Ҳар ҳасратнинг таскини бор...

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Куни кеча дунёнинг қатор бурчакларида Қрим татарлари депортациясининг 71 йиллигига бағишланган маросимлар ўтказилди. Тарихий манбаларга кўра, 1944 йилнинг 11 майида Иосиф Сталин Қрим татарларини депортация қилиш фармонига қўл қўйган ва 18 май куни бу фармоннинг ижроси бошланган. Сургун вақтидаги қаттиқ азиятдан минглаб одамлар ҳалок бўлган. Шу боис Қрим татарлари бу кунни мотам куни сифатида хотирлайдилар.

Бу кўҳна дунё тарихида муҳорабалар, сургунлар, адолатсизликлар кўп бўлган ва бугун ҳам давом этмоқда... Ҳар гал ғурури, қадри, дини оёқости қилинган, топталган, ирқи ё миллати камситилган халқларнинг аянчли тақдирига доир мақолаларни, хабарларни ўқиганимда, кинолар ё видеотасвирларни кўрганимда, негадир бўғзим тугун-тугун бўлади. Булут бўлиб, ёғолмаган ёмғир каби тўлади юрагим...

Бугун ҳам шундай бўлди... Қардош Қрим татарларининг тарихга муҳрланган даҳшатли кечмишлари мени бир инсон ва бир ижодкор сифатида чин юракдан қайғуга чўмдирди. Ўтганлар ҳаққига дуо айладим. Сўнг узоқ вақт ўйга толиб қолдим. Ботиний ҳасратларим зоҳиримни-да ўраб олди...

Ватандан кетиш, Ватандан ҳайдалиш, Ватанни тарк этишга мажбур қолиш бугун юзлаб, минглаб ўзбекларнинг-да манглайига ёзилган “қора хат” бўлаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Қўлига шундай аччиқ қисмат чиптаси тутилганларнинг бири ўзимман (оилам билан биргаликда)... Шу боис бугун Ватансизлик дардини ҳар қачонгидан-да чуқурроқ англайман...

Халқларимизнинг олис кечмишларидан оғриниб, қайғуларини сатрларга муҳрлаётган мунавварларимиз айни дамда ўз миллатининг ҳозирги муаммолари, дардлари, хусусан, кечагина ёнма-ён ишлаётган ҳамкасблари ёки ёнма-ён, жилла қурса, бир маҳалла ёки бир шаҳарда яшаб турган юртдошларининг нима учун тинч, осуда замонда, расман мустақил деб эълон қилинганига чорак аср бўлган мамлакатда чорасиз қолиб, Ватансизлик қисмати сари юз бураётганликларини ёзиш, таҳлил қилиш у ёқда турсин, ҳатто буни овоз чиқариб гапиришга-да ҳайиқишларини жуда яхши тушунаман... Айниқса, энг яқин деб билганинг, ўн беш-йигирма йиллик дўстинг ҳам ҳозиргина сен билан “ҳасратлашиб”, ичингдагини билгач, ярим соат сўнгра тегишли идора вакилларини сенинг дунёқарашингдан “воқиф қилиб қўйиш”и, истамасанг-да, исталган бир онда ёп-ёлғизланиб қолишинг, халқпарварлигинг, ватанпарварлигинг, куюнчаклигинг эвазига сиёсий айбловларга муносиб кўрилишинг эҳтимолдан у қадар узоқ эмаслигини аниқ билганингдан кейин айни муҳитда Ватан ичкарисида туриб бу ҳақда оғиз очиш чиндан мушкул...

Дардингни ичга ютиб, юрак ҳовучлаб яшаш нақадар оғир туюлмасин, фақат бир таскин бор: “Бу кунлар ҳам ўтар-кетар...”

Фото муаллифлик ҳуқуқи Umida Akhmedova

Зотан, Эгам ҳеч бир мусибатни таскинсиз яратмаган...

Ҳар ҳасратнинг таскини бордир...

Шу маънода Қрим татарларининг-да бир таскини бор: Уларни ёппасига Ватанидан жудо қилганлар ўз ичидан чиққан “ола”лар эмас, миллат хоинлари эмас, балки Сталин сиёсати, унинг шафқатсиз тузумидир. Татар қардошлар бир-бирларига хиёнат этмадилар. Шу боис бўлса керак, дунёнинг қаерида яшамасинлар, бир-бирлари билан яқин алоқада, бир-бирларига муҳаббатли ва ишончлидирлар. Шунинг ўзи бас!...

Ўзбекларнинг айни замондаги ҳижрати билан Қрим татарларининг ўтган асрда юз берган ҳижрати ўртасидаги аламли тафовут шундаки (ҳужжатларга кўра, уларнинг сони 183 минг нафардан ошиқроқ бўлган), қардошларимиз шўро “даҳо”си Сталин фармони билан мажбуран ўз Ватанидан ҳайдаб чиқарилган, бир кунда ёппасига юк вагонларига чиқарилиб, сургун қилинган бўлса, мустақил мамлакат – Ўзбекистоннинг кўплаб фуқаролари йилларки, бирин-кетин, якка-якка тартибда гоҳо ёлғиз, гоҳо оилалари билан биргаликда “ўз ихтиёрлари билан” ихтиёрсиз равишда Ватандан кетишга мажбур бўлмоқда. Ундан ҳам аламлиси шуки, аксар ҳолларда ҳақиқатни, адолатни қарор топтириш учун курашгани ортидан бир гуруҳ коррупцион тўдаларнинг таъқиб-тазйиқлари остида қолиб, она юртни тарк этишга мажбур бўлганлар “Ватан хоини”ю, юрт юкига елка тутганларни бадар кетишга мажбур қилган, халқ мулкини талон-тарож қилиб, фуқаролар ҳақ-ҳуқуқини оёқости қилаётганлар эса, “ватанпарвар” дея талқин этилаётир.

Нега?

Чунки, бу “ватанпарварлар” бугун от устида, амал устида – курсида, аксарияти ҳукумат тепасигача чиқиб борган, сал пастроқдагиларининг ҳам ҳукумат тепасида ўтирганлар орасидан “криша”лари бор. Хуллас, улар ариқ бошидалар. Сувни истаган томонларига бура оладилар. Сиёсатни ҳам...

Аммо бизнинг-да ўксик юрагимизда бир буюк таскин бор: Шукр, Ватан буткул эгасиз, ҳувиллаб қолмади-ку... Муҳожиротга юз тутган юзлаб, минглаб жабрдийдаларнинг яқинлари, жигарлари, дўстлари, қадрдон қўни-қўшнилари, хайрихоҳ ва ҳаммаслаклари, қавму-қариндошлари ота маконни маскан тутиб яшаяптилар-ку – улар миллионларни ташкил этадилар, ахир?! Бугун жамиятда юз бераётган дарзларни ва бу дарзларнинг оғриқларини бор бўйи юракларида ҳис қилаётган, бу жараёнлар кўламига ҳақиқат кўзи билан боқаётган, англаётган эсалар-да, сукут сақлашга мажбур бўлаётган зиёлиларимиз борки, улар қалбининг мунавварлиги, халқ, Ватан қайғусининг ёруғ шуълалари олис юлдузлар каби умидимизни нурлантириб туради...

Зеро, биламизки, бу сукунат абадий давом этмаяжак! Чунки, донишманд ТАРИХнинг тажрибаси шундоқ: у баъзан оқ ва қорани аниқ-тиниқ ажратиб олиши учун маълум муддат сукут сақлаб туриши мумкин, аммо ҳеч қачон ёлғон сўзламайди! Оқил ТАРИХнинг сукутидан фойдаланиб, от чоптирганлар, мардлар андиша қилиб жим турганида, “мен енгдим!” деб бақирганларни, шубҳасиз, фош этади!

Бу мавзуда батафсилроқ