Каримов Сеулда йирик қўшма лойиҳаларга доир келишув имзолаган

Image caption Бу Каримовнинг президентликка қайта сайланганидан кейин хорижга илк сафаридир

Сеулда ўтган музокаралар чоғида Президентлар Ислом Каримов ва Пак Кин Хэ икки давлат ўртасида йирик қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишганлар.

"Икки томон Ўзбекистон иқтисодида йирик лойиҳаларни амалга ошириш, жумладан, илғор технологияларни жорий қилиш ва Жанубий Корея ширкатларининг тўғридан-тўғри сармояларини жалб этишга келишдилар", дея қўшма баёнотдан иқтибос келтиради Жанубий Кореянинг Yonhap нашри.

Хабарларга кўра, Сеул табиий заҳираларга бой Ўзбекистон билан ўзининг илғор технологияларини баҳам кўришга тайёрлигини изҳор қилган.

Ўз навбатида ўзбек томони Жанубий Корея билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай шароитлар яратиб беришга ваъда берган.

Тошкент ва Сеул нефт, газ, автомобил ишлаб чиқариш, шунингдек, қуёш энергияси ва транспорт инфратузилмаларини замонавийлаштириш каби соҳаларда ҳамкорлик қилиб келади.

Ўзбекистон ҳукумати келаётган 5 йилда муҳим саноат иншоотларини замонавийлаштириш ва инфратузилмага 55 миллиард доллар маблағ сарфлашни режалаётганини маълум қилган.

Жаноб Каримовнинг Сеулга ташрифи чоғида шунингдек, Жанубий Кореянинг "Эксимбанк"и Ўзбекистон банкларига 3 миллиард долларлик кредит ажратишини маълум қилган.

Банк вице-президенти Ким Ёнг Кининг Сеулда ўтган ўзбек-корейс бизнес форумида айтишича, ушбу маблағлар стратегик сармоя лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида берилади.

Бу Ислом Каримовнинг шу йил мартида тўртинчи муддатга қайта сайланганидан кейин хорижга илк сафаридир.

Ўзбекистон Жанубий Кореянинг Марказий Осиёдаги энг йирик савдо ва иқтисодий шериги ҳисобланади.

Ўтган йили икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1.9 миллиард долларни ташкил этган.

Таҳлилчилар сармоя муҳитининг ёмонлиги ва миллий валюта конвертацияси билан боғлиқ муаммоларга қарамасдан, жанубий кореялик ишбилармонлар Ўзбекистондаги бизнес қоидаларини яхши ўзлаштирганликларига эътибор қаратишади.

Уларга кўра, Россиядаги иқтисодий инқироз Ўзбекистонни яна Жанубий Корея сингари синалган ва анъанавий иқтисодий шерикларига юз буришга ундаган бўлиши мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ