Би-би-сига айтаман: 'Хонтахта киночи'ларга ҳам осон тутманг!

Би-би-сида эълон қилинган "Менинг қиссамни бир кино қилинг!"деб сарлавҳаланган мақоладан илҳомланган ҳолда киночиларимиз миллий сериал яратишлари учун камина бир зўр сценарий ёзишни ният қилди.

Лекин бу ният ниятлигича қолди, ундан у ёғига ўтилмади. Сабаби, сценарийни ўтказиш учун давлат телерадио компанияси тарафидан қўйиладиган талабларни ўрганиб чиқдим. Ва бу талабларни бажаришнинг ҳеч қандай имкони йўқлигига тўлиқ амин бўлдим.

Талаблар эса қуйидагилардан иборат:

" - юртимизда мустақиллик йилларида қўлга киритилган ютуқлар, ижтимоий-маърифий жабҳаларда рўй бераётган улуғвор ўзгаришлар;

- миллатимизга хос эзгу фазилатлар, шунингдек, чуқур тарихий илдизларга эга бўлган қадриятларимиз улуғворлиги;

- ёшларимизнинг ҳар томонлама баркамол бўлиб улғайишлари, маънавий-маърифий эҳтиёжларини қондиришлари, ватанпарварлик ва халқпарварлик тушунчаларини, умумбашарий ва миллий қадриятлар мазмун-моҳиятини теран англаб етиши учун хизмат қиладиган ибратли ҳаётий сабоқлар;

- азалдан халқимиз учун муқаддас бўлмиш оиланинг ҳаётимиз таянчи ва суянчи, жамиятимизнинг ҳал қилувчи асосий бўғини эканлиги;

- ўзбек халқига хос бўлган кексаларни эъзозлаш, уларнинг ҳурматини жойига қўйиш сингари эзгу қадриятлар, шунингдек нуроний отахон ва онахонларнинг ибратли ҳаёти акс эттирилган бўлиши;

- она Ватан ва халқ манфаатини ўз манфаатидан устун қўйган, адолат ва эзгуликни мардона ҳимоя қилаётган, ёвузлик ва хиёнатга муросасиз, эътиқоди мустаҳкам, қатъиятли ва ғурури баланд замондошлар образи ўз ифодасини топиши лозим.

Шунингдек, ўзининг эзгу фазилатлари билан кўпчиликка ибрат бўлаётган замондошларимиз сиймоси акс эттирилган ҳамда бой маданий-тарихий меросимиз..."

Хуллас, ҳеч қандай танқидга ўрин йўқ. Фақат, мақта ва олқишла...

Кино ҳаётий бўлиши учун албатта зиддиятлар, келишмовчиликлар талаб қилинади. Зиддиятлар асосан қаерда содир бўлади - давлат идораларида сарсон бўлаётган оддий фуқаро ва коррупция ботқоғига ботган мутассади орасида. Лекин буни сценарийга киритсанг, аниқ ўтмайди цензура бўлмиш "бадиий кенгаш"дан. Шунинг учун, синалган битта, аниқ йўл бу - эр-хотин ёки қайнона-келин можароси. Бу мавзу ҳам чекланган, чунки қайсидир учи билан барибир сиёсатга аралашиб қолади. Масалан, дейлик, оиладаги жанжал асосан етишмовчиликлардан келиб чиқади. Лекин мамлакатдаги "бунёдкорлик" ишларини мадҳ этаётган филмга қандай қилиб ишсиз юрган эрни ёки "қозони ҳеч ҳам оқармаетган" лицензиясиз киракашни аралаштириш мумкин?!

Гапирса гап кўп... Охири йўқ...

Лекин изланишим зое кетмади. Ўзим учун бир нарсани англадим. Ҳозирда қалам уриб ижод қилиб, қанақадир бўлса ҳам "хонтахта сериалларни" суратга олаётганларга ҳам осон тутиб бўлмас экан.

Яна сценарий ёзмасликка қарор қилганимнимнинг бошқа сабаби мана бунда:

"Танловга тақдим этиладиган адабий сценарийлар ва кенгайтирилган синопсислар замонавий талаблар даражасида, юқори профессионал маҳорат билан ёзилиши, уларда миллий руҳ ва миллий колорит, зиддиятлар, психологик ҳолатлар ҳаққоний ва тўлақонли акс эттирилиши, персонажлар тили жонли ва тўкис бўлиши, сюжет, композицион қурилишда, драматизм ва воқеа-ҳодисалар динамикасида мувозанат сақланиши лозим."

Энг асосийси шунча меҳнатингдан кейин "...адабий сценарийлар тақриз қилинмайди ва муаллифларга қайтарилмайди" дейилган.

Агарда, шу талабларга қанақадир мўъжиза юз бериб, жавоб бера олиб, сценарийинг ўтиб кетса ҳам, уни сенинг номингдан чиқиши амру-маҳол бўлса керак. Бунинг йўли осон, қаҳрамонларнинг номи, воқеа содир бўлаетган жой ва вақти, баъзи бир унсурларига сал-пал ўзгартириш киритилади. Шуни ўзи кифоя қилади. Кейин қайси идорада бу сенинг қаламингга мансуб эканлигини исботлаб ўз муаллифлик ҳуқуқларингни ҳимоя қиласан?

Шу сўнгги мисрани ёза туриб, "шунинг ўзи зўр сценарий эмасми" деган хаёл келди. Унинг орасида мамлакатдаги судлардаги ислоҳотларни мадҳ қилиб ўтса бўлади. Қолаверса, Ўзбекистонда фақат керак бўлгандагина ишлайдиган "муаллифлик ҳуқуқлари" қонунини ёқлаб чиқиш ҳам мумкин. Сиз нима дейсиз?

Қўлбола драматург-сценарийчи.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ