Андижон қирғини жаҳон матбуоти назарида

Image caption The Guardian, UK

Ўтаётган ҳафтада жаҳоннинг илғор оммавий-ахборот воситалари орасида Андижон қирғинини ёд олмагани кам бўлди.

Британиянинг энг нуфузли нашрларидан бири the Guardian да эълон қилинган мақолада қирғиндан ўн йил ўтиб ҳам қочқинлар қўрқув ичида яшаётганлари ҳақида сўз боради.

Андижонлик қочқинлар бошпана топган Швециянинг Калмар шаҳарчасига сафар қилган мухбирнинг ҳикоя қилишича, ҳеч ким қирғин ҳақида гапиришни истамайди.

Аксарият андижонликлар ватанда қолган қариндошларининг тақдиридан ҳамон хавотир ва қўрқуқ билан яшамоқда экан.

Калмарда қолаётган қочқинлардан бири мухожирликдаги янги ҳаётга кўникиш осон бўлмаганини айтади.

Андижон унутилмаган бўлса ҳам, қўрқув ва хавотирлик аримагани ҳақида ёзар экан, мухбир андижонлик қочқиннинг сўзлари билан мақоласини хотималайди.

"Ҳеч ким бир-бирига ишонмайди. Ҳеч ким Оврўпонинг демократиясига ҳам ишонмайди. Ўзбекистонга ҳам ишонмайди. Бугун гаплашадиган одам қолмади. Одамлар тинчгина юришни исташади. Бизни ҳаётимизни ҳеч ким яхшилаб бермайди, ҳаммасини ўзимиз қилишимиз керак”.

New York Times газетаси эса ўз мақоласини “Ўзбекистоннинг унутилган қирғини” деб номлаган.

2005 йилнинг 13 май куни Ўзбекистон ҳарбий кучлари Андижондаги йирик норозилик намойишига тўпланганларга қарши ўт очди, юзлаб одамларни ўлдирди, деб бошланади бу мақола.

“Ўзбекистон мулозимлари Андижон қирғини ҳақида сизнинг билишингизни истамайди. Ҳукуматга кўра, жиноятчи бизнесменлар террорчилар бошчилигида қамоқдан қочишган ва бу амалга ҳарбий жавоб берилиши керак бўлган. Натижада фақат 187 киши ўлган ва уларнинг бари қуролланган исёнкорлар эди”.

Газета шунингдек, Андижон қирғинидан кейин Ўзбекистон ҳукумати журналистлар, инсон ҳуқуқлари фаолларини қувиб солганини ёзади.

“Андижон қирғини Ўзбекистон учун давлатнинг иши эди ва ҳукумат мавқеисидан бошқача қараш, фикрлаш ва ё танқид учун жазо қамоқхона ёки ҳижрат эди”.

Аммо New York Times га кўра, Ўзбекистон ҳукумати учун бир муаммо бор эди. Бу Интернет эди.

Аксарият журналистлар, фаоллар мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлди.

Улар Оврўпо ва Америкада интернет билан “қуроллангандилар”.

Ҳижратдаги фаоллар энди курашни интернетга кўчирдилар, Андижон қирғини ҳақида очиқ ёзишар ва фикр алмашишарди.

Гувоҳлар кўрганларини ҳикоя қилишди, суратлар тарқатишди, шоирлар Андижон қирғинига бағишлаб шеър ёздилар.

Бобурнинг “Андижоним қолди менинг” деган сатри учқур иборага айланди, деб ёзади мақола муаллифи Сара Кендзиор.

Орадан ўн йил ўтди.

Андижондан нима қолди, деб сўрайди журналист.

Image caption FP нашри Андижон қирғини ҳақида

“ Ҳеч нарса ўзгармади. Президент Каримов яна қайта сайланди. 2007 ва 2015 йилда кечган сайловлар халқаро кузатувчилар томонидан адолатсиз деб тамғаланди. Андижон воқеаларига доир халқаро текширув ўтказишга доир чақириқлар яна рад этилди. Режим мухолифлари ичкарида ҳам, ташқарида ҳам тазйиқу таъқиб остида...2007 йилда журналист Алишер Соипов Қирғизистонда ўлдириб кетилди. 2012 йилда Обидхон қори Назаровнинг жонига Швецияда қасд қилинди”.

Foreign policy нашри ҳам Ўзбекистонни Андижон қирғини юзасидан аёвсиз танқид қилади.

“Ўзбекистоннинг ҳалокатли ўн йили” деб номланган мақолада бундан ўн йил аввал Андижон қирғини дунёни ларзага солган бўлса ҳам, президент Каримов ҳамон қудратда қолаётгани ва шафқатсизлик бобида ўзгармаганини урғулайди.

Аммо нашрга кўра, Андижон қирғини дунё раҳбарлари шармандаларча унутган ва ё кўз юмган бошқа фожеалар рўйхатидан жой олди.

Андижон қирғини юзасидан адолат қарор топганининг сабабларидан бири ҳам ана шу – дунёнинг бефарқлиги.

23 тадбиркор устидан ноҳақ ҳукм ўқилар экан, нашрга кўра, уларнинг тарафдорлари қамоқхонага ҳужум қилишади.

Эртасига эса Бобур майдонига минглаб норози андижонликлар йиғилишади.

Иш талаб қилинади, порахўрлик ва ҳукумат бедодлигидан арз этилади.

Аксарият президент Каримовни кутади.

Аммо ҳарбийлар асосан тинч намойишчиларга қарши ўт очади.

Нашр хунрезлик тафсилотларига тўхталар экан, Ўзбекистон ҳукумати Андижон қирғинидан кейин “сувдан қуруқ чиқишига” сабаб манфаатларнинг қадриятлардан устун келиши деб ёзади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ