Қозоғистон ҳам Ўзбек муҳожирларини 'овлади'

Фото муаллифлик ҳуқуқи 1720.kz

Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот органлари 18 майдан 23 майгача "Нолегал-2015" деб ном берилган махсус амалиёт ўтказишгани ва юзлаб ўзбекистонлик ноқонуний муҳожир қўлга олингани ҳақида хабар тарқатдилар.

Қозоғистон Миллий Хавфсизлик қўмитасининг Чегара хизмати матбуот маркази хабар қилишича, Ўзбекистонга туташ Жанубий Қозоғистон вилояти ҳудудида 428 Ўзбекистон фуқароси миграция қонунларини бузгани учун ушланган.

Сўнг Қозоқ чегарачилари ўзбекистонликларни Сариоғоч туман Ички ишлар бўлими ихтиёрига топширганлар.

Қозоғистон шимолидаги Петропавловск вилоятида эса 600 дан ортиқ хориж фуқароси мамлакатда ноқонуний бўлиб тургани аниқланган.

Уларнинг ҳам аксари ўзбекистонлик ва тожикистонликлар экани ҳақида айтган муҳожирлик полицияси расмийлари.

22 кишини маҳкама Қозоғистондан бадарға қилиш ҳақида қарор чиқарган.

Саккиз чет элликнинг жиноий жавобгарликка тортилгани хабар қилинган.

Мамлакатнинг бошқа вилоятларида ҳам кўп сондаги Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистон миграция қонунларини бузиш айби билан ушлангани, жарималарга тортилгани ҳақида расмийлар маълум қилганлар.

Чет элликларни иш билан таъминлаган икки ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари ҳам жавобгарликка тортилган.

Қозоғистондаги муҳожирлар "ови" ўзбекистонликлар яна ишлаб даромад топиш мақсадида чет мамлакатларга кўп сонда кета бошлаган пайтга тўғри келмоқда.

Ғарб санкцияларининг Россия иқтисодиётига салбий таъсири 2014 йилнинг охирги ойларида сезилди.

Россияда иш билан банд бўлган ўзбекистонликлар ҳар ой ўз оиласига юбориб турган пул жўнатмалари икки баравар камайиб кетганидан шикоят қилдилар.

Ўтган йилнинг ноябр-декабр ойларида кўплаб муҳожирлар Ўзбекистонга қайтишга мажбур бўлдилар, улар Россияда бўлиш иқтисодий жиҳатдан ўзини оқламай қолганини айтдилар.

Бироқ ватанида уч-тўрт ой мобайнида оиласини боқишга етарли даромад йўлларини тополмаган ўзбекистонликлар маоши аввалгидек бўлмаса ҳам Россия афзал, деган қарорга келганлар.

Май ойида Россия Федерал Миграция хизмати яна 200 мингдан ортиқ ўзбекистонлик иш излаб Россия ҳудудига киргани ҳақида маълум қилди.

Россия Миграция хизмати маълумотларига кўра, бу мамлакатдаги ўзбекистонликларнинг сони 2126366 нафарга етиб, МДҲ давлатлари орасида муҳожирлар сони кўплиги бўйича яна етакчиликни қайта қўлга киритган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ