Мактаб бўсағасидан кейинги илк чекловлар

Ўзбекистон мактаблари, коллеж ва лицейларида ўқув йили якунланиб, битирувчилар учун анъанавий охирги қўнғироқ янгради.

Ўтган йиллари бўлгани сингари бу йил ҳам битирувчилардан расмий охирги қўнғироқ маросимларидан ташқари оромгоҳларга сайллар, тонгни кутиш ёки турли бошқа оммавий кечаларда қатнашмасликлари ҳақида кўрсатма берилган.

Тошкент шаҳридаги мактаб битирувчиларидан бирининг айтишича, уларнинг мактабида охирги қўнғироқ маросими ўта мароқли ўтказилган.

"Бизнинг мактабимизда йиллар мобайнида охирги қўнғироқни нишонлашнинг ажойиб анъаналари шаклланган. Қўшиқлар айтиб, рақслар тушдик. Болалик орзу-умидларимизнинг тимсоли бўлган кабутар ва турли рангдаги шарларни учирдик. Охирги дарсимизни бизга сабоқ берган илк ўқитувчимиз билан ўтказдик. Ҳаммаси ўта яхши ташкиллаштирилганди ва кўнглимда ҳаётимнинг охирига қадар ўчмайдиган жуда илиқ хотира қолди".

Ушбу битирувчининг айтишича, айни вақтда ўқувчилар расмий маросимлардан бир неча кун олдин 25 май куни оромгоҳ, қаҳвахона ва турли бошқа жамоат ерларига сайлга бормасликлари ҳақида кафолатномага имзо чекканлар.

Ҳар бир синфга кафотлатнома матни ёзилган қоғозни олиб келишган ва ҳар бир ўқувчи ўз номи остига имзо чекиб берган.

Ўқувчиларга бу кафолатноманинг нусхаси берилмаган. Лекин унда ёз ойлари мобайнида сузиш рухсат берилмаган ерлардга чўмилишга ҳам бормайман, дея кафолат бериш ҳам талаб қилинган.

Унинг айтишича, бу чорани у тўғри, деб ҳисоблайди.

"Ўтган йили қайсидир оромгоҳда сайлга чиққан битирувчилар орасида пичоқлашув юз берган экан. Буни эшитиб, мен қўрқдим. Бундай ҳодисага юз келгандан кўра, уйда ўтирган маъқул. Деярли ҳаммамиз ана шу аснода бу чорани қўлладик".

Мактаб ёки колллежни битириш инсоннинг улғайиб, вояга етиши жараёнидани муҳим босқичлардан биридир.

Вояга етган инсон эса мавжуд шароит ва вазиятдан келиб чиқиб, ўзи мустақил қарор бера олиши қобилиятига эга бўлиши керак, дея ҳисобланади.

Лекин ҳар қадамда нима қилиш мумкину нима мумкин эмаслиги мутассил айтиб келинадиган муҳит вояга етиш жараёнига қандай таъсир қилиши мумкин? Бу савол ота-оналарни ўйлантирадими?

Яна тошкентлик бир онанинг айтишича, уларнинг фарзандларига нисбатан қўйилаётган чекловларни у мутлақо тушунади ва қабул қилади.

"Бир неча йил аввал шаҳарнинг истаган ерида бемалол сайр қилиш мумкин эди. Лекин ҳозирда қизларга "илашиш" илинжида бўлган жуда кўплар бор. Шунинг учун ҳамма ўз фарзандини бу каби ҳолатдан сақлашга ҳаракат қилади. Агар авваллари болалар мактабни 10-11 синфдан кейин битиришган бўлса, ҳозирда 9 синфдан кейин битирмоқдалар, ҳали улар мутлақо ёш бола".

Аёлнинг айтишича, ҳатто мактаб ҳудудида ўтказилаётган маросимларда ҳозирда қўшимча қўриқчиларни жалб қилишга ҳаракат қиладилар, чунки ён-атрорфдаги мактаблардан безори болалар келиб, халақит беришга уринган вақтлари ҳам бўлади.

"Совет даврида ҳам бизлар битирув кечаларини ўтказган вақтимиз, ота-оналаримиз кузатиб боришарди. Бу табиий ҳолат".

Лекин вазият қандай бўлмасин, азият чекиши мумкин бўлган томонга чекловлар қўйиш не қадар оқил қадам? Тилга олинган муаммоларни ҳал қилиш йўллари кўрилса ва қаерда бўлмасин аксарият учун маросимлар ўтказиш ва сайл қилиш имконини яратиш йўлида ҳаракат қилингани мақсадга мувофиқ эмасми? - дейишади бошқалар.

"Бу энди масаланинг сиёсий томони бўлса керак. Мен она сифатида фарзандимнинг хавфсиз бўлишини хоҳлайман холос. Туманимизда бирон кор-ҳол рўй берса, милициядан келиб, фарзандларимиз билан суҳбат ўтказишади, маълумот беришади. Мен бунинг учун жуда миннатдорман", - дейди битирувчилардан бирининг онаси.

Назорат усуллари йилдан-йилга кўпайиб бораётган шароитда мустақил қарор олишни ёшлар қандай ўрганадилар?

Аёлнинг айтишича, мустақил қарор олиш ёшига етгунга қадар, дастлаб болалар соғ-омон бўлишлари керак.

Сиз бу каби чеклов ва назорат усуллари ҳақида қандай фикрдасиз?

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio