Қозоғистон ўз фуқароси ўлганидан кескин норозилик билдирди

Ўзбек-Қозоқ чегарасида Ўзбек чегарачилари қозоғистонлик балиқчини отиб ўлдиргани юзасидан Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги қаттиқ норозилик билдирилган баёнот эълон қилган.

Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчиси Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилган.

Баёнотда айтилишича, Ўзбекистон чегарачилари 28 июн тунида Сирдарёда балиқ тутаётган икки қозоғистонликка ўқ отган.

Ўқотар қуролдан олган жароҳати туфайли Қозоғистон фуқароси Валихон Ахметов вафот этган.

"Шу муносабат билан биз кескин норозилик билдирамиз ва Ўзбекистон чегара хизматининг ўқотар қуролни ноқонуний қўллаши, бунинг оқибатида тинч замонда Қозоғистон Республикаси фуқароларининг ҳалок бўлиши мамлакатаримиз ўртасида имзоланган Абадий дўстлик шартномаси ва Стратегик шериклик ҳақидаги битимга асосланган дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик руҳига зидддир, шунингдек, Чегарачи вакиллар фаолият ҳақидаги ҳукуматлараро келишув меъёрларига ҳам қаршидир", дейилади Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Қозоғистон томони эҳтимолий чегара бузувчилар нишонга олиниб ўқотар қурол қўлланишини номуносиб ва қабул қилиб бўлмас чора деб атайди, Ўзбек тарафидан ўз фуқароси ўлими юзасидан тўла тушунтириш талаб қилган.

Ўзбекистон чегарачилари ушбу ҳодисани чегарани бузишнинг олдини олиш деб тақдим қилганлар.

Ўзбекистон Давлат Чегара қўмитасига кўра, Ўзбек-Қозоқ чегарасини бузиб ўтишга ҳаракат қилган икки кишига ўқ отилган, улардан бири ҳалок бўлган.

Ўзбек чегарачилари 29 июн куни Ўзбек-Қирғиз чегарасида юз берган ҳодисада Қирғиз чегарачисини айблаган.

Маст Қирғиз чегарачиси Ўзбек чегарачиларини сўкиб, ҳеч бир сабабсиз Калашников автоматидан ўқ узганини, натижада Ўзбек чегарачиларидан бири жароҳат олгани хабар қилинган.

Бундан олдин Қирғиз чегара хизмати икки мамлакат чегарачилари ўртасида отишма юз бергани ҳақида хабар тарқатган эди.

Айдаркен чегара хизмати бўлинмаси "Кара-Шоро" чегара назорат нуқтасида Қирғизистон чегарачилари давлат чегараси чизиғида бўлган Ўзбекистон чегарачиларига танбеҳ бергани, бунга жавобан эса Ўзбек чегарачилари биринчи бўлиб ўқотар қуролни ишга солганларини айтган Қирғизистон Чегара Хизмати матбуот бўлими.

Қирғиз чегарачиларига кўра, Ўзбекистон чегара қўриқчилари Қирғиз ҳарбийларининг давлат чегарасига дахл қилмаслик ва чегара чизиғидан масофа сақлаш борасидаги талабига жавобан ўқ узишган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ