Ўзбекистон: қарздорларнинг хорижга чиқиши расман чекланди

Ўзбекистонда хорижга чиқиши вақтинча чекланган қарздор шахсларнинг онлайн базаси тузилган.

Веб-сайтга кирган фуқаролар ўзларининг қанча қарзлари борлиги ва чиқиш учун тўсиқлар бор-йўқлигини аниқлашлари мумкин.

Ҳуқуқшунослар ушбу тажриба бошқа давлатларда ҳам қўлланишини айтишади, бироқ Ўзбекистон бу каби тақиқлар субъектив қўлланилгани учун унинг тўлақонли ишлашини савол остига олишмоқда.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш департаменти томонидан яратилган янги хизматда ўзбекистонликлар давлатдан қарзи бор ёки йўқлигини интернет орқали билиб олиши мумкин.

Махсус жойларга исм-фамилия ёзилганидан сўнг, шахснинг ижро ҳужжатига асосан республикадан чиқиш бўйича вақтинча чеклов бор ёки йўқлиги тўғрисида хабар ёзилади.

Департаментнинг ахборот бўлимидан исмини ошкор қилмаган ходимнинг айтишича, маълумотлар вилоятлардаги инспекторлар томонидан киритиб борилади.

“Ҳамма қарздорлар киритилган. Вилоятдаги инспекторлар бу ишга бириктирилган. Улар қарздорлар бўйича маълумотларни киритади. Ушбу хизматга боғланиб, маълумот киритиш учун рухсати бор”.

'Бин Лодинга чеклов йўқ'

Ушбу янгилик ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларнинг қизиқишига сабаб бўлди.

Ҳамма ўзининг четга чиқиши учун чеклов бор-йўқлигини билиб, натижасини ёзишни бошлади.

Лекин айримлар ушбу хизматнинг мукаммал ишламаслигига ҳам эътибор қаратишган.

Уларга кўра, хизмат кимнинг номини ёзишдан қатъий назар, "чеклов йўқ" деган маълумотни бермоқда.

Эринмаганлар марҳум Усома Бин Лодин ёки уй қамоғида ўтирган деб ишониладиган Президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримоваларнинг номларини ёзиб, ушбу хизмат орқали чеклов бор- йўқлигини текшира бошлашган.

Ишга тушганига кўп бўлмаган хизмат, бу шахсларнинг хорижга чиқиши учун чеклов йўқлигини ёзиб чиқарган.

“Фуқаро Усома Бин Лодинга нисбатан ижро ҳужжатига асосан Ўзбекистон Республикасидан чиқиши бўйича вақтинча чеклаш мавжуд эмас”, деб ёзилган маълумуот берувчи ҳужжатда.

Ахборот хизмати вакили маълумотлар базасига фақат қарздорлар киритилгани боис, бу каби ёзув чиқиб келаётганини билдирди.

“Ҳақиқатдан ҳам шунақа одам бор ёки йўқлигини чиқариб беришимиз учун ҳар битта Ўзбекистон фуқаросини базага киртишимизга тўғри келади. Бизда унақа маълумот йўқ-да. Қарзи йўқларнинг рўйхати киритилмайди. Базада чиқмаса, демак қарзи йўқ”, - дейди Суд қарорларини ижро департаменти ходими.

Ўзбекистон фуқароларини чет элга чиқишини назоратга олган ва махсус рухсат берувчи кам сонли давлатлар қаторига киради.

Тошкентдан адвокат Руҳиддин Комилов қарздор шахсларнинг четга чиқишини тақиқлаш уларнинг эркинлигини чеклашга кирмаслигини айтади.

“Бу ҳуқуқларни чеклашга кирмайди. Модомики ҳуқуқ бор, бурч ҳам бор. Бурчини бажарсин, ким бўлишидан қатъий назар, қарзини тўласин. Кичик одам бўладими, катта одам бўладими, қарзини тўласин. Бу нарса фақат бизларда эмас, бошқа давлатларда ҳам бор”, - дейди Руҳиддин Комилов.

Ҳуқуқшуносга кўра, энг муҳими бу каби қонунларнинг барчага бирдек тадбиқ этилиши.

“Лекин ҳаммага нисбатан тадбиқ этилиши шарт. Шу нарсани хоҳлардим ва талаб қиламан. Шунинг учун ҳаракат қилишимиз керак. Бу қонун элитага эмас, фақат халққа нисбатан тадбиқ этилса унинг ҳурмати қолмайди. Қонунлиги қолмайди. Шунинг учун у ҳаммага бир бўлиши керак”.

Руҳиддин Комиловнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда қонунларнинг бажарилишида, субъектив ёндашув бор.

Лозим кўрилган шахсларга нисбатан айрим қонун ва чекловлар амал қилади, лозим кўрилмаган шахсларга нисбатан эса тадбиқ қилинмайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio