Фаол Шуҳрат Рустамов: 'Мени яна руҳий касалга чиқаришмоқчи'

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Шуҳрат Рустамов мазкур ҳолатни ўзининг ҳуқуқбонлик фаолиятига боғлайди

Ўзбекистон Инсон ҳақлари альянси фаоли Шуҳрат Рустамов ҳукумат ҳуқуқ-тартибот ходимларининг ўзига қарши амалларидан шикоят қилган.

Фаолнинг Би-би-сига айтишича, 26 июн куни эрталаб Шайхонтоҳур тумани жиноят қидирув бўлими ходимлари уйига келган ва уни туман ички ишлар бўлимига олиб кетган.

"Битта шикоятингизни Республика прокуратурасидаги бир ходим тушунмаётган экан, шуни бориб тушунтириб берсангиз, яна қайтиб уйингизга келтириб қўямиз", дейишди. Мен кийиниб чиқдим, машинасига ўтирдим. Туман ички ишлар бўлимига борган пайтимиз соат 9 эди. У ерда прокурор йўқ экан... Ярим соат, 40 дақиқалар пойлаб ўтирганимиздан кейин: "Кечирасиз, биз адашибмиз, сизни шаҳар прокуратурасига олиб боришимиз керак экан", деб яна машинага ўтқизиб олиб кетишди", дейди Шуҳрат Рустамов.

Аммо, унинг айтишича, кейинги манзил Тошкент шаҳар 1-сонли руҳий касалликлар диспансери бўлган.

"У ерда кутиб ўтирганлар мени экспертизадан ўтказишлари кераклигини айтишди. Қайси асосда эканини сўрадим. Асос қилиб менга Шайхонтоҳур туман фуқаровий судининг ажримини кўрсатишди. 15 майда бўлган экан суд. Мен бу маҳкама ишида иштирок қилмаганимни, умуман хабарим йўқлигини айтдим... Кейин ажрим устидан шикоят ёзаман, деб қоғоз сўрадим. Прокурор номига шикоят ёздим. Сўнг, шифохона бош врачига ҳам ариза ёзиб, то шикоятимга жавоби чиқмагунча экспертизани тўхтатиб туришни сўрадим. Ёзганларимдан нусха олгач, уйимга олиб бориб қўйишларини сўрадим", дейди фаол.

Шуҳрат Рустамов мазкур ҳолатни ўзининг ҳуқуқбонлик фаолиятига боғлайди.

"Бу менинг фаолиятимга тўғридан-тўғри боғлиқлиги аниқ. Улар мени учинчи марта жиннига чиқаришга ҳаракат қилишмоқда. 2010 йилда ҳам, 2012 йилда ҳам бўлган. 2013 йилда мени қамаб юборишга ҳаракат қилишганди", дейди у.

2013 йилнинг ноябрида ҳуқуқ фаоли туҳмат, ҳақорат ва конституцион тузумга тажовуз қилиш каби айбловлар билан маҳкамага тортилганди.

Ўзбекистонда ҳукумат бошқарувига нисбатан мухолиф фикрлилар, танқидий қарашларини очиқ изҳор этадиган ҳуқуқ фаоллари ва мустақил журналистларга қарши таъқибу тазйиқлар кенг тарқалган.

Бундай одамларни ноқонуний тарзда руҳий касалликлар шифохонасига ётқизиш, безорилар ёллаб, кўча-куйда калтаклатиш каби ҳолатлар ҳақида ҳам хабар қилинади.

2015 йилнинг март ойи Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари алянсининг Жиззахдаги фаоли Алиқул Саримсоқов мажбуран руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилгани айтилганди.

Ундан олдинроқ эса, мустақил журналист Жамшид Каримов, норасмий Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари алянси раҳбари Елена Урлаевалар ҳам ўз ихтиёрларига қарши руҳий шифохонага ётқизилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ