Би-би-сига айтаман: Ўзбекистонда "қора бозор" ўйинлари

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ўзбекистондаги "қора бозор"да доллар нархи тушиши Марказий Банкни саросимага солиб қўйди, десак адашмаймиз.

Ҳар ҳолатда ҳам Бош вазирга юборилган хатнинг оммалашиб кетиши биринчи бор кузатилмоқда ва таъсирдан ҳол бўлмаслиги мумкин эмас.

Охирги ҳафта доллар нархи пасайиб, 4,000-4,100 сўмгача тушиб кетди. Бугунги кунда эса, нарх яна эски ҳолига - 4,900-5,000 сўмга кўтарилиш олдидан қайд этилган 4,300-4,400 сўмга чиқиб олди.

Ғарбнинг Россияга қарши санкциялари аввлига Ўзбекистонга таъсир қилмаётгандек кўринган эди.

Начора, носоғлом бозор муҳити ўзини бир баҳя ўтмасдан кўрсатишга улгурди.

Россиядан "дангаса"лар қайтиши ортидан, ҳатто, Марказий Банкнинг ҳукумат даражасидаги хати, ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб кетди.

Хатда Бош вазир нақд пул йўқлигидан огоҳлантирилганди. Кейинроқ эса, Марказий Банк валюта айирбошлашни камида уч ойга тўхтатиб қўйгани, ўзбек банклари хориждан юборилган долларларни эгасига бермаëтгани ва нақд пул тақчиллиги боис пенсиялар бериш кечиктирилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Бу хабарларга Марказий Банк эътироз билдирди, жумладан, банк миллий валюта айирбошлаш ҳар доимгидек давом этаётганини таъкидлади.

Кейин банк Россия оммавий ахборот воситаларидан Ўзбекистондаги доллар бозори билан боғлиқ хабарни рад қилишни талаб қилди.

Тарқалишда давом этаётган хабарларга қарасак, Миллий Хавфсизлик Хизмати бу масалага қарши чораларини кучайтирган.

Жорий йилнинг феврал ойида 3 миллиондан ортиқ долларни қўшни Қирғизистонга ноқонуний равишда олиб ўтаётган гуруҳ Бекободда қўлга олинган.

Ўтган ҳафта асносида эса, Бекобод туман суди 1.8 миллион доллардан кўп пулни Тожикистонга ноқонуний олиб ўтишга уринган гуруҳ вакилларига 6-7 йиллик қамоқ жазолари тайинлагани, Тошкентлик гуруҳ 33та пластик карточкада 66,000 долларни Туркияга олиб ўтишга уринаётган пайти қўлга олиниб катта миқдорда тавон тўлагани ҳақида хабар қилинди.

Ўзбекистон Сенати охирги йиғинида кўриб чиқилган мавзу эса, мавҳум қолмоқда.

Мавҳумлик шундаки, Сенат йиғилиши натижаларида ҳукуматга умумий қанча зарар бўлганини қайд қилиш унутилган кўринади.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2014 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни муҳокама қилган Сенат давлат ёки хўжалик юритувчи субъектларнинг манфаатларига етказилган 81,5 миллиард сўмлик зарарнинг ўрни қопланишига эришилганини қайд қилган.

Ушбу кўрсаткичлар мамлакатда нақд пул тақчиллигига бевосита боғлиқлиги ҳаммага аён.

Умуман олганда, бундай ҳолатда халқ манфаати учун қилинаётган ишлар муҳим аҳамиятга эга.

"Қора бозор"даги бўлаётган кўз бўямачиликларга яқин орада чек қўйилади деган умиддамиз.

Махсус зирҳли автобуслар билан таъминланган милиция ҳодимлари порадан узоқлашиб, ўз ишларига инсоф билан ёндошишлари, турли ваколатга эга парламент депутатлари ўз ишларини сидқидилдан бажаришлари, ҳукумат ва Марказий Банк "очиқ ўйин" қилишига, албатта, буларнинг устидан назорат кучайтирилиб, Ўзбекистонда яшаш шароитлари бундан-да, яхши бўлишига умид қилиб қоламиз.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ