"Ўзбекистонда конвертация йўқлигидан манфаатдор гуруҳлар бор"

Image caption Кутилган кун келдими? Бу сурат ижтимоий тармоқларда тарқалмоқда

Ўзбекистон қора бозорида доллар беш минг сўмга чиқиб кетган. Айни дамга келиб доллар нархи бироз ташлаган бўлса-да, кузатувчилар унинг баҳоси 5,5 минг сўмга чиқишини тахмин қилишмоқда.

Ўзбекистонда эркин конвертациянинг йўқлиги қора бозор шаклланишига асосий сабаб қилиб кўрсатилади.

17 май куни Ўзбекистон қора бозорида ҳақиқий қора кун бўлгани айтилмоқда.

Доллар нархи бир вақтнинг ўзида 500 сўмга қимматлаб 5000 сўмга кўтарилиб кетди.

Доллар ортиши ортидан шу оннинг ўзидаёқ четдан келадиган товарларнинг нархи кўтарилди.

Ижтимоий тармоқларда фикр қолдирган фойдаланувчи музлатгич сотиб олганини, доллар кўтарилиши ортидан 185 минг сўм қимматига сарфлашига тўғри келганини ёзди.

Журналист Санжар Саид долларнинг ортишига эътибор қаратиб блогпост ёзди.

Блоггернинг изланишига кўра, Ўзбекистонда конвертация ёпилган 1994 йилдан бошлаб давлат курси ва қора бозор курси ўртасида фарқ икки баробар бўлиб келган.

“1995 йилнинг 14 июлида долларнинг расмий курси 26 сўм 50 тийин бўлган, «кўмир бозор»да эса 1 шайтонқоғоз 47-49 сўм атрофида баҳоланган”, - дейди блоггер.

Унга кўра, доллар 20 йилнинг ичида қарийб 100 баробарга қимматлаган

Ўзбекистон долларнинг давлат, биржа ва қора бозор курси мавжуд бўлган кам сонли давлатлар сирасига киради.

90 йилларда иқтисодий жиҳатдан қийин вазиятни бошдан кечираётган ҳукумат долларнинг эркин айирбошланишини чеклаб қўйди.

Ўша вақтида бундай амал машаққатли меҳнат эвазига қўлга киритилаётган хорижий валютанинг четга осон йўллар билан чиқиб кетмаслиги олдини олиш билан изоҳланди.

Image caption Ўзбекистонда коррупциядан холи бўлган соҳа борлигига ишонадиганлар кам

Ҳукуматдагиларга кўра, давлат курсидаги доллар мамлакатга стратегик муҳим товарлар олиб кирувчи маълум одамларгагина берилиши иқтисодни қутқариб қолишга кафил бўлади.

Лекин бугунги кунда ушбу имтиёздан бир гуруҳ одамларга катта фойда бўлмоқда, дейди Тошкентдан мустақил журналист Сергей Ежков.

“Менимча, бундан фойдаланаётган бир гуруҳ одамларга имтиёз бўлмоқда. Бундан ташқари маълум барқарорлик ва иқтисодий ўсишни таъминлаш учун мамлакат иқтисоди учун ҳам фойда бўлмоқда”, - дейди Сергей Ежков.

Ушбу имтиёздан фойдаланаётган бир гуруҳ одамлар 20 йилдан бери Ўзбекистонга бирламчи озиқ овқат маҳсулотларини олиб кириш билан шуғулланади.

Оддий шакарни олиб келган тадбиркор, уни маҳаллий бозорда сўмда сотади. Бироқ ушбу маҳсулот стратегик аҳамиятга эга бўлгани учун, келган сўмларни давлат курсида долларга айлантиради.

Лекин ушбу маҳсулотларнинг нархлари монополия сабаб бошқа давлатлар билан солиштирганда қиммат.

Натижада бундай имтиёзга эга бўлган бир гуруҳ одамларнинг 20 йил ичида жуда катта бойликка эга бўлган, дейди Тошкентдан Жаҳонгир Шосалимов.

“Ўзбекистон ҳукумати пул эмиссия сиёсати орқали қонунийлаштирилган ўғрилик, қонунийлаштирилган босқинчилик сиёсати олиб боряпти. 1994 йилнинг 1 июнида ўзбек сўми муомалага киритилган бўлса, қарийб шунча йилдан бери конвертация йўқ”, - дейди Жаҳонгир Шосалимов.

Валютанинг эркин конвертация қилиниши бозор иқтисодиётига қўйилган жиддий қадамлиги таъкидланади. Бироқ шўроларнинг иқтисод юритиш услубини мерос қилиб олган Ўзбекистон эркин конвертация борасида жиддий ўйлаб кўрмаяпти.

Бир вақтлар валюта айирбошлашнинг чекланганлиги мамлакатда иқтисодий барқарорликни ушлаб туриш учун амалга оширилган бўлса, бугунги кунга келиб ушбу амал ҳукуматга яқин доиранинг енгил пул топиш манбаъига айланди.

Журналист Алексей Волосевич имтиёзли доллар олишга имкони бор қатлам ҳаводан пул қилаётганини айтади.

“Ўзбекистонда бунинг ҳаммаси бир-бири билан қариндошлик ва қуда-андачилик билан боғланган ҳокимият тепасида турган шахсларга бориб тақалади. Уларда арзон доллар олиш имконияти бор ва бирортаси ҳам вазиятнинг ўзгаришига ён босмайди”, - дейди Алексей Волосевич.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ