Матбуот куни: Журналистлар Каримовнинг энг йирик душманими?

Image caption Матбуот куни муносабати билан қатор журналистлар мукофотланди

27 июн - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Президент Ислом Каримов мамлакат журналистларини табриклади.

Ўз табригида президент журналистлар, нашриётлар, радио ва телевидение ходимлари, ҳамда шу соҳа фахрийларига ўзининг "чуқур ҳурмат"ини изҳор қилди ва журналистларни ўзининг "энг яқин фикрдошлари" дея атади.

Каримов жанобларига кўра, мустақиллик йилларида Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситалари сони 3,6 бараварга ўсган ва бугунга келиб 1400ни ташкил қилади. Унинг айтишича, ҳозирда мамлакатда 66 телеканал ва 34 радиоканал фаолият юритади.

Давлат раҳбари, шунингдек, Ўзбекистондаги нашрларнинг 60 фоизи, телерадиоканалларнинг 67 фоизи ва интернет нашрларининг 95 фоизи ноҳукумат нашлар эканини таъкидлади.

Бироқ, Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг "Жаҳон матбуот эркинлиги индекси"да Ўзбекистон мунтазам равишда энг абгор ўринларни эгаллаб келмоқда.

Мазкур индекснинг 2015 йилги нашрида Ўзбекистон 180та мамлакат ичида 166-ўринни эгаллади.

Чегара билмас мухбирлар ташкилоти хабар қилишича, Каримов маъмурияти остида Ўзбекистондаги ҳур фикрли журналистлар ноқонуний ҳибслар, узоқ муддатли қамоқ жазолари, руҳий шифохоналар ва қийноқларга юз тутадилар.

Ташкилотга кўра, ҳукуматни олқишловчи мақолалар ва ҳукумат тарғиботидан ҳоли равишда ишламоқчи бўлган журналистлар қаттиқ жазоланадилар. Жазо муддати охирига етганда эса, турли ваъжлар асосида муддат яна узайтирилади.

Журналистларни ўзининг "энг яқин фикрдошлари" дея олқишлаётган Президент Каримов, ташкилотга кўра, аслида журналистларни миллий қадриятларга таҳдид солаётган "бузғунчи кучлар" деб кўради.

Президент табригида ноҳукумат оммавий ахборот воситалари алоҳида тилга олинган бўлса-да, мустақил хорижий ахборот воситалари, хусусан Би-би-си, Озодлик, Америка Овози ва бошқа кўплаб ахборот воситаларининг Ўзбекистондаги фаолияти ман этилган.

Президент оиласига қарши халқаро саҳнада янграётган коррупция айбловлари, давлат мулозимларининг ўзбошимчалиги ва ноқонуний амалларига оид терговлар, оддий фуқароларнинг ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қийноқларга солиниши, бюджет ходимларининг мажбуран далаларда ишлатилиши, маошларнинг кесиб қолиниши, хорижда ишлаётган ўзбекистонликлар юз тутаётган қийинчиликлар каби мавзулар Ўзбекистон матбуоти учун ёпиқ мавзулар бўлиб қолаяпти.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio