"Парда ортидаги Ўзбекистонга" қизиқиш катта

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Швеция пойтахти Стокголмда АҚШнинг Жордж Вашингтон университети ва Швециядаги Халқаро Ишлар институти тарафидан уюштирилган "Ўзбекистон парда ортида" номли илмий анжуман бўлиб ўтди.

Би-би-си анжуманда қатнашган Ўзбекистон бўйича етакчи мутаҳассислар билан суҳбат ўтказган.

Бугун биз анжуман уюштирувчиларидан бири, Швеция Халқаро Ишлар институти илмий ходими доктор Йохан Энгвилл билан билан суҳбатни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Би-би-си: Сизлар уюштирган конференциянинг номи "Ўзбекистон парда ортида" деб аталади. Нимага айни шу номни танладингизлар?

Йохан Энгвил: Чиндан ҳам конференциямиз номи "Ўзбекистон парда ортида", лекин бу номнинг давоми ҳам бор: "Ёндашувлар, тадқиқотлар ва мавзулар". Конференция қатнашувчиларининг айтишича, ҳозирги кунда Ўзбекистонни Ўзбекистон ичидан туриб тадқиқ этиш имкониялари анча камайган. Лекин, бу дегани тадқиқотлар тўхтаб қолишини англатмайди. Конференциямиз ана шу янги йўлларга бағишлаган. Жумладан, ҳозирги кунда ўзбек диаспораси анча ўсганлиини назарга оладиган бўлсак, ана шу диаспора орасида ҳам тадқиқотлар олиб бориш мумкин.

Би-би-си: Ўзбекистонда чет эллик ташкилотлар ва жумладан, тадқиқот марказларининг иши анча мушкуллашгани аён. Бироқ, умуман олганда, Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонни ўрганишда Ғарбнинг ўзида ҳам иштиёқ камайганини кузатса бўладими?

Йохан Энгвилл: Қисман бу ҳам тўғри. Конференция қатнашчиларининг бир қанчаси ҳозирги кунда Ғарбда Марказий Осиёни ва Ўзбекистонни ўрганишга жумладан молия қисқарганини ҳам айтишмоқда. Бироқ бизнинг ушбу конференциямиз Ўзбекистонга ҳануз қизиқиш катталигини кўрсатмоқда эмасми? Ундан ташқари, биз Марказий Осиё мамлакатларининг бошқалари ҳақида ҳам шу каби конференциялар ўтказмоқчимиз.

Би-би-си: Мазкур илмий конференция қандай натижаларни кўзлаган?

Йохан Энгвилл: Конференцияда биз турли мавзуларни муҳкома қилишни ўзимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Жумладан, Ўзбекистоннинг сиёсий иқтисодини яқиндан муҳокама қилмоқчимиз. Бунда ҳукуматнинг пахтакор фермерлар билан муносабати, норасмий ё кўлка иқтисод, Ўзбекистондаги коррупция тизими ва бошқалар. Яна бир мавзумиз «Ўзбекистонда ислом: давлат, медиа ва аҳлоқ» деб аталади. Бошқа мавзулар орасида ҳозирги замонда ўзбек бўлиш нимани англатишини ҳам муҳокама этмоқчимиз. Мубоҳасавий мавзуларимиздан бири «Ўзбек режими, элита ва мафкура» деб номланган. Унда мустақиллик мафкураси, инсон ҳуқуқи каби масалалар кўрилади.

Би-би-си: Швециянинг Ўзбекистон билан алоқалари, айниқса, Телиасонера машмашасидан кейин назарга тушиб қолди. Шу нуқтаи назардан, ушбу конференциянинг айнан Стокголмда ўтказилишида ўзига хос маъно борми? Ёки академик тадқиқотларга бу машмашаларнинг алоқаси йўқми?

Йохан Энгвилл: Умуман олганда, ушбу машмаша ахборот воситаларида анча муҳокама этилди. Бунинг кетидан, табиийки, Швеция аҳолиси ҳам Ўзбекистон ҳақида бир мунча хабар топди, унинг бу мамлакатга қизиқиши бироз бўлса-да, ортди. Лекин, бу ҳодисаларнинг академик тадқиқотларга бевосита алоқаси бор дейишдан тийилардим. Академик тадқиқотларнинг суръати ахборот воситаларникидагидек тезкор эмас. Тадқиқотлар вақт талаб қилади, улар муддаткор бир жараёндир. Шунинг учун, бу икки ҳодисани бир-бири билан боғлашдан йироқман.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ