Ўзбекистон: доллар нархи барқарорлашмоқдами?

Ўзбекистон қора бозорларида доллар нархи кескин кўтарилиш ва тушишлардан сўнг мўътадиллаша бошлаган.

Би-би-сига маълум бўлишича, айни дамда Тошкент бозорларида нарх 4350 ва 4500 атрофида бўлиб турибди.

Кузатувчилар ушбу нархлар сунъий эканлиги ва сўмнинг қадрсизланиши давом этиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда. Сўмнинг қадрсизланиши нақд пул етишмаслиги билан боғланмоқда.

Тошкентдан журналист Алексей Волосовичнинг айтишича, Тошкент бозорларида доллар курси бироз кўтарилган.

“Икки кун олдин сўраганимда, валютафурушлар 4350 дан сотиб олишаётган эди. Улар бироз қимматроқ сотишади, шунинг учун сотувда 4400 дан эди. Ҳар бир шаҳар бозорида бир гуруҳ одамлар туришади. Улар милиция бошчилигида очиқ ойдин савдо қилишади. Бор овозда доллар, рубл, танга, евро сотиб оламиз деб бақиришади”, - дейди Алексей Волосович.

Май ойининг ўрталарига келиб Ўзбекистон бозорларида долларнинг нархи 500 сўмга қимматлаб 5000 сўмгача чиқиб кетди. Аммо орадан кўп ўтмасдан, унинг нархи кескин тушиб айрим жойларда 4 минг сўмгача сотиб олинди.

Эътиборли томони ўша вақти кўп ҳолларда доллар олинган, саррофлар доллар сотишмаган.

Нақд пул тақчиллиги

Узметроном.ком сайти ўз манбаларига таяниб долларнинг тушиб кетишини Ўзбекистонда шароб ишлаб чиқарувчи ширкат раҳбарларининг ўзларига қўйилган жаримани тўлаш учун бозорга доллар чиқаргани билан изоҳлади.

Бироқ журналист Алексей Волосович бу тахминларга қўшилмайди.

“Мен бунга шубҳа билан қарайман. Чунки бу Ўзбекистондаги биринчи кескин тушиш эмас. Бунгача икки марта кескин кўтарилиш ва тушиш бўлган. 2013 йили Ўзбекистонда нақд валюта сотишни тўхтатиб қўйишди. Фақат пластик карточкага оладиган қилиб қўйишди. Ўшанда доллар кескин кўтарилиб кетди. Кейин маъмурий йўллар билан бироз пастга туширишди. Лекин бир неча ойнинг ичида яна ўша кўрсатгичига кўтарилиб олди. Бу сафар ҳам ҳудди шундай бўлади”, - дейди Алексей Волосович.

Журналист доллар атрофидаги ўйинларнинг Марказий Банк томонидан Бош вазирга нақд пул муаммоси ҳақида ёзилган хат сиздирилган вақтга тўғри келаётганига эътибор қаратади.

Ушбу хатда давлат ташкилотлари ишчиларига маош беришда муаммо пайдо бўлгани ва нақд пул етишмаслиги ҳақида ёзилади.

Биз ушбу мактуб борасида Марказий Банк матбуот хизматидан изоҳ олишга уриндик. Лекин ҳаракатларимиз бесамар кетди.

Ижтимоий тармоқларда қолдирилган изоҳларда, маошларни беришда узулишлар бўлаётганини ўқиш мумкин.

Ўзбекистон Молия вазирлигида ишлаган иқтисодчи Сапарбой Жубаев нақд пул муаммоси Ўзбекистонда 90 чи йилларнинг охиридан бери мавжуд эканлигини айтади.

“Пул кредит сиёстида эркинлик бўлмаганича, бу нарсалар бўлаверади. Пластик карточкалар чиқариш орқали нақд пулга талабни камайтириб бир йўлга солиб турибди-ю, лекин бу иккинчи даражали банкларнинг эркин ҳаракат қилмаслиги натижасида шундай бўляпти”, - дейди Сапарбой Жубаев.

Мутахассисга кўра, Ўзбекистондаги иккинчи даражали банкларга эркин ҳаракат қилишга имкон берилмас экан нақд пул муаммоси қайталанаверади.

Сапарбой Жубаев банклар эркин ҳаракатлана олса, конвертация борасида ҳам эркинликлар юзага келишини айтади.

Бироқ ҳукумат иқтисодни эркинлаштиришни ўрнига уни маъмурий йўллар билан бошқариш орқали назорат қилишни афзал билмоқда.

Пластик карталарнинг ихтиёрий мажбурий жорий қилиниши валюта борасидаги муаммони ечмаяпти, балки савдо нуқталарида икки ихл нархнинг пайдо бўлишига ва коррупцияга йўл очмоқда.

Мутахассислар иқтисодга давлат томонидан босим ва маъмурий бошқарув мамлакат иқтисодини ночор аҳволга олиб келганини айтишади.

Натижада ишчи ўринлари етишмайди. Миллионлаб одамлар хорижда ишлашга мажбур. Нарх наво эса иқтисоди ривожланган қўшни давлатларникидан қолишмайди.

“Маъмурий аралашувнинг оқибатлари кўриниб қолган. Ўзбекистон иқтисодиёти 90 чи йилларда Қозоғистонники билан бир хил эди. Бугунги кунга келиб Ўзбекистон ИЯМ ҳажми Қозоғистонникидан 4 баробарга камайиб кетди. Бундан кейин ҳам мана шундай фарқлар кузатилаверади”, - дейди Сапарбой Жубаев.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio