Би-би-сига айтаман: Ўзбек матбуоти фалажми?

Image caption Ҳукумат нашридаги сарлавҳа ижтимоий тармоқларда танқид қилинган

Ўзбек тилида ижод қилувчи журналистлар учун Би-би-си Академиясининг online шакли очилгани ҳақидаги хабар одамни анча қувонтирди.

Унда Би-би-си журналистлари ўзларининг йиллаб тўплаган тажрибаларини Ўзбекистонда қалам тебратаётган ҳамкасбларига нафи тегармикан, деган ниятда интернетда бўлишишган.

Лекин масаланинг иккинчи тарафи, Ўзбекистоннинг ҳозирги шароитида "журналистика" деган тушунча ўзининг асл маъносида мавжудмикан, деган савол одамни бироз ўйлантириб қўяди.

Чунки журналистиканинг асосий мақсади жамият муаммоларини кўтаришдан иборат эканини инобатга олсак, бугун телевидение ва газеталарда берилаётган хабарларни таҳлил қилсак, Ўзбекистонда журналистика шу мақсадларга қандай хизмат қилаётгани яққол намоён бўлади.

Ҳеч кимга сир эмас, ТВ ва газеталар ҳукуматга мадҳия ўқишдан нарига ўтмай қолган.

Кўтарган мавзуга доир яққол далиллар келтириш учун сўнги вақтда бўлиб ўтган воқеалар қандай ёритилганига мурожат қилсак.

"Case study" (масалани мисолларда ўрганиш) деганларидек...

“Қора бозорда” долларнинг кўтарилиши хақида, чет эл ва мухолифат ОАВлари хабар берди.

Лекин ҳар доимгидек, маҳаллий ОАВлар бу долзарб мавзуни четлаб ўтишди.

Ёки бўлмаса, оддий одамларга бевосита тааалуқли бошқа бир масала-автобусларнинг ёнилғи тақчиллиги боис кам қатнов бўлгани ҳақидаги хабар.

Бунда "Тошшаҳартранс" давлат ҳиссадорлик жамияти ўзи узр сўраб баёнот берди.

Кетидан эса, ёнилғи таъминотига масъул ташкилот бу хабарни ёлғон дея рад этди.

Энди бу икки давлат ташкилотнинг бири бу ерда ёлғон гапираётгани яққол кўриниб турибди.

Лекин яна давлат ТВ, радио ва газеталари бу ташкилотлар амалдорларидан масалага ойдинлик киритишга ҳаракат ҳам қилишмади.

Ўз-ўзидан маълумки, агар расмий ОАВлар жим турса, аҳоли ўртасида "узунқулоқ" гаплар урчийди.

Журналистларнинг асосий иши шундай миш-мишларга барҳам бериш эмасми?!

Яна бошқа масала, агарда жонкуяр фидоий журналист бўлса ҳам, у узоққа бормайди.

Тизим йўл қўймайди.

Журналист ёзаверади, лекин таҳрирят унинг мақолаларини ўтказмайди.

Ўз-ўзини цензура қилиш ёки ўзини-ўзи асраш инстинкти бунга тўғаноқ бўлади.

Буни ҳатто кўплаб мунозараларга сабаб бўлган “Сотқин” фильмидаги бир лавҳада кўриш мумкин: ёш журналист йигит (Фарруҳ Соипов) бир долзарб мавзу ҳақидаги мақоласини таҳририятга таклиф этганда, муҳаррир уни ўқиб, ўзидан кета ёзади ва бир ҳовуч дорини юта туриб “ука, ҳали ҳам кеч эмас, бу касбни ўзгартиринг” деб маслаҳат беради.

Ушбу кино Миллий Хавфсизлик Хизмати кураторлиги остида (ҳар ҳолда, кино сўнггидаги титрларда мазкур қўмитага “алоҳида ташаккурлар” айтилади) суратга олинганини инобатга оладиган бўлсак, бу каби ўз-ўзини цензура қилиш оддий ҳол экани ва Ўзбекистонда сўз эркинлиги мавжуд эмаслигини улар ҳам қайсидир маънода тан олмоқда, деган хулосага келиш мумкин.

Чет эл ОАВлари ҳақида сўз юритадиган бўлсак, уларнинг Ўзбекистонлик ОАВлардан фарқи, ҳар ҳолда, бир мавзуни ёритганда икки тарафнинг фикрини беришга интилишидир.

Улар ўқувчининг ўзига бир хулосага келиш имконини беришади.

Чунки қуруқ ташвиқот билан улар ОАВ бозорида рақаботга бардош беролмай, ёпилиб кетиш эҳтимоли катта эканини теран англашади.

Негадир, уларни «ватанфуруш» ёки «гумашталикда» айблайдиган амалдорлар хам, ўз курсилари ёки мулкларига хавф-хатар етганда, маҳаллий ОАВларга эмас-да, ана шу чет эл ОАВларига мурожаат қилиб қоладилар.

Ўзбекистонда ОАВларни молиялаштириш, асосан давлат бюджети, яъни солиқ тўловчилар ҳисобидан экани ҳам журналистларга ўзининг салбий таъсирини ўтказмай қўймаса керак.

Чунки улар ишлаша-ишламаса ҳам, ўша белгиланган 1 миллион сўмини олаверади.

Шунга уларда жон куйдиришга ҳожат йўқдек, чунки бир масалани кўтариб у ёки бу мутассадининг “томорқасига тош отиб” қўйса, боши балодан чиқмай қолишини аниқ билади.

Шунинг учун ўша «стандарт» мақолаларида “бунёдкорлик”ни барралла куйлаб юраверади.

«Стандарт» дейишимга сабаб, тайёр матнни ЎзА ахборот агентлигидан олиб, саҳифаларни тўлдириб… иш ҳам бир маромда кетаверади, тепадан ҳам “калтак емайди”…

Ҳайрон қоладиган жойи, яна ўтиришларда, “ойлигим кам” деб нолиб ҳам қўйишади?!

“Аааа, барака топгур, ҳеч қандай меҳнат қилмай, олиб турибсан-ку,” дегинг келади.

Хуллас, бу каби Би-Би-Си Академияси ўз устида ишлайдиган, бир нарсага интиладиган журналистлар учун қўл келишига ҳеч қандай шубҳа йўқ.

Лекин ўзбек матбуотидаги таъбир жоиз бўлса, фалажлик бундай ҳурфикр журналистларга қалам тебратиш учун имкон бермайди.

Кези келганда, “Энг яхши веб саҳифа” номинациясида, “Народное Слово” газетаси биринчи ўринни олгани ёдга тушиб кетди.

Қизиқиб кириб кўрдим, ҳаттоки ўз вақтида саҳифа янгиланмас ҳам экан...

Бу мисолдан кейин ОАВларнинг бугинги кундаги аҳволи ҳақида гапиришга изоҳнинг хожати бўлмаса керак?!

Ўзбекистонлик бўлажак журналист

Таҳририятдан: Блог муаллифининг фикрлари таҳририят фикрини акс эттирмайди. Муҳтарам ўқувчи, Би-би-си Академиясининг ўзбек тилидаги саҳифаси билан танишиш имконига эга бўлсангиз, бу борадаги фикр ва мулоҳазаларингиз билан ўртоқлашинг.

Электрон манзилимиз: uzbek@bbc.co.uk

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio