Ўзбекистон Хитойга хомашё етказиб беришни кўпайтиради

Фото муаллифлик ҳуқуқи china.org
Image caption Жаноб Азимовга кўра, Ўзбекистон Хитой сармояларига умид қилмоқда

Бош вазир ўринбосари Рустам Азимовнинг айтишича, Ўзбекистон Хитойнинг суръат билан ривожланаётган иқтисоди учун зарур пахта, табиий газ ва бошқа стратегик хомашё етказиб беришни кўпайтиришга тайёр.

Ўзбекистон ҳукуматининг иқтисодиёт учун масъул мулозими бу ҳақда Хитойнинг Жичжао шаҳрида очилган Хитой-Ўзбек бизнес форумида маълум қилган.

Синхуа агентлигининг жаноб Азимовдан иқтибос келтиришича, Ўзбекистон ҳозирнинг ўзида Хитойга 2009 йилда имзоланган "Стратегик маҳсулотларнинг узоқ муддатли савдосига доир" шартномага мувофиқ, пахта ва табиий газдан ташқари, минерал ўғитлар, уран концентрати, рангли ва ноёб металлар етказиб бермоқда.

Айни пайтда Рустам Азимов Ўзбекистон Хитой сармоялари ёрдамида ўзида экспортга йўналган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаётганини айтган.

Унга кўра, Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш Хитой ширкатларига нафақат 60 миллионлик Марказий Осиё, балки аҳолисининг умумий сони 300 миллионни ташкил этувчи МДҲ бозоридаги иштирокни ҳам таъминлайди.

Жаноб Азимов Ўзбекистон МДҲ давлатлари билан эркин савдо борасида икки томонлама битимларга эга эканини таъкидлаган.

'Хитой- келажаги буюк давлат'

Таҳлилчиларга кўра, Хитой Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистонни ўзининг суръат билан ўсаётган иқтисоди учун муҳим хомашё базаси сифатида кўради.

Image caption Президент Каримовга кўра, Ўзбекистон Хитой билан яқинлашишда давом этади

Аҳолиси ўткир газ ва энергия тақчиллигига юз тутган Ўзбекистон жорий йилда Хитойга газ экспортини 10 миллиард кубометрга етказишни режалаётганини маълум қилган.

2013 йилда Хитойга газ экспорти 6 миллиард кубометрни ташкил этган.

Ушбу экспортнинг бир қисми ички истеъмолчилар ҳисобидан қопланиши айтилади.

Шу боис Ўзбекистон аҳолиси, айниқса қиш мавсумида газ таъминоти билан боғлиқ муаммоларга дуч келади.

Президент Каримов ўтган йил августида Хитойга ташрифи чоғида Хитойнинг "келажаги буюк" эканини айтган ва Ўзбекистон Хитой билан яқинлашишда давом этишини таъкидлаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio