Ўзбек-Қирғиз чегарасида яна бир нохуш ҳодиса

Минтақадан олинган хабарларга кўра, ўзаро чегара яқинида кузатилган сўнгги можарода ҳам ўзбекистонлик чегарачилар ўт очишга мажбур бўлишган ва икки қирғиз фуқаросини яралашган.

Ҳар икки томон масъуллари юз берган ҳодисадан огоҳлантирилгани ва унинг сабабларини ўрганиш ҳаракатида эканликлари айтилмоқда.

Қирғизистонлик масъулларга кўра, воқеа Ўзбекистон орқали ўтувчи транзит йўлида рўй берган.

Енгил машинада бўлган Қирғизистон фуқароси Қадамжойдан Қизил-Қия шаҳрига кетишда автомашиналарнинг транзит йўлида тўхташларини маън этувчи икки томонлама келишувга амал қилмаган.

Йўлнинг Ўзбекистоннинг Фарғона туманига қарашли Каптархона аҳоли пункти ҳудудидан ўтувчи қисмида тўхтаб, Қирғизистон фуқароси бўлган икки аёлни ўз машинасига олган.

Бу ҳолатга гувоҳ бўлган ўзбекистонлик чегарачилар унинг машинасини тўхтатишга уринишган, аммо қирғизистонлик ҳайдовчи уларнинг буйруқларига амал қилмай, ҳаракатланишда давом этган.

Аён бўлишича, Қирғизистон фуқаросининг бу каби хатти-ҳаракати ортидан, ўзбекистонлик чегарачилар ўточар қуролларини қўллашга мажбур бўлишган.

Ҳайдовчи ва машинада бўлган йўловчилардан бирини яралашган.

Аммо, шунга қарамай, машина рулида бўлган ҳайдовчи Қирғизистонга қарашли “Айрибас” чегара назорат пунктига етиб олган ва ўша ерда уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган.

Қирғизистондан олинган хабарларга кўра, икковлон ҳозир Қизил-Қия шаҳридаги касалхоналардан бирида ўз муолажаларини давом эттиришмоқда.

Автомашина ҳайдовчисининг Боткен вилоятининг Қадамжой туманилик, қолган икки йўловчи аёлнинг Ўш вилоятилик эканликлари айтилади.

Аллақачон Ўзбекистон билан ўзаро чегара яқинида юз берган ушбу можаро юзасидан тергов ишлари бошлангани, унга ойдинлик киритиш учун ҳар икки томон чегара хизмати вакилларининг учрашувлари режаланаётганига оид хабарлар бор.

Ўзбекистоннинг қатор интернет нашрлари тарқатган хабарларга кўра, Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик хизмати юз берган ҳодиса юзасидан кечанинг ўзида изоҳ берган.

Давлат Чегарасини Қўриқлаш қўмитаси матбуот хизматининг маълумотларига кўра, “Ауди” русумидаги автомобиль чегараолди ҳудудида Қувасой чегара отрядининг наряди томонидан аниқланган ва машинага турли маҳсулот-моддий қимматликлар ортилганлик аломати бўлган.

Автомобиль иккита нотаниш йўловчини олиб, Қирғизистон томонига йўл олган. Ҳайдовчиси эса, тўхташ ҳақида қонуний талабларга бўйсунмаган.

Бунинг ортидан, ҳайдовчи ўзини тўхтатиш учун ўт очишга мажбур бўлган ҳарбий хизматчиларни босиб кетишга уринган.

Уларни ушлаш саъй-ҳаракатларига қарамай, қоидабузарлар Қирғизистон ҳудудига ўтиб кетишган, дейилади Ўзбекистон томони хабарларида.

Бу – охирги бир ҳафтанинг ичида юз бераётган шунга ўхшаш иккинчи ҳолатдир.

Шу йилнинг 12 май куни Фарғона вилоятининг Сўх тумани Ҳушёр қишлоғида ҳам қирғизистонлик қоидабузарларни тўхтатиш жараёнида ўзбекистонлик чегарачилар ўт очишга мажбур бўлишган.

Натижада давлат чегарасини бузган бир Қирғизистон фуқароси ҳаётдан кўз юмган, яна бир нафари қўлга олиниб, эртасига қўйиб юборилганди.

Хабарларда уларнинг 15 тоннага тенг қишлоқ хўжалик маҳсулотларини Қирғизистонга олиб чиқиб кетиш ҳаракатида бўлганликлари айтилганди.

Минтақадаги мухбирларимизга кўра, аксарият чегара пунктларининг ёпиқ экани боис, сўнгги йилларда ҳар икки томондан, айниқса, озиқ-овқат маҳсулотлари контрабандаси кучайган.

Ўзаро чегарага яқин қишлоқларда эса, чорва молларини ўғирлаб, бир давлат ҳудудидан иккинчисига олиб ўтиб, сотиш ҳоллари ортган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ