Ўзбекистон Президенти ҳам "кузатув" остидами?

Фото муаллифлик ҳуқуқи THINKSTOCK

Америка Қўшма Штатларининг Миллий Хавфсизлик Агентлиги 2006 ва 2012 йиллар ўртасида Франциянинг уч президентини кетма-кет яширин равишда кузатган.

"Викиликс" сайти махфий ҳисоботлар ва агентликдан олинган техник ҳужжатларга асосланиб бу борада маълумот тарқатди.

Уларда, хусусан, Франция президенти Франсуа Олланднинг телефон суҳбатлари яширинча тинглангани айтилади. АҚШ Миллий Хавфсизлик Агентлиги бу даъволарни рад қилди.

Франция Ташқи Ишлар вазирлиги мамлакатнинг уч президенти устидан жосуслик қилингани ҳақидаги даъволар ортидан Америка элчисини суҳбат учун чақирган.

Президент Олланд "Мамлакат хавфсизлигига таҳдидларга тоқат қилинмаслиги"ни айтиб, шошилинч мажлис чақирган.

Аввалроқ, АҚШ Олмония канцлери Ангела Меркел, шунингдек, Мексика ва Бразилия раҳбарлари устидан ҳам жосуслик қилишда айбланганди.

Қўшма Штатлар ҳатто ўз иттифоқдошлари сифатида кўрилган мамлакатлар раҳбарлари устидан жосуслик қилиши айтилар экан, Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон раҳбари ҳам худди шундай "назорат" остида экани эҳтимоли қанчалар?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Тошкентдаги Стратегик Тадқиқотлар Институти собиқ директори Рафик Сайфуллин Би-би-си билан суҳбатда Ўзбекистон ҳукуматини ҳам яширинча "тинглаш"ларини истисно қилмайди.

Рафиқ Сайфуллин: Чунки, Америка махфий хизматларининг техник имкониятлари жуда кенг. Улар хоҳлаган одамини ё хоҳлаган нарсасини тинглашлари мумкин. Улар бу имкониятларидан фойдаланиб, Ўзбекистондаги жараёнларни кузатиши, ўрганиши ва назорат қилишларига шубҳа қилмайман. Сиёсий ўйинлар ўзи бу ифлос нарса ва унинг ўзига яраша қонунлари бор. Бу албатта ҳеч қандай давлат раҳбарига ёқмайди ва икки томонлама муносабатларда салбий манзара пайдо бўлади.

Би-би-си: Америка кузатувларидан ҳимояланиш шунчалар қийинми? Яъни, агар "Викиликс" фош қилмаса, Франция президенти билмай қолаверармиди уни кузатишаётганини?

Рафиқ Сайфуллин: Биласизми, "Викиликс"даги маълумотлар бу чоп қилинган маълумот. Бу ҳамма вақт бўлади, Совуқ Уруш даврида ҳам бўлган, буни ҳамма билган.

Би-би-си: Лекин Совуқ Уруш пайтида бу каби кузатувлар тез-тез фош қилинарди ва айғоқчилар қўлга олинарди.

Рафиқ Сайфуллин: Бутун дунёдаги яхши тайёрланган махфий хизматлар, хусусан Ўзбекистонники ҳам бу каби кузатувлар бўлаётганини яхши биладилар. Охирги вазиятга келсак, бу ерда кимгадир халқаро можаро керак бўлиб қолган. Аслида мен бу маълумотларни "Викиликс"нинг ўзи фош қилганига ишонмайман. Аслида буни махфий хизматларнинг ўзи қилган бўлиши мумкин ва бу ҳам шу ўйин қоидасига киради. Яъни, бу билан америкаликларга "Сиз жаҳонга хўжайин эмассиз" дея яна бир бор ишора бериб қўйишмоқчи. Америкаликларнинг ҳам махфий амаллари кузатилишини кўрсатиб қўйишмоқчи.

Би-би-си: Ўзбекистон раҳбари ҳам биладими уни кузатишларини?

Рафиқ Сайфуллин: Ўзбекистон бу минтақанинг марказий мамлакати. Бизнинг Президент Каримовни ҳам кимдир Америкада ўтириб кузатиши борасида ифлос маълумотлар чоп этилса, бу жуда ёқимсиз иш бўлган бўларди. Унинг ўзига ҳам бу ёқмасди. Лекин, бунинг юз беришини истисно қилиб бўлмайди. Яна айтаман, бу сиёсий ўйинларнинг қоидаси. Кимгадир сиёсий можарога баҳона керак бўлса, йиғилган маълумотларни чоп қилиб юборади.

Би-би-си: Агар Марказий Осиё раҳбарларини оладиган бўлсак, улар орасида келишмовчиликлар кўп. Каримов жаноблари ҳам турли сабабларга кўра баъзи қўшни раҳбарларни ёқтирмайди. Масалан, Ўзбекистон махфий хизматлари Қирғизистон ё Тожикистон президентлари устидан кузатув олиб борадими?

Рафиқ Сайфуллин: Агар мен сизга "йўқ" десам, менга ишонмайсиз. Гап бу ерда айнан қандай кузатув олиб борилишида. Қўшниларимиздаги вазиятлар диққат билан ўрганилади, чунки ахир билишимиз керак қўшнининг уйида нима бўлаётганини, унинг уйида масалан ёнғин ё сувсизлик юз бериб қолмаслиги учун. Улар ҳам Ўзбекистонни кузатишади. Бу нормал тажриба. Сиёсий келишмовчилик бор, албатта, лекин уларнинг чуқурлашиб кетмаслигига йўл бермаслик муҳимдир. Масалан, Америка билан Ўзбекистон махфий хизматларининг иш юритишидаги фарқ шуки, америкаликлар назорат қилиш ва бошқариш мақсадида маълумот йиғишади, Ўзбекистон эса бот-бот юзага қалқиб чиқадиган муаммоларни яхшироқ тушуниш мақсадида кузатади. Ўзбекистон қўшни давлатлардаги вазиятни бошқаришга уринмайди.

Би-би-си: Бу кузатувлардан ҳимояланиш мумкинми? Ўзбекистон ҳукуматини кўплар ёпиқ дейди, масалан, Каримовнинг яқин доираси жуда ёпиқ иш олиб боради. Бу ёпиқлик ўша кузатувларга қарши ҳимоянинг бир усулими?

Рафиқ Сайфуллин: Қайсидир маънода, ҳа. Аслида Ўзбекистон унчалар ҳам ёпиқ давлат эмас. Ҳар бир мамлакат, хусусан Ўзбекистондек катта мамлакатнинг ўзига хос миллий манфаатлари бор ва уларни ҳукумат мудофаа қилишга мажбур. Техник жиҳатдан, сизни махфий тинглашларидан 100 фоиз ҳимояланишнинг иложи йўқ. Чунки бу ҳимоя у ё бу мамлакатнинг қанчалар техник жиҳатдан қуролланганига боғлиқ. Ўзбекистонда бу даража анча юқори. Лекин, барибир бу кафолат эмас. Ўзи, умуман айтганда, телефон суҳбатларни ёки бошқа сирли учрашувларни тинглашнинг ўзи етарли эмас. Аслида буларнинг бари қандайдир компромат материалларни йиғиш мақсадида қилинади. Компроматлар билан эса қайсидир раҳбарни ўз йўлингга солиб олишинг ва унга таъсир ўтказишинг мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio