'Долларни Марказий Банк курсида қаердан сотиб олсам бўлади?'

Image caption Марказий Банк хориж валютасини ўзи белгилаган курсда сотиш мажбуриятини олмайди

Ўзбекистон Марказий Банкининг долларнинг қора бозордаги курси кескин кўтарилиб кетгани ҳақида "Россия 24" канали хабари юзасидан раддия талаби ижтимой тармоқларда ўзбекистонликларнинг заҳарханда изоҳларига сабаб бўлган.

Ўзбек интернет фойдаланувчилари Газета.уз нашрининг хабари остида, таъбир жоиз бўлса, Ўзбекистоннинг банк тизимига бўлган "муҳаббатларини" изҳор этишган ва изҳоротлар модераторлар эътиборидан четда қолган:

Андрей Коломейтсев: Йўғ-е, ҳозир шундоқ бориб доллар сотиб оламанми?

Скай нет: Бизда "ҳеч қандай чекловларсиз" валютани 2527 сўмда сотиб олса бўларканми??? Балки МБ буни амалда кўрсатар?! Ёки яна бундай мажбуриятимиз йўқ, деган қуруқ расмиятчилик билан кифояланишадими?!

Aziz KA: Россия канали Марказий Банк эмас, балки Марказий Бозорни назарда тутган, у ерда эса курс 5000 эди...

Tulaev Gerakl: Мен шахсан банкка қўлимда чипта билан VISA карточка очиб, 2000$ олиш учун бордим. Улар мени навбатга қўйиб, навбатингиз декабрда келади, деб айтишди.

Georgiy Kan: Россия телеканали адашмаган. Бизнинг банкимиз бизларга тушунтириш берсин, нимага бизда конвертация ва умуман нормал молиявий тизим йўқ.

Оксана Муллоева: Ҳақиқат аччиқ бўлади!!!

Айнан шу хабар Фейcбукдаги "Новости Узбекистана" гуруҳида ҳам ҳам муҳокама қилинди.

Равшан Юльчиев: Нима унақамасмиди?

Сергей Коваленко: Ҳажвия

Азазелло Пилатович: Бизларда бозордаги курс расмий ҳисобланади, ўйлаб қарасанг бу ерда хатолик йўқ.

Антонина Шеина: Русларнинг канали лўнда қилиб қора бозордаги қиймат деб айтди-ку.

Руслан Аҳмеров: Россия оммавий ахборот воситалари бизларда 3 хил курс борлигини ва қора бозор иқтисодимизга таъсир кўрсатаётганини ҳаммага жар солишини кутишяпти шекилли, булар шамолга қарши тупурмоқчи:)

Музаффар Икромов: Жуда кулгили.

Эдуард Слюсарев: Қизиқ, Марказий Банк аниқлик киритмабди-да, мана шу 2527 сўмлик курс бўйича мен қаердан доллар сотиб олсам бўлади?

Ўзбекистонда АҚШ долларининг курси кескин кўтарилиб кетиши ортидан ҳуқуқ-тартибот идоралари "қора бозор" устидан назоратни кучайтирган.

Натижада, хусусан, пойтахт бозорларидан валютачиларнинг йўқолиб қолгани ва хорижий валюта айирбошлашнинг қийинлашгани айтилмоқда.

Айрим хабарларга кўра, доллар нархини туширишга қаратилган чора-тадбирлар доирасида Ўзбекистон вино-ароқ саноатига тегишли 20 дан ортиқ корхоналарда текширувлар бошланган.

Куч тизимлари ўтказган амалиётларнинг самараси ўлароқ, сўнгги бир ой мобайнида 20 фоизга қимматлаган АҚШ доллари ўтган дам олиш кунлари қора бозорда яна 15 фоиз қийматини йўқотган.

Аммо 4000 сўмгача тушиб кетган долларнинг охирги кунларда яна кўтарилишни бошлагани ва чоршанба куни 4400-4500 сўмга сотилгани айтилмоқда.

Шу тариқа бу сафар ҳам Ўзбекистондаги валюта бозорига биринчи бўлиб Марказий Банк эмас, балки куч тизимлари мудохала қилди.

Марказий Банк эса, валюта айирбошлашга чекловлар жорий этилгани ҳақидаги хабарларни зўр бериб рад этиш билан овора бўлди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio