Тошкентлик муштарий: "Шаҳарлик"ка икки оғиз сўз...

АҚШнинг қисқа вақт ичида буюк даражага етишида асосий рол ўйнаган бир муҳим нарса бу - мамалакатда миллатчилик ёки маҳаллийчилик кенг миқёсда бартараф этилганидир.

Америкада кўп ҳолларда биринчи ўринда одамнинг қаерда туғилганига эмас, балки қўлидан нима иш келишига қараб муомала қилинади.

Қўшма Штатларда ҳам ўзига яраша муаммолари кўп. Лекин, айни шу масалада Америка бошқаларга ўрнак бўла олади.

Инсон туғилиш жойини ўзи танламайди.

Бу - унинг тақдири.

Ўзбекистоннинг ривожига халақит бераётган иллатлардан бири - одамларнинг бир-бирига бўлган муносабати бўлса ажабмас.

Энг катта иллат - таниш-билишчилик ва маҳаллийчилик.

Интернетда қайси мавзуда баҳс бўлишидан қатъий назар, турли фикр эгалари кўп ҳолатларда мавзудан четлашиб, бир-бирларини сўкишга тушадилар.

Луғатларидаги энг кўп қўлланадиган ҳақоратли сўз - "ҳарип". Ўзини шаҳарлик билганлар тақдир тақозаси билан катта шаҳарда туғилиб қолишган, лекин қўлларидан ҳеч иш келмайди.

Шунинг учун, уларнинг фикрига қарши асосли аргумент келтирган шахсни "ҳарип" дейишдан бошқани билмайдилар.

Айтмоқчи бўлганим, халқ, элат ёки бир вилоят одамларининг ҳаммаси бирваракайига ёмон бўлмайди. Уларнинг бир вакили ёмон ва ё оми бўлиши мумкин.

Четдан келганлар орасида ўз ҳамшаҳари қилмаган яхшиликни қиладиган инсонлар кўп.

Қолаверса, шу "шаҳарликман" деб кўкрак керадиганлар учун яна бир гап: шу катта шаҳарингиз ҳам қачондир ташкил топган, унга сизнинг аждодларингиз қаерлардандир келиб ўрнашишган.

Шахсан мен ҳам ўзимни асл "шаҳарлик" деб биламан. Чунки, мен билган камида уч аждодим ҳозир биз яшаётган шаҳарда туғилишган.

Лекин, бу менга ўзимни бошқалардан устун қўйишга ҳеч қандай ҳуқуқ бермайди.

Бундан ташқари, биринчи инсоннинг асл уйи жаннат бўлиб, у ердан бадарға қилинганини ҳисобга олсак, шаҳарлик ёки қишлоқлик бўлиш ҳеч қандай маъно касб этмаслиги аён бўлади.

Инсон ҳамма жойда ҳам қилган амали билан қадрланади. Мен бунда шаҳар ёки қишлоқни эмас, балки дунё-ю охиратни назарда тутяпман...

Бу гап инсонларни турли табақаларга ажратадиганларга ҳам тааллуқли. Яъни, ўзларини хўжа, саид ёки эшонлар деб деб тақдим қилувчиларга…

Бу ерда ана шу "нуфуз"ларини пеш қилиб, дин буюрмаган ишларни қиладиганлар ҳақида сўз боряпти.

Чунки, Исломда ҳам ирқчилик ёки ўзини бошқалардан устун қўйиш, ўзини "оқ суяк"лардан дейиш қораланган.

Оллоҳнинг олдида барча инсон бирдек, фақатгина ўз амали билангина бошқалардан устун бўлиш мумкин.

Барча даврларда ҳам бўлгинчилик кайфияти ва ўзини бошқалардан баланд қўйиш (кибру ҳавога берилиш) инсоният юз тутган муаммоларга сабабчи бўлган ва ривожланишга тўсқинлик қилган.

Токи, маҳаллийчилик ва бир-бирларини туғилган жойларига қараб камситиш бор экан, ўзбекнинг бир буюк миллат, халқ, эл бўлиб бирлашиши мушкул қолаверади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ