Би-би-си Академияси Ўзбек веб-сайти ишга тушди

Би-би-си Академиясининг Журналистика мактаби бутун дунёдаги ўзбек тилида ижод қиладиган журналистлар учун сабоқлар веб-сайтини очди.

Бу Би-би-си Ўзбек хизмати ва Би-би-си Академияси ҳамкорлиги маҳсулидир.

Кўпчиликка маълумки, Би-би-си ўзининг Таҳририй сиёсатини ишлаб чиққан ва корпорациянинг таҳририй қадриятлари орасида ҳеч кимнинг тарафини олмасдан хабар тарқатиш асосий ўринни эгаллайди.

Би-би-си Академияси Ўзбек веб-сайтида Би-би-сининг холислик, ҳаққонийлик ва аниқлик каби тамойиллари билан бирга журналистнинг айтган сўзи учун масъуллиги кўрсатиб берилади.

Корпорацияда узоқ йиллар фаолият юритган журналистлар ўзларининг тажрибалари билан ўртоқлашади.

Бугунги замон журналистидан фақат рўзномада ёхуд фақат радио-телевидение соҳасидагина ишлаш эмас, мултиплатформали журналист бўлиш талаб қилинади.

Веб-сайтда радио журналистика, видео тасвирга олиш, онлайн мақола учун фотосурат танлаш каби мисоллар келтирилган.

Журналистиканинг асосий воситаси тил экан, веб-сайтда бугунги ўзбек тили, Интернет ижтимоий тармоқлари шиддат билан кенгайиб бораётган замонда адабий ва оғзаки тил ўртасида мувозанатни қандай сақлаш ҳақида сўз боради.

Би-би-си Ўзбек хизмати журналистлари кундалик фаолиятидан мисоллар келтирилган видеолар веб-сайтдан ўрин олган.

Би-би-си Академияси Ўзбек веб-сайти манзили: http://www.bbc.co.uk/academy/uzbek