Би-би-сига айтаман: “Оиламни Ўзбекистондан чиқаришмаяпти...”

Image caption Султонбек Саудияда оиласини кутмоқда

Би-би-си Ўзбек хизмати текширишларига кўра, сўнгги пайтлар Ўзбекистон вилоятларида сунъий тўсиқ воситаси сифатида қўлланиладиган чиқиш визасига доир вазият устидан яна назорат кучайтирилган.

Вилоятларда чиқиш визаси учун мурожаат қилганлар асоссиз суҳбатларга тортилаётгани, айрим ҳолатларда бирор бир изоҳ берилмасдан виза берилмаётгани ҳақида хабарлар бор.

Собиқ хокимият ходимларидан бирининг айтишича, маҳаллий мулозимларга чет элга чиқаётганларни назорат этиш бўйича Тошкентдан берилаётган буйруқ ва айни масалада ортиқча ваҳима қилиш аксариятни чўчитиб қўйган.

Ўз мансаби ва рўзғори ташвишида бўлган ва аниқ бир дастурамал берилмаган вилоятдаги мулозимлар эса, хорижга чиқиш масаласида рад жавоб беришни осонроқ деб билишади.

Хоразмлик Султонбек Султонов ҳам Би-би-си Ўзбек хизматига мурожаат қилар экан, бир неча йиллардан бери ўз рафиқаси ва фарзандлари учун чиқиш визаси ололмаётганидан арз қилган.

Ҳозирда Саудия Арабистонининг Мадина шаҳридаги университетда таълим олаётган Султонбекнинг ёзишича, унинг рафиқаси ва фарзандлари Хоразм вилоят ички ишлар бошқармасига икки бор чиқиш визаси олиш учун ариза топширган.

Аммо ҳеч бир изоҳсиз унинг оиласига чиқиш визаси рад этилган.

Сўнгги бор унинг оиласи ариза топширганидан бери эса беш ой ўтган экан.

“Ҳукумат халқдан, халқ ҳукуматдан қўрқади...”

Image caption Султонбек оиласига берилган рад жавоби

Чиқиш визаси одатда инсон ҳуқуқлари фаоллари, мустақил журналистлар ва диндорларнинг ҳаракатларини чеклаш учун восита сифатида қўлланилади.

Тошкентлик мустақил журналист эса, мустақиллик йилларида айнан чиқиш визаси билан боғлиқ коррупция туфайли юзлаб мулозимлар анча бойиб кетишганини айтади.

“Ҳеч ким бу соҳа ҳукумат учун ҳам сиёсий ва ҳам иқтисодий манфаат келтиришига шубҳа қилмайди. Аммо энг ёмони вилоятдаги майдароқ мулозимларнинг бир-иккитаси ишдан кетганидан кейин ҳозир чиқиш визасини олиш яна қийинлашди. Ҳаммаси ўзидан қўрқади. Авваллари қаерга чиқсангиз ҳам “туризм, Туркия” деб ёзардингиз, ҳозир қайтага Туркия десангиз, соатлаб сўроқ қилишади”, дейди.

“Аслида халқ ҳукуматдан, ҳукумат эса халқдан қўрқиб қолган шу кунлар...Қўлидан иш келадиганлар четга кетиши аввалдан бор гап. Шу кунлар оддий намозхонлар ҳам иложини топиб ҳижрат қилмоқда. Маҳалламизда туппа-тузук тужжор йигит бор эди. Ўзи намозга чиқиб юрарди. Университетни тугатган. Хотини ўзбекча қилиб рўмол ўраб юрарди. Икки –уч марта кўрганимда, сал хафа бўлиб гапирганди, кимдир суриштирибди намоз ўқишини... Яқинда у ҳам болаларини билан бир кечада чиқиб кетибди”, дейди бошқа бир журналист.

Шўролар тузуми ҳақида деярли ҳар чиқишида ёзғириб турадиган президент Ислом Каримов, кузатувчиларга кўра, ўз мамлакатида Шўроларнинг энг ёмон анъаналарини сақлаб қолган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype – bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ