Унга кўра хабарлар асосан русчадан таржима қилинган, агентликлардан олинган ёки ижтимоий тармоқлардаги фикрлардан ясалган.

“Оригинал материал йўқ. Тушунишим бўйича, таҳририят кичкина. Чунки иқтисодий томонлама кўтармайди. Шунинг учун улар русча сайтлар ва бошқа сайтлардан таржима қилади. Расмий органларнинг пресс релизларидан фойдаланиб хабар тайёрлашади. Ижтимоий тармоқларни кузатиб ўтиришади, фойдаланувчилар бирор янгилик айтса ўшани хабар қилиб тайёрлашади”, - дейди Азиз Муҳаммад.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, кун.уз ходимлари молиявий муаммолар сабаб ахборот манбаъи билан бевосита ишламайди ва воқеа жойидан камдан кам ҳолларда хабар тарқатади.

Бундан ташқари сайтда жамиятдаги жиддий муаммолар деярли олиб чиқилмайди.

“Қанақадир маиший ва ижтимоий муаммолар олиб чиқилиши мумкин. Лекин улар кўтариб чиққан жиддий муаммолар йўқ. Ёки бирорта жиддий сиёсий мавзуни кўтариб чиққанми? Ўзбек журналистикасида куннинг энг долзарб мавзулари йўқ. Ҳамма хабарлар ва янгиликлар мавзу жиҳатидан бир-бирига яқин. Ўткир, шов-шувли нарсаларни кўрмаймиз”, - дейди Азиз Муҳаммад.

Танқидларга қарамасдан Аъзамхўжаевнинг кун.уз лойиҳаси Ўзбекистонда ўз аудиториясига эга бир сайт эканлиги айтилади.

Кузатувчилар лойиҳа асосчисининг уни тарк этиши сайт таҳрир услубига ҳам таъсир қилишини тахмин қилишади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ