"Ўзбекистондаги нақд пул иқтисоди - заифларни эзишдир"

Image caption Ўзбекистон иқтисоди нақд пул чиқаришга қаратилган

Швеция пойтахти Стокголмда АҚШнинг Жорж Вашингтон университети ва Швециянинг Халқаро Ишлар институти тарафидан уюштирилган "Ўзбекистон парда ортида" номли илмий анжуман бўлиб ўтди. Би-би-си анжуманда қатнашган Ўзбекистон бўйича етакчи мутахассислар билан суҳбат ўтказган. Бугун биз АҚШнинг Ҳарвард университетидан Лора Адамс билан бўлган суҳбатни ҳавола қиламиз.

Би-би-си: Сиз ўзингизнинг сўнгги тадқиқотингизда Ўзбекистон ва Қозоғистон бошқарув тизимларини солиштиргансиз. Хулосалар нималардан иборат?

Лора Адамс: Ўзбекистон ва Қозоғистон инсон ҳуқуқлари ва озодликларда Фридом Хауснинг ўлчовларида умуман ёнма-ён туради. Лекин авторитар режимларнинг ҳам, таъбир жоиз бўлса, унумдор бошқариладигани бор ва нўноқ бошқариладигани бор. Бу маънода икки мамлакат орасидаги фарқ анча кўзга ташланади ва бу фарқ каттаймоқда. Ўзбекистон қисқа муддатга мўлжалланган бошқарув тизимига эга, Қозоғистон эса давомий, стратегик бошқарув тизимини қўллаган. Ҳаттоки юзаки нуқтаи назардан энг юқори тизимдаги қарорларга назар ташласангиз, Қозоғистоннинг 2030 йилгача қабул қилинган ривожланиш дастури технократик ва менежмент унсурларга тўла. Рост, бу роса қоғозбозлик туғдириши тайин, лекин бунда давлатнинг келажакка боқиши ва бу келажакни режалаш аломатлари мавжуд. Бунда фақат нефтга қарам бўлган иқтисоддан воз кечиш, маърифат ва маълумот, инфраструктура масалалари, иқтисод диверсификацияси назардан кечирилган. Булар амалий сиёсатда ҳам акс эттирилмоқда. Қозоғистон элитасига қарасангиз, улар чиндан ҳам бу технократик келажакка ишонадилар. Дейлик, чет элга юборилган студентларни олайлик, улар мамлакатга қайтиб, ватанпарварлик руҳида ишга киришишади, келажакка ишонч билан қарашади. Афсуски, буларнинг бари биз Ўзбекистонда кўраётган жараёнлардан анча фарқ қилади.

Би-би-си: Ҳолбуки, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг Совет Иттифоқи емирилганидан кейин бошланғич нуқталари деярли тенг эди. Ҳатто Ўзбекистон кўпгина кўрсаткичлар бўйича анча олдинда эди. Нима учун эндиликдаги фарқ шунчалик катта?

Лора Адамс: Бир маънода буни икки мамлакатда ҳокимиятнинг қай тарзда бўлишилганлиги билан изоҳлаш мумкин. Лекин мен социолог сифатида бошқа нуқтаи назарни ҳам келтирган бўлардим. Нафақат ҳокимият қай тарзда бўлишилганлиги, лекин бундан нима келиб чиққанлиги ҳам муҳим. Агарда Ўзбекистоннинг марказий ҳокимияти чиндан ҳам тўлиқ назоратга эга бўлганида, биз бугунга келиб бошқача манзарани кўрардик. Бугун кўраётганимиз эса у ёки бу ҳокимиятга эга инсонлар ўз имкониятларидан фойдаланиб, бошқаларни эксплуатация қилишидир. Улар ўзларига оқиб келаётган пул оқимларини сақлаб қолишга ва каттайтиришга интиладилар. Қонунчиликни қарайсизми, сўнгги йилларда қабул қилинган қонунларнинг аксари қоғозда чиройли кўрингани билан, амалда ҳукмдорларнинг ўз пул оқимларини каттайтиришга хизмат қилади. Буни биз божхона ходимлари, йўл тартиби назорати мисолларида кўришимиз мумкин. Бу қонунлар хавфсизликни кучайтириш баҳонасида профессионал ва менежер элиталар устидан назоратни кучайтиради. Мана шундай "бошбошдоқ" назорат, патронаж тизими пул чиқариш имкониятларини кўпайтиришга қаратилган ва мана шундай элиталарни бойитувчи тизим Ўзбекистонда мустақилликдан кейин ҳосил бўлган. Бу тизим эса эндиликда ҳукумат назоратидан ҳам чиқиб бўлган. Биз буни, масалан, пахта далаларида болаларни ишлатиш мисолида кўрамиз. Халқаро босим остида Ўзбекистон ҳукумати буни тўхтатишга ўзида сиёсий ирода топгандек бўлди, лекин маҳаллий элиталар бу ишда ҳам ҳукумат назоратига бўйсунмаётгандек. Таъбир жоиз бўлса, Ўзбекистонда рўёбга келган "нақд пул" иқтисодий тизими Қозоғистонда мавжуд тизимдан анча фарқ қилади.

Би-би-си: Ўзбекистон билан Қозоғистонни бир-бирига қиёслар эканмиз, буларда бойликларнинг юқоридан пастга тақсимланиши фарқлими ё бир хилми?

Лора Адамс: Умуман олганда бойларнинг ўта бой бўлишию, камбағал аҳолининг қашшоқланиш муаммоси иккала мамлакатда ўткир эса-да, лекин Қозоғистонда пастки қатламнинг аста-секин бойиб боришига имкониятлар мавжудлигини, Ўзбекистонда эса камбағалларнинг янада қашшоқланишини аксар кузатувчилар эътироф этишади. Ўзбекистонда ҳосил бўлган "нақд пул чиқариш" тизимининг мантиқи шундайки, пулдорлар: "Пул чиқаришнинг кейинги имконияти қаерда?" - деб заифларни эзишда давом этишаверади. Токи заифларда ҳеч вақо қолмагунча бу жараён давом этаверади. Буни ўзгартириш лозим. Чунки бундай тизим бир кунмас-бир кун синади.

Би-би-си: Бу вазиятда инсон ҳуқуқлари масаласи ҳақида нима дейиш мумкин, унга ўрин борми?

Лора Адамс: Инсон ҳуқуқлари масаласига биз бошқача бир-икки тарзда қарашимиз керак. Ўзбекистоннинг ўзида ҳам чиндан ҳам ишонилган инсон ҳуқуқлари мавжуд. Бошқаларига эса беписандлик билан қарашади. Муаммо шундаки, инсон ҳуқуқлари масаласида Ўзбекистонда гапдан нарига ўтишмаётганидир. Декларацияларга қўл қўйилади, нутқлар ўқилади, лекин ҳаётга татбиқ қилишга келганида на ирода, на қизиқиш, на уриниш мавжуд. Қоғозда Ўзбекистон ўзини бошқа мамлакатлар қатори ривожланган қилиб кўрсаткиси келади, бироқ амалда улар халқаро нормаларни татбиқ этишни ё исташмайди, ё қодир эмас.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ