HRW: 'Елена Урлаевага қилинган муносабат тубанликдир'

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева мамлакатдаги қишлоқ хўжалик ишларига давлат муассалари ходимларининг ёппасига жалб этилиши ҳолатларини ўрганаётган вақти қўлга олинган.

Елена Урлаеванинг жаҳон ҳамжамияти номига ёзган мактубида айтишича, Ички Ишлар бўлинмасида уни ўта ҳақоратли ва инсон қадрини камситувчи йўлда текширувдан ўтказишган.

Бундан ташқари, милиция ходимлари уни шарманда қилиш йўлида тасвирга тушириб, обрўсини тўкиш билан пўписа қилганлар.

Ҳуқуқ фаолига кўра, у 31 май куни Чиноз туманига навбатдаги кузатувларни ўтказиш учун борган.

"Чунки ҳозирда Ўзбекистонда пахта чопиғи ва ўтови даврида ўқитувчи, шифокор ва давлат муассасаларининг ходимларини оммавий равишда сафарбар қилмоқдалар. Мен Чинозда ана шу ишларга олиб кетилаётган ўқитувчи ва болалар боғчалари тарбиячиларининг йиғилиб турган жойини топдим. Соат эрталаб 7 эди. Уларнинг баъзилари билан суҳбатлашиб, интервю олдим. Кейин Чиноз шаҳридаги марказий шифохонага бордим. Райздрав ходимлари йиғилган экан у ерда, 60 га яқин шифокор бор эди. Уларнинг ҳам баъзилари билан суҳбатлашиб, суратга туширдим. Баъзилари ҳатто ишга келган оқ халатларида эдилар. Шундан кейин ҳокимиятними ёки райздрав ходимлари, фуқаро кийимида эдилар, мени ортимдан қувиб солиб, фотоаппаратни уларга беришимни талаб қила бошладилар", - деди Елана Урлаева Би-би-си билан суҳбатда.

Ана шу ҳодисалар ҳақида гапира бошлаган вақти Елена Урлаева билан телефон алоқаси узилди. Бизнинг бир неча бор қайта боғланиш уринишларимиз зое кетди.

Аммо Елена Урлаеванинг халқаро ҳамжамият номига йўллаган мактубида бундан кейин бўлиб ўтган ҳодисалар ҳақида батафсил ёзилган.

Мактубда айтилишича, уни Чиноз тумани Ички Ишлар бўлинмасига олиб боришган ва ҳарбий кийимдаги шахс уни сўроққа тутиб, фотоаппаратидаги "флешка"ни унга беришни талаб қилган.

Унга бақириб, сўкиниб, "Америка жосуси эканлиги, бутун Ўзбекистонни бадном қилаётгани, давлат сирларини сотаётгани"ни айтишган.

Шундан кейин "Тез ёрдам" машинасини чақиришган ва Елена Урлаевага 3 та укол қилишган.

Бу уколлар натижасида Елена Урлаева ҳолсизланиб, қаршилик кўрсата олмай қолган, ва уни ётоққа ётқизиб, зўр билан оёқларини йириб, буйруқ остида бир шифокор унинг жинсий аъзоларидан флешкани излай бошлаган.

Шифокор кейинчалик милиция ходимларидан бунинг учун махсус ускуна келтиришларини сўраган.

Милиция ходимлари ва шифокорлар уни куч билан стулга ўтқазиб, ушлаб туришган ва ўша ускуна билан изланишлар натижасида Урлаевдан қон кета бошлаган.

Кейин милиция ходими унинг орқасини ҳам текшириш кераклигини айтган. Бу амални ҳам ўтказганларидан кейин, замбилда рентгенга олиб боришган.

Рентген қилишгандан сўнг, Уралева ҳожатхонага боргиси келаётгани айтган.

Унга рухсат беришмаган ва "Мана шу ерда очиқда ёзиласан, биз сени видеотасвирга оламиз. Агардаки устимиздан шикоят қилсанг, очиқ орқангни Интернетда ҳаммага намойиш қиламиз", - деб пўписа қилишган.

Елена Уралева бино ташқарисдаги боғча ўртасида ёзилишга мажбур бўлган.

Бу ҳодиса 31 май куни рўй берган, эртаси куни Елена Урлаева расмийлар эътиборини қаратиш учун Тошкентдаги Ички Ишлар вазирлиги биноси ташқарисда пикет ўтказиб, тинимсиз ҳуштак чалиб турган.

Уни қўлга олиб, қабулхонага олиб кириб, пикетни тўхтатишини сўрашган ва алоқа учун икки телефон рақамини бериб, уйига олиб боришган.

Шундан сўнг ҳам, уни тинч қўйишмаган.

Турмуш ўртоғини кимдир телефон орқали чақиртириб олган ва у уйга маст ҳолда қайтиб, Ўзбекистонни шарманда қилаётганини айтиб, "Сени уришим керак, сен милицияга шикоят қилгин", - деб дўппослаган.

Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишида улкан ишларни амалга ошираётгани ва хусусан, охирги йилларда Ўзбекистон БМТнинг инсон ҳақларига тааллуқли 7 та халқаро шартномасини ратификация қилганлиги айтиб келади.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази раҳбари Акмал Саидов халқаро минбарларда қилган чиқишларида мамлакатда қийноқлар мавжуд эканлиги ҳақидаги халқаро назоратчилар ва ташкилотлар ҳисоботларини рад этиб келган.

Лекин Елена Урлаевга куни кеча бўлган муносабат халқаро қонунлар бўйича қийноқ дея ҳисобланадими?

Бу саволга жавоб берар экан, Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти сўзчиси Эндрю Штролайн бу амалларни "Мутлақ инсонни ғазаблантирадиган таҳқирлаш" - дея таърифлади.

Эндрю Штролайн: "Бу қийноқ амалидир. Бу ўзбек режимининг нақадар тубан кетганини кўрсатади. Биз ўзбек режими ҳақорат, қийноқларни мунтазам амалга ошириб келишини биламиз. Лекин сўнгги ҳодиса улар қанчалар паст кетишганини намойиш этади".

Сизнинг халқаро эксперт сифатида ишончингиз комилми, ушбу амал қийноқ сифатида таснифланади ва эндиликда ўзбек расмийлари мамлакатда қийноқлар мавжудлигини инкор эта олмайдиларми, деган саволимизга у шундай жавоб берди:

"Қийноқ масаласида ўзбек расмийлари ҳеч қачон ҳеч нарсани тан олмаганлар. Қийноқлар Ўзбекистонда инкор қилиб бўлмайдиган амаллардир. Ўзбекистондаги милиция ҳибсхоналарида қийноқлар мунтазам қўлланилади. Ва буни ҳамма билади. Ўзбекистонда қийноқлар кенг тарқалганлигини бугун кўпчилик яхши билади. Бу ва бошқа ҳаракатлар, одамни тириклайин қайноқ сувга ташлаш, электрик шок қўллаш - буларнинг ҳаммаси ўзбек режими қўллаб келаётган қийноқ турларидир. Бу қийноқлар янгилик эмас".

Би-би-си: Аммо Урлаева хонимни сўроқ қилган милиция ходимлари уни давлат сирларини ошкор этишга уринишда айблаганлар. Сизнингча, бу каби важ Урлаевага қилинган муомалани оқлайдими?

Эндрю Штролайн: "Йўқ. Ўзбекистондаги тузум турли-туман важларни келтиради. Давлат сири, айниқса, миллий хавфсизликка таҳдид сингари. Урлаева Ўзбекистондаги пахта саноатида болалар меҳнатини ўрганаётганди. Ҳар йили мактаб болалари ҳукуматдаги бир ҳовуч одамнинг даромад манбайига айланган пахтани териб олиш учун қулларча мажбурий меҳнатга сафарбар қилинади. Агар бу борингки, давлат сири ҳисоблангани тақдирда ҳам, бу каби инсонни таҳқирловчи тафтишни оқламайди".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ