Ўзбек ҳукумати "қуллик"дан воз кечишни истамаётир

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари ҳимоячилари альянси суратларни яширин равишда олганини айтади

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари ҳимоячилари альянсининг хабар беришича, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон бўйлаб шифокорлар, мактаб, коллеж ўқитувчилари, боғча тарбиячилари ва бошқа муассасалар ходимлари мажбурий тарзда пахта далаларига олиб чиқилмоқдалар.

Хабарга кўра, шифокорлар ва ўқитувчиларнинг ғўза ўташга оммавий тарзда юборилиши вилоят ва шаҳарлар ҳокимлари томонидан шахсан ташкиллаштирилмоқда.

Инсон Ҳуқуқлари ҳимоячилари альянсига кўра, бу Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган конвенцияларини 2014-2016 йилларда амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамаси қарорига зиддир.

Ўтган йилги Халқаро Қулдорлик Кўрсаткичида Ўзбекистон - қулдорликни қўллайдиган олди давлатлардан бириси сифатида қайд қилинган.

Айниқса, пахта мавсуми қизийдиган куз ойлари Ўзбек ҳукумати қулдек меҳнатни мажбуран жорий этиш бобида Африкадаги Мавританиядан кейин дунёнинг иккинчи энг ашаддий қонунбузари дея тилга олинганди.

Биз ташкилот раҳбари Елена Урлаевага боғландик ва бу маълумотларни қандай қўлга киритгани хусусида сўрадик:

Елена Урлаева: Ҳозир мажбурий ўтоққа олиб чиқиш билан боғлиқ Қашқадарё вилояти, Тошкент вилояти ва Қорақалпоғистондаги вазиятни кузатаяпмиз.

Би-би-си: Одамлар ғўзани ўтоқ қилишга қачондан буён сафарбар қилинаяптилар?

Елена Урлаева: Бу турли минтақаларда турлича. Лекин, асосан 12 майдан бошлаб оммавий ўтоққа олиб чиқиш бошланган.

Би-би-си: Сафарбар қилинаётганлар фақат тиббиёт муассасалари ходимлари ва ўқитувчиларми ёки бошқа давлат идора-муассасаларининг ходимлари ҳамми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Елена Урлаева: Бошқа давлат идораларининг ходимлари ҳам ўтоққа олиб чиқилаяптилар. Булар - сув таъминоти идораси ходимлари, банкларда ишлайдиганлар, олий ўқув юртларининг талабалари. Манқа Қорақалпоғистонда кўп сондаги талабалар далага олиб чиқилгани ҳақида ишончли хабар олдик. Хуллас, Ўзбекистонда бугун мажбурий меҳнатни бартараф этишга қаратилган миллий режа қабул қилинганига қарамасдан кенг миқёсдаги мажбурий оммавий сафарбарликнинг гувоҳи бўлаяпмиз.

Би-би-си: Сизнингча, нега бугун ҳам мажбурий меҳнат давом этаяпти, раҳбарлар бундан воз кечишни хоҳламаяптилар?

Елена Урлаева: Бунинг давом этаётгани сабаби, бизнинг давлатимиз эркин меҳнат муносабатларини ўрнатишни истамаётганида, фермерларга, касаба уюшмаларига эркинлик беришни хоҳламаётганида, эркин тадбиркорликка йўлни очишни хоҳламаётганидадир. Ҳеч нарсани ўзгартиришни истамаяптилар, ҳамма нарсанинг назоратини яна ўз қўлларида ушлаб туришни, яна эски тизимдан фойдаланишни истаяптилар. Одамларни қул ўрнида эксплуатация қилиш арзонга тушади, бундан улар фойда кўрадилар. Оддий одамларга эса бу фақат зиён келтираяпти.

Би-би-си: Ўтоққа жалб қилинган кишиларга қандай шароит яратилган?

Елена Урлаева: Мен шахсан ўзим далалар бўйлаб юрдим, бир неча туманларни бориб кўрдим, одамлар билан учрашдим. Одамлар, асосан, шикоят қиладилар. Уларни жуда эрта далага олиб чиқишади. Мисол учун Тўйтепа туман соғлиқни сақлаш тизими ходимларини уларнинг дам олиш кунлари далага олиб чиқаяптилар. Улар смена бўйича ишлайдилар. Дам олиш куни келганда эса, улар чопиққа чиқишлари шарт. Улар дам олишсиз ишлашга мажбур қилинаяптилар. Хулоса қилиб айтганда, улар дам олмаяптилар ҳисоби. Умуман, бундан ҳеч ким хурсанд эмас. Ҳамма ўтоқдан халос бўлишни истайди. Янги йўл тумани 30-мактаб ўқитувчилари шикоят қилишди. Улар, яна бир қанча тиббиёт ходимлари ўтоққа бормаслик учун пул беришяпти экан. Жойларда ўтоққа сафарбарлик ҳокимиятлар томонидан ташкиллаштирилаётганига гувоҳ бўлдик. Масалан, Қибрай, Ғазалкент, Чирчиқ, Олмалиқда катта сондаги шифокорлар ана шу ташкил қилинган автобусларда далаларга олиб кетилмоқда. У ерларда журналистга ўхшаш одамлар пайдо бўлса, милиция чақирилади. Биз баъзан қўлимизга кетмон олиб, бошимизда рўмол боғлаб, ўзимизни худди далага ишлаш учун келгандек тутяпмиз. Яширин равишда суратларга олмоқдамиз. Вазиятни фавқулодда деб айтиш мумкин.

Би-би-си: Уларга бу иш учун пул тўлашадими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Елена Урлаева: Йўқ, йўқ, улар бу ишлар учун пул тўлашмайди. Чунки, ўтоқ иш куни ҳисобида бажарилган деб кўрилади. Куни кеча мен Олмалиқлик шифокорлар билан гаплашдим. Улар кун бўйи кетмонда ишлашлари, эртаси куни кичкина гўдакларга шу дағал қўллари билан укол қилишлари кераклигини айтишади. Шифокорларнинг қўллари дағал эмас, нозик бўлиши керак. Бу албатта, таҳқирлаш. Одамлар жуда норози.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ