Эрк-тараққиёт калити

Image caption Эврил Турон (Мамадали Маҳмудов) совет даврида миллий, мустақиллик йилларида эса сиёсий қарашлари учун тақиб қилинган
Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Путин Россиясида империячилик кайфиятларининг кучайгани собиқ совет давлатларида хавотирларга сабаб бўлмоқда

Эрк йўқ юртда ўсув бўлмайди. Ҳозирги Оврўпа ва Американинг бу даражада ривожланишига нима сабаб бўлган? Эрк! Эрк - тараққиёт калити. Ўсимлик дунёсида ҳам шундай. Қушлар дунёсида ҳам шундай. Масалан: майса устига шолча тўшаб қўйсангиз, у қуёшдан, ҳаводан, сувдан маҳрум бўлади. Оқибат: Ўсувдан тўхтайди. Қафасда сақланган қушнинг қанотлари қотиб қолади. Оқибат: Парвоздан тўхтайди. СССР нима учун ўлимга юз тутди? Мия, Ақл, Онг, Идрок, Шуурни кишанлагани учун. Ҳақдан қўрққани учун. Юртлар, Эллар Марказий ( Кремл ) мия билан бошқарилгани учун. Газета, Журнал, Радио, Телевидение, Китоб нашрлари Марказ қўғирчоғига айлангани учун. СССР даврида журналист, ёзар, олимлар бир йўлдан - Кремл ясаган - қонга қотиқ қизил йўлдан юрардилар. Аниғи, юришга мажбур бўлардилар. Йўқса: Қамаларди, Отиларди, Сургун қилинарди. Бунга Чўлпон, Фитрат, Беҳбудий каби юз минглаб кишилар ( СССР миқёсида )ни мисол келтириш мумкин. Мен СССР замонида туғилдим, ўсдим, ишладим. Бутун оммавий ахборот воситаларида: СССР, КПСС, Сталин, Хрушчев, Брежнев, "Улуғ оға" эртадан - кечгача: Буюк, Қудратли, Енгилмас, Ўлмас сўзлари билан мадҳ этиларди. Ҳар куни... Ҳар куни... Бутун оммавий ахборот воситалари эртадан - кечгача Оврўпа, Американи Чирияпти, Ўляпти, Ирқчи, Эрк ва инсоният душмани, деб ёмонларди. Ҳар куни... Ҳар куни... Мақтангани, кунилгани учун ўзи ер бўлди. "Дунёга устунман" деган давлат ҳозир дунё харитасида йўқ. Лекин унинг вориси - Россия деярли ўзгаришсиз СССР сиёсатини юргизяпти. Кун бўйи: Оврўпани, Американи ёмонлаяпти. Ўзини кўкка кўтараяпти: Россия ҳеч қачон Енгилмаган, Тиз чўкмаган. Россия қудратда тенгсиз давлат, Ҳар қандай душманни янчишга қодир давлат. У бир кезлари Литвага қарам бўлганини, Татар- мўғулларга деярли 400 йил қуллик қилганини, Наполеонга тиз чўкканини, Темур соясига салом берганини унутиб қўймоқда. Россия олдин Сталин йўриғи билан иш кўрган бўлса, энди бутун дунё билиб турган Путин ёлғони билан... У гўё бир доҳийдек оммавий ахборот воситаларида кўз-кўз қилинаётир. Давлат бир мия билан эмас, минг - минглаб миялар билан ривожланади. Кремл ўз қабиҳ ишларини дунёдан яшириш учун оммавий ахборот, воситалари орқали даҳлсиз, айбсиз Украинани тинмай қоралаётир. Ундан Қримни тортиб олди. Донецк ва Луганск вилоятларини қонга ботиряпти. Рус ёзар, шоир, олим, журналистлари жим. Демак Россида: Эркин матбуот, Эркин фикр, Эркин сўз йўқ. Демак Россия радио, телевидение, газета журналлари Путин измида. Қаттиқ назоратда. Эрксевар Борис Немцов нимага ўлдирилди? Чин сўзли учун. Икки кундан кейин юз минглик йиғинда у энг муҳим ҳақиқатни ва Путиннинг кирдикорларини элга айтмоқчи эди. Улгурмади. Ўлдирилди. СССР ўлган деймиз. Лекин у ўз мазмунини сақлаган ҳолда бошқа шакл, бошқа қиёфада Россияда яшаяпти. Аввалгига нисбатан ҳам улуғ рус шовинизмига баттар қотилароқ даҳшат сочиб яшаяпти. Бу - Путиннинг ёлғон, туҳмат, зўрликка асосланган сиёсати ва оммавий ахборот воситаларининг бўғовланишида кўринаяпти. Борган сари сталинча шахсга сиғиниш авж олмоқда. Путинизм ҳам... Бу ҳол Россияни таназзулга олиб келиши мумкин. СССР каби... Чубайслар шундай фикрда. Эрксевар кишилар ҳам... Россия тузалмас даражада дунёга ҳукмрон бўлиш касалига йўлиққан. Путин, путинчилар СССР ни ўзгача бир шаклда тиклаш учун бутун макрини ишга солишяпти. Болти бўйи республикалари бу ваҳшатли хавфга қарши мардона туришибди ва ҳозирлик кўришяпти... Кавказда арман давлатидан нураш бошланди. Ўрта Осиёда Тожикистон, Қирғизистон маккор тузоққа илинди. Ҳозирча Ўзбекистон, Қозоғистон ўз ғурурларини сақлаб келишаётир. Ўз тилини унутаётган, ўрислашаётган Беларус Россия қўлида қўғирчоқ. Молдова яхлитлигига ҳам раҳна солишяпти. Украинани кўриб турибсиз... Ўрта Осиёда Ўзбек - Месхети турк, қирғиз - ўзбек савашларини келтириб чиқарган ким? Менимча, бунга изоҳ лозиммас. Тожик ҳам ўзбекка қарши қайраляпти... Яхши ҳам Ўзбекистон вақтида бу қирғиннинг олдини олди... Бироқ ҳали бу хавф туғилиши мумкин. Чунки бунинг замини 1924 йилда Кремл томонидан "бўликлаб бошқариш" учун Туркистон 5 бўллакка парчаланганда ҳозирланган. Ўчоққа ўт қаланган. Гугурт чақса кифоя... Оврўпа, АҚШ кўмагисиз Россияга бас келиш қийин. Менинг назаримда ҳозир ҳар қачонгидан кўра ҳам Ўрта Осиё Республикаларининг бир туғишган эллари эшиклари Муҳаммад Ҳоқон (Хоразм шох), Темур Ҳоқон замонларидагидек бир - бирларига очиқ, бир пул, бир бозор, энг муҳими ҳарбий бирликка эга бўлишлари лозим. Нур, Ҳаво, Сув каби. Йўқса зуғумдан узил-кесил қутилиш қийин. Ҳеч кимга сир эмас, ҳозир собиқ СССР таъсири, Россия босими Туркистон бўйлаб арвоҳдек кезиб юрибди. Қўлида:

Қопқон, Кишан, Қафас... Собиқ СССР таъсири айниқса давлатни бошқарув усулида, оммавий ахборот воситаларининг эрксизлигида кўзга ойдин ташланади. Мен СССР замонида журнал ва газеталарда ишлаганман. Цензура жуда кучли эди. Ҳар бир хабар, мақола, очерк, ҳикоя, қисса, романлар... социалистик реализм асосида ёзилиши, уларда Совет тузуми, коммунистик партия, КПСС марказий қўмитаси бош котиби, "Улуғ оға" албатта мадҳ этилиши лозим эди. Қайси журналист, олим, ёзувчи бунга амал қилмаса, "Халқ душмани" сифатида жиноий жавобгарликка тортиларди. Цензура ҳар бир сўзни "элак"дан ўтказиб, сўнг босишга изн берарди. Бирон гап, фикр цензура талабига жавоб бермаса, бу ёздиқ матбуот юзини кўрмасди. Автор "қора рўйхат"га тушарди. Менинг отим ҳам "қора рўйхат"да бўлган. 1981 йилда "Ўлмас қоялар" романим Тангри қўллови билан "Шарқ юлдузи" журналида босилганда, КГБ уни чоп этишига сабабчи бўлган журнал ходимларини ишдан ҳайдатган. Менга эса кучли босим, тазйиқ ўтказган. Ўзбекистон ССР Марказий Қўмитасининг биринчи секретари Шароф Рашидов Л.И. Брежнев билан маслаҳатлашган ҳолда мени қамоқдан олиб қолган. Шундан кейин ҳам КГБ мени кўп судраган. Унинг юзлаб савол - сўзларидан уч - тўрттасини мисол келтираман: "Нима учун "Ўлмас қоялар"ни соцреализмга амал этмай ёзгансиз? Қуюшқондан чиққанингиз шунинг "меваси" эмасми?" "Тарихда Туркистон ўз ихтиёри билан Россияга қўшилган. Сиз эса: "Чор ҳукумати Ўрта Осиёни босиб олган" деб иддао қилгансиз. Бу - буюк рус халқига туҳмат!" "Нимага романда рус кишилари иштирок этмайди? " "Нима учун асарда улуғ рус халқи ва унинг Туркистонга прогрессив аҳамияти тўғрисида бир оғиз илиқ сўз йўқ"... Ўша замонда айрим эрксевар ёзарлар қатори мен ҳам цензура тушунмайдган "тил"да, яъни "коса, коса тигада ним коса..." қабилида митти ҳикоялар ёзганман. Шундан учтасини эътиборингизга ҳавола этаман:

От

Эга жиловни силтаб, отга қамчи босиб бораяпти. Озғин Қорабайир дам ўнгга, дам чапга, дам тикка, дам қияга учмоқда . Жонивор қора терга ботган, зўрға-зўрға нафас олаяпти. Эга унга заррача шафқат қилмаётир. Арғумоқнинг бошига қамчи солмоқда, қорнига тепмоқда. Отнинг кўзидан ёш, оғзидан кўпик оқаяпти. Шўрлик ҳали замон йиқилади. Аммо эгага озор беришни ўйламаяпти...

1983, Дўрмон.

Орзу

От кишнайди, ер тепиниб, кўкка сапчиб кишнайди: - Жилов бўшалса! - дея. Ит ҳуради, девор бўйлаб югуриб ҳуради: - Занжир узилса! - дея. Қуш сайрайди, симларга бошини уриб сайрайди: - Қафас бузилса! - дея.

29.10.1985.

Тоғ дарёси

Ўркач-ўркач тоғларни оралаб дарё оқаяпти. - Алвидо! - деб қолмоқда тоғлар. - Алвидо! - деб елмоқда дарё. Бир кун ногоҳ тошлар кўчиб, дарёни тўсиб қўйди. Дарё бўғиқ ҳайқириб, тўсиққа урилди. Тўсиқ "қилт" этмади. Дарё шаштидан тушмади: Тўсиқни ёриб ўтишга интилди. Зеро бошқа йўл йўқ эди.

1983, Тбилиси.

Менимча радио, телевидение, журнал, газета, китоблар миллатни юрт, олам янгиликлари билан суғорадиган жилғалардир. Халқ уларни кўриб, ўқиб яхшини ёмондан, чинни ёлғондан, оқни қорадан ажратиб олади. Шу билан бирга, ўз билим доиралари ва дунёқарашларини кенгайтириб боради, бадиий асар, кинофильмлардан завқ олади. Гўзал ўрмон, тоғ, дарё, кўл, денгиз, океан, ўлкаларни, турли - туман ўсимлик, ҳайвонот оламларини кўриб қувонади. Қисқаси радио, телевидение, журнал, газета, китоблар кишига руҳ, илҳом, куч, кайфият бағишловчи манбалардир. Фақат ва фақат бу нарсалар ҳақиқат нури билан йўғрилган бўлса. Акс ҳолда?.. Хўш, дейлик, бизнинг бўлакланган Ўрта Осиё оммавий ахборот воситаларимиз қандай? Менинг кузатишимча, ўша ўлик СССР таъсиридан чиқишолмаяпти. "Ура - ура!..", "Яшасин!..", "Зўр!..", "Буюк!..", "Тенгсиз!.." каби ҳиссиз, олди - қочди, ёлғон сўзларга кўп ўрин бериляпти. Мазмун ўрнига кўпик бўртиб турибди. Сичқон фил қилиб кўрсатиляпти. Сезишимча, тараққиёт ёви - ёвуз цензура адолат илдизига болта уряпти, ҳақни бўғяпти. Мабодо, бизнинг оммавий ахборот воситаларимизни Оврўпа ва Америкаларникига солиштирсак кўк билан ерча айроликни кўрамиз: Бўш, Жўн, Қашшоқ, Қуруқ, Сохта, Илмсиз... Ўз миллати ва ўз ватани равнақини ўйлайдиган инсон биринчи навбатда оммавий ахборот воситаларига эрк беради. Цензурани илдизи билан қўпориб ташлайди. Ўзбекистон матбуоти ночор, оқсоқ, ачинарли. Бу мингларча эркин фикрловчи ойдинларнинг ҳам фикрларидир. "Ўзбекистон овози", "Халқ сўзи", "Правда Востока", "Миллий тикланиш", "Адолат", "Ўзбекистон адабиёти ва санъат" сингари газеталарнинг номлари жарангли. Аммо ўқувчига хавола этилаётган мақолалар мазмунан пуч, баландпарвоз. Бу газеталарнинг савияларини яхшилаш учун ўз мустақил фикрига эга бўлган, ўз миллати ва ватанини ўзидан ортиқ севадиган, иқтидорли ёшлар лозим бўлади. Газетачилар фақат кун кўриш учун эмас, элга ҳақиқат уруғларини ёйиш учун ҳам тер тўкишлари керак. Зарур бўлса, бу йўлда ўзларидан кечиб тер тўкишлари лозим. Мен Тангридан шуни сўрайман.

Бу мавзуда батафсилроқ