BBCга айтаман: Вабодан-да хавфли иллат

Маҳаллийчилик - ўзбекнинг қочиб қутула олмаган қисматидир десам, муболаға бўлмас. Кўз очиб дунёга келган ўзбекнинг бу муаммо билан тўқнашмай иложи йўқ. Афсуски, вабодан-да хавфли бўлган маънавий “касаллик”дир бу... Вабо маълум муддат “яшаб”, саноқли кишиларнинг вужудини емириши мумкин. Ёмон иллат эса, агар унга барҳам берилмаса, йиллар, асрлар давомида неча-неча авлодларнинг онгини ва қалбини емиради...

Маҳаллийчиликнинг пайдо бўлиш аломатлари-ю, унинг жамиятга келтирган мислсиз зарарлари ҳамда тарихи анча илгарироққа бориб тақалади. Замонлар, даврлар, тафаккурлар эврилишига, таъбир жоиз бўлса, маънавий фасллар “об-ҳаво”сига қараб, қондаги, руҳиятдаги бу “микроб” ҳам гоҳ хуруж қилиб, гоҳ сусайганини, гоҳо эса тинчланганини кузатиш мумкин.

Аслида, давлат мустақиллигини қўлга киритганига чорак аср бўлган бир миллатнинг замонавий, глобаллашаётган дунё ичида яшаб туриб ҳам ҳануз бу эски иллатдан қутула олмаётгани, мазкур маънавий дардга барҳам берилиши ўрнига, аксинча, унинг ривожланишига туртки бўлиб хизмат қилаётган омилларнинг кўпайиб бораётганлиги жуда ташвишли ва ачинарли ҳол. Лекин, афсуски, чиндан ҳам кейинги беш-ўн йил ичида маҳаллийчилик авж олмоқда. Маҳаллийчилик кайфияти устун бўлган кишиларга ҳар қадамда дуч келиш мумкин: маҳаллада, боғчада, мактабда, кўчада, бозорда, олийгоҳларда, ҳатто давлат муассасаларида ҳам...

Ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб, директор ҳузурига кирган бир радиожурналистни “эгиб қўйиш”га қасд қилган бош муҳаррир: “Бўтта ман хўжайинман, мани юзимни босиб директорга кирадиганларга кўчасини кўрсатиб қўяман! Санга ўхшаб поездга осилиб келганларга ҳар қадамда ўз ўрнини эслатиб туриш керак! Кўз очиртирмаслик керак. Бўтга келиб одам бўлиб қолган илончаларни биттама-битта бошини янчиб ташлаш керак!” – дея ўшқирганлари, ўша ходимни юмма талаганларини ҳамкасблар узоқ вақт оғриниб сўзлаб юрганлари эсимда... Бу жоҳилона сўзлар оми бир кишининг эмас, одамлар маданият ўчоғи деб биладиган катта даргоҳда масъул лавозимда ўтирган олий маълумотли бир аёлнинг оғзидан чиқаётганлиги ачинарли эди.

Албатта, маънавияти юксак, кенг дунёқараш соҳиби бўлган, иймон-эътиқоди мустаҳкам инсонлар хунук вазиятларни хушхулқлик ила бартараф этиб, суҳбатдошига-да гўзал тушунчаларни ҳадя эта оладилар. Лекин ҳамма гап қаршингдаги инсоннинг тўғри маслаҳатни қай даражада қабул қила олишида...

Кунларнинг бирида шундоққина подъездимиз ёнида чамаси, 10-12 ёшлардаги етти-саккиз нафар бола бир тенгдошини ўртага олиб мазахлар, ҳақоратлар, турткилаётлаганди. Сал нарироқда кўп қаватли уйларнинг ҳовлисини супуриб юрган кекса ёшлардаги фаррош аёл супургисини оҳиста ерга қўйиб, болаларнинг ёнига келди ва сўради: “Хўш, ўртоғийлани нага хафа қивоссила?” Болаларнинг маҳмаданароғи бижирлай кетди: “Манави бола бизани мактабимизда ўқимасин! Чунки у қишлақи. Кетсин шаҳримиздан!”.

Фаррош аёл бир зум ўйга чўмиб турди-да, сўнг деди: “Сизлар бир юртнинг, бир миллатнинг боласи бўла туриб, ўз дўстингизни ранжитишингиз уят. Ваҳоланки, Тошкентимиз бир вақтлар ҳатто ўз ёвларининг боласини ҳам бағрига олгани учун “нон шаҳри”, “меҳру мурувват шаҳри” дея тилларда достон бўлган... Қишлоқликларнинг етиштирган мевалари

яхши-ю, ўзлари ёмонми? Кимнинг қай манзилда туғилиши ва қатта яшашини Аллоҳ тақдирига битиб қўяди, ризқу насибасини ҳам Ўзи беради. Шундай экан, бир-бирингизни хафа қилишга не ҳожат?... Қани энди ўртоғийладан кечирим сўрайла-чи!

Болалар ўз ишларидан уялиб, узрҳохлик қилдилар...

Иймон ва ахлоқ борасида гўзал сабоқ олган оддийгина фаррош аёлнинг тарбия усулини кўриб, раҳматли Онамнинг: “Олийгоҳ талабаларнинг фақат маълум даражадаги билимини тасдиқлаб, иш юритиши, жамиятга фойда келтириши учун “Диплом” беради, холос. Билим билан бирга ақл-фаросат, гўзал ахлоқ, кенг феъл, иймон эътиқод эса Ҳаёт дорилфунунида ўқитилади, шаклланади ва синовдан ўтади”, - деганлари ёдимга тушди...

...Таъкидлаш жоизки, маҳаллийчилик иллати фақат пойтахтдаги баъзи тоифаларнинггина эмас, вилоятлардаги аҳоли айрим қатламининг ҳам “яра”сига айланиб улгурган. Масалан, Тошкентга турли вилоятлардан келиб таълим олаётган талабалар, пойтахтда яшаб, ишлаётган баъзи одамлар орасида ҳам маҳаллийчилик кайфиятидаги кишилар борки, улар ФАН, САМ СУРҚАШ каби гуруҳларга бўлиниб, баъзан лавозим, шон-шуҳрат талашиш ортидан хусуматлашиб, бир-бирларининг “тагига сув қуйиш”лари, гоҳо зимдан гоҳо очиқ-ошкор айирмачилик қилишларини кузатиш мумкин. Бундан ташқари, аксар вилоятларда лаҳжа, шевасига қараб туманларга, туманларда эса қишлоқларга ажратиш, баъзи қишлоқларда қадимий уруғ-қабилаларни суриштириш, табақаланиш ҳануз учраб туради. БУЮК КЕЛАЖАКни ваъда қилаётган айрим “жиловбардор”лар эса, халқимиз орасидаги бундай хавфли парчаланишга барҳам бериш ўрнига, аксинча, бу “майда”ланиш ва “майда”лашишлардан шахсий манфаатлари йўлида фойдаланиб, моддий бойликка бўлган ўчликларини намоён қилаяптилар, холос. Бу, албатта, афсусланарли ҳол...

Илм сусайган жойда жоҳиллик кучаяди. Жоҳиллик турфа иллатлар, жиноятларга доя бўлади. Бугун мамлакатнинг коррупция ботқоғига обдон ботишига, ҳар соҳада сохтакорлик туфайли ишлар ортга қараб кетаётганлигига айни шу маҳаллийчилик аталмиш кўҳна иллат жиддий сабаб бўлаётир.

...Ҳар бир халқ ўз ҳаётига ўзи масъул. Ҳар бир миллатнинг ютуғи ё фожеаси ўз ҳатти-ҳаракати, феъли-табиати, танлаган йўли, тутган позициясига боғлиқ. Асрлардан буён бир миллат ўлароқ бир Ватанда яшаётган халқ “Бирлашган ўзар, бирлашмаган тўзар” деган доно нақлига амал қилмай, маҳаллийчилик аталмиш бир иллат пичоғи билан ўзини ўзи бўлаклаб, парчалашига лоқайд қараш мутлақо мумкин эмас. ВАТАН равнақи, халқ фаровонлиги йўлида бир ёқадан бош чиқариб, бир муштдек бирлашиш, дунёнинг турфа тебранишларидан бешикаст, омон қолиш, жаҳоннинг илғор мамлакатлари сафига кириш чора-тадбирлари хусусида жиддий ўйлаб кўриш вақти келмадимикин?...

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ