Пан Ги Мунга мурожаат: "Ўзбекистондаги мажбурий меҳнат масаласини кўтаринг!"

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун 12 июнда Ўзбекистонга ташриф буюриши ва Президент Ислом Каримов билан учрашиши кутилар экан, бир қатор халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари жаноб Панга очиқ мактуб билан мурожаат қилишган.

Мактубга "Пахта кампанияси" номи остида имзо чеккан 38та ташкилот Пан Ги Мундан Тошкентдаги расмийларга мажбурий меҳнат борасида хавотир билдиришни ва бу каби тажрибани тўхтатишга ундашни сўраганлар.

Мактубда ёзилишича, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари мониторлари 2014 йилда ўзбек ҳукумати фермерларни пахта етиштириш режасини тўлдиришга мажбурлаган ва ўзининг камида 1 миллиондан ошиқ фуқароларини пахта теришга мажбурлаган.

Унда айтилишича, халқаро босим ортидан ҳукумат болалар меҳнатини кескин камайтиришга мажбур бўлди ва 2014 йилда болалар меҳнатидан оммавий равишда қўлланилмади.

"Аммо, ҳукумат бунинг ўрнини босиш учун катталарни кўпроқ меҳнатга мажбур қилди, бу эса таълим ва тиббиёт соҳасига ёмон таъсир қилди, ҳамда фуқаролар ва бизнесга нисбатан таъмагирликни оширди. 2015 йил баҳорида ҳукумат яна пахта далаларидаги ўтоқ ишлари учун болалар, ўқитувчилар, ҳамширалар ва бошқа бюджет корхоналари ишчиларини жалб қилди", - дейилади мурожаатномада.

Унда мазкур ҳолатларни ёритишга уринаётган мустақил журналистлар ва ноҳукумат ташкилотлари вакилларининг Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари қўлида таҳқирлангани, қўрқитилгани ва қамалганига ҳам эътибор қаратилади.

"Масалан, Муҳаммад Бекжонов ва Аъзам Фармоновлар ҳукуматнинг мажбурий меҳнат ва бошқа инсон ҳуқуқларини бузиш ҳолларини ҳужжатлаштиришди ва сохта айблар билан 16 ва 19 йилни қамоқда ўтадилар. Ўтган ой ҳукумат жаноб Фармоновнинг жазо муддатини қўшимча 5 йилга узайтирди. 31 май куни милиция далаларда мажбурий меҳнатни ҳужжатлаштираётган инсон ҳуқуқлари монитори Елена Урлаевани қўлга олиб, таҳқирлади", - дейилади баёнотда.

Муаллифлар Пан Ги Мунга унинг Ўзбекистонга сафари у ердаги мажбурий меҳнат борасидаги ташвишларни Каримов маъмуриятига етказишдек муҳим имконият эканини эслатишган.

Мактуб муаллифлари орасида Human Rights Watch, Ўзбек-олмон инсон ҳуқуқлари форуми, Environmental Justice Foundation, Responsible Sourcing Network каби нуфузли ташкилотлар бор.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio