'Парда ортидаги Ўзбекистон': Анда жоним қолди менинг...

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Швеция пойтахти Стокголмда АҚШнинг Жорж Вашингтон университети ва Швециянинг Халқаро Ишлар институти тарафидан уюштирилган "Ўзбекистон парда ортида" номли илмий анжуман бўлиб ўтди. Би-би-си анжуманда қатнашган Ўзбекистон бўйича етакчи мутахассислар билан суҳбат ўтказган. Бугун биз АҚШлик тадқиқотчи, журналист Сара Кендзиор билан суҳбатни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Би-би-си: Америкада ҳозир Марказий Осиё ва жумладан, Ўзбекистонга илмий, академик қизиқиш не қадар катта?

Сара Кендзиор: Афсуски, бу минтақа АҚШ сиёсати эътибор доирасидан чиқиб бориши туфайли илмий, академик тадқиқотлар ҳам анча зиён кўрди. АҚШ қўшинлари Афғонистонни тарк этгач, минтақага эътибор сустлаша бошлади. Тадқиқотларга ҳам молия ажратилиши кескин камайди. Баъзи марказлар ёпилди, мутахассислар бошқа минтақаю, бошқа мавзуларга кўчишга мажбур бўлишди. Бу менимча, калтабинлик. Ўз пайтида Россия бўйича ҳам мутахассислар сони кескин қисқартирилган эди. Эндиликда эса, Россия яна сиёсий сарлавҳаларга чиққач, АҚШда бу мамлакат ҳақида академик билимларнинг тақчиллиги аён бўлди. Ушбу хатони биз Марказий Осиёга ва хусусан, Ўзбекистонга нисбатан ҳам қайратмаслигимиз лозим деб биламан.

Би-би-си: Сиз ўз мақолаларингизда, жумладан Ал Жазирадаги блогингизда сўнгги пайт анча сиёсийлашгандексиз. Сизнингча, академик тадқиқотлар нақадар сиёсийлашган бўлиши мумкин?

Сара Кендзиор: Менинг Ал Жазира блогида қилган ишим кўпроқ журналисткага тааллуқли. Лекин, унда ҳам мен мумкин қадар объектив ва фактларга асосланган бўлишга тиришаман. Оқни оқ, қорани қора дейиш академик илмнинг ҳам вазифаси. Мен ўзимнинг академик ишимда бўладими, журнализмдами, мана шу тамойилларга таянишга ҳаракат қиламан.

Би-би-си: Ўзбекистон бўйича сўнгги текширувларингиз нимадан иборат бўлган?

Сара Кендзиор: Мен сўнгги ўн йил ичида Андижон фожеаси ҳақида "Анда жоним қолди менинг" номли лойиҳа остида ўзбек ижтимоий тармоқларида янграган фикрларни, нуқтаи назарларни, баҳсларни кузатиб ва ўрганиб бордим. Булар асосида ўзбек халқининг онги қай тараф ўзгаряпти, Андижон фожеаси унга қандай таъсир қилди деган саволларга жавоб қидирдим. Бу тадқиқот натижасида яна бир нарсага дуч келдимки, биз абадий деган интернет ёзувлари ҳам халқ хотирасидан, интернет хотирасидан ўчиб кетиши мумкин экан. Буни равшанроқ тушунтирай. Дейлик, Андижон қирғинидан кейин турли ўзбек сайтлари ва Арбуз.соm, MuslimUzbekistan.com форумларида Андижон ҳақида турли тафсилотлар, суратлар, мунозаралар қайнаб ётарди. Бунда турли қарашлар бир-бири билан тўқнашар, орада серқиррали ҳақиқат туғиларди. Лекин, турли сабабларга кўра Арбуз.соm, MuslimUzbekistan.com ҳам ёпилди. Энди улардаги мунозаралардан асар ҳам қолгани йўқ. Худди шу ҳодиса мустақил журналистик сайт Uznews.com билан ҳам юз берди. Бу сайтлар на архивлаштирилган, на сақланган. Бу дегани дижитал асрда ҳам биз халқ хотирасини йўқотишга қодирмиз. Буниси эса, ўта аянчли хулоса.

Би-би-си: Сиз сўнгги пайтлар турли соҳаларда, турли мавзуларда ишлаяпсиз. Ўз академик ишларингизда Ўзбекистонга, Ўзбекистон ва ўзбекларни тадқиқ этишга содиқ қолиш ниятингиз борми?

Сара Кендзиор: Менинг кўнглим Ўзбекистондадир. Бобур айтмиш: "Анда жоним қолди менинг!" Шунинг учун ҳам ўзбек тилини ўрганганман, шунинг учун ҳам, ўзбек тилидаги китобларни ўқийман, Ўзбекистонда нима кечаётганидан муттасил хабар излайман. Албатта, агарда Ўзбекистон очилса, у ерга бориб тадқиқотларимни давом эттириш ниятим бор, ҳозирда эса, академик ишим қатори балки ўзбек адабиётидан баъзи намуналарни таржима қиларман.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ