Туркияда парламент сайловлари бўлиб ўтди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Туркияда парламент сайловлари бўлиб ўтган ва овозларни санаш жараёни бошланган.

Сайловчиларнинг овози иқтидордаги партиянинг мамлакат конституциясини ўзгартира олиш-олмаслигини ҳал қилади.

2003 йилдаги сайловларда Бош вазир сифатида ҳокимиятга ҳокимиятга келган Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон Туркияда президентлик бошқарувини жорий қилиш учун аксарият кўпчилик овозга умид қилмоқда.

Аммо агар курдпараст ХДП партияси 10 фоизлик тўсиқни ошиб ўтолса, унинг режалари амалга ошмаслиги мумкин.

Жума куни Диёрбакирдаги ХДП намойишида юз берган портлашлар натижасида 4 инсон ҳалок бўлган.

ХДП раҳбари Салоҳиддин Демиртош Президент Эрдўғоннинг портлашларга муносабатини танқид қилган.

Агар сўл қанот ХДП биринчи марта парламентда ўрин ололса, бу жаноб Эрдўғоннинг Адолат ва Тараққиёт партияси- АКП эгалик қиладиган ўринлар сонини камайтиради.

Мухбирларга кўра, мухолифатдаги Жумҳуриятчи халқ партияси (ЖХП) ва учинчи ўриндаги Миллиятчи ҳаракат партияси (МҲП) яхши натижаларни қўлга киритадиган бўлса, АКП коалицион ҳукумат тузишга ҳам мажбур бўлиши мумкин.

Истанбулдаги Би-би-си мухбири Марк Лоуэнннинг айтишича, якшанба кунги сайловлар АКП ҳокимиятга келганидан буён юз тутаётган энг жиддий синовдир.

Унга кўра, Туркияда иқтисодий ўсиш секинлашган, танқидчилар эса Президент Эрдўғонни "эркин матбуотга ҳужумлари ва Ғарб билан кўприкларини ёққани" учун танқид қилишади.

Туркия беқарор Яқин Шарқда НАТОнинг муҳим аъзоси ва Ислом ҳамда демократия уйғунлигининг нодир ўрнагидир, дейди мухбиримиз.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Эрдўғон Туркияни Президент республикасига айлантирмоқчи
Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Шанба куни охирги сайлов юришлари бўлиб ўтган
Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Сайловларда 20 партия иштирок этмоқда
Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Курдпараст ХДП партияси биринчи марта парламентга киришга умид қилмоқда

Тақиқлар

Сайловларда 20 партия ва 165 нафар мустақил номзодлар иштирок этишмоқда.

Туркиядаги сайловчиларнинг умумий сони 53 миллион 765 минг.

Овоз беришлар маҳаллий вақт билан эрталаб соат 8 да бошлаган ва 17 да ниҳоясига етади.

Сайлов қонунчилигига биноан, овоз бериш ҳудудлари ёпилгунича оммавий ахборот воситаларининг сайлов натижалар ҳақида хабар тарқатиши, фараз ва шарҳларни бериши тақиқланган.

Сайлов куни эрта соат 6 дан ярим тун-24.00 гача спиртли ичимликлар сотиш тақиқланган, ресторан ва умумий овқатланиш ерларида спиртли ичимлик берилмайди ва кўнгилочар масканлар ёпиқ қолади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio