Россиядан Ўзбекистонга пул ўтказмалари қарийб ярмига камайди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Пул ўтказмалари камайишининг асосий сабаби рублнинг қадрсизланишидир

Жорий йилнинг биринчи чорагида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Россиядан уйларига юборган пул ўтказмалари ҳажми 460 миллион долларни ташкил этган.

“TMT Консалтинг” агентлиги ва Contact тўлов тизими эълон қилган рақамларга кўра, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 49 фоизга камдир.

Айни пайтда Ўзбекистондан Россияга юборилаётган пул-маблағлар миқдори 10 фоизга ўсиб, 150 миллион АҚШ долларини ташкил этган.

Ҳар икки кўриниш жаҳоннинг етакчи валюталарига нисбатан Россия рубли қурбининг тушиб кетиши билан изоҳланмоқда.

Меҳнат муҳожири Россияда ишлаб топаётган пулнинг АҚШ долларидаги нисбати ўтган йилга нисбатан қарийб икки баробарга камайгани ҳолда, рублнинг тушиши манзарасида ўзбекистонликлар Россиядан арзонроқ нархдаги мол ва кўчмас мулкни кўпроқ сотиб олаётганликлари кузатилган.

Умумият-ла, ўзбек меҳнат муҳожирлари 2015 йилнинг биринчи уч ойлигида Россиядан пул ўтказмалари ҳажми бўйича биринчиликни сақлаб қолишган.

Сўнгги рақамлар Россиядаги жисмоний шахсларнинг трансчегаравий нақд пул ўтказмалари айланмаси 36 фоизга қисқарганини кўрсатган.

Ҳисоботдан англашилишича, Ўзбекистон ва тожикистонлик меҳнат муҳожирлари ватанларига юбораётган маблағлар Россия нақд пул ўтказмалари бозорининг қарийб ярмини ташкил этади.

Пул ўтказмалари ҳажмининг камайиб кетиши барча МДҲ давлатларида кузатилмоқда.

Таҳлилчиларга кўра, пул ўтказмаларининг камайиб кетишига рублнинг қадрсизланиши билан бирга Россиядаги муҳожирлик тартибининг кучайтирилиши ҳам сабаб бўлган.

Айни пайтда Россиядаги иқтисодий инқироз хорижий ишчи кучи оқимининг камайиб кетишига олиб келмаган.

Федерал Муҳожирлик Хизмати берган рақамларга кўра, 2015 йилнинг илк чораги охирида Россия ҳудудидаги хорижий ишчилар сони 10.9 миллион кишини ташкил этган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1.7 фоиз кўп демакдир.

Расмий рақамларга кўра, ҳозирда Россияда 2.1 миллион Ўзбекистон фуқаролари бор.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio