Марказий Осиё: Чегара билмас зўравонликлар…

Image caption Фарғона водийсидаги чегара минтақаларида аҳоли асосан чорва ва қишлоқ хўжалиги билан банд

Сўнгги ҳафталарда Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан чегарасида турфа нохуш ҳодисалар рўй бераётганига доир хабарлар тарқалмоқда.

Тожикистон шимолидаги Сўғд вилоятининг Фарғона вилояти билан чегарада ўзбекистонлик чегарачиларнинг мол боқаётган қўшни давлат фуқароларига қарата ўт очгани, оқибатда бир нафар тожикистонликнинг яраланганига доир хабарга расмий Тошкент муносабат билдирган.

Подробно. Уз нашрига кўра, Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитаси матбуот хизмати бу хабарни рад этган.

Миллий Хавфсизлик хизматининг таъкидлашича, 25 июн куни икки тожикистонлик Бешариқ туманида чегара ҳудудини ноқонуний кесиб ўтган.

Тожикистонликлар қўлга олиш жараёнида чегарачиларга қаршилик кўрсатгани айтилади.

Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизматига кўра, шундан кейин аввал ҳавога, кейин эса уларга қарата ўқ узилган.

Бунинг оқибатида Сўғд вилояти, Конибодом туманида истиқомат қилувчи 30 ёшли Тожикистон фуқароси Т.Усмонов яраланган ва Бешариқдаги касалхонага ётқизилган.

Унинг ҳамроҳи 24 ёшли Х.Қобилов қўлга олинган.

Айни ҳодиса юзасидан жиноий иш қўзғотилган.

Ўзбекистон хавфсизлик хизмати бу икки тожикистонлик қўлга олиниш жараёнида атрофда ҳеч қандай чорва моллари бўлмаганини ҳам урғулаган.

Балиқчиларга ҳужум

Image caption Ўзбек чегарачилари Сирдарёда қозоқ балиқчисини отиб ўлдирган

Ўтган ҳафта Ўзбекистон чегарачилари қўшни қозоғистонлик балиқчиларни ўққа тутгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Оқибатда бир нафар қозоғистонлик ҳалок бўлганди.

Бу борада Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Тошкентга норозилик нотасини йўллаган.

Алмати шаҳрида эса бир гуруҳ фаоллар Ўзбекистон консуллиги қаршисида пикет уюштириб, президент Ислом Каримовга ўз норозилик талабларини топширмоқчи бўлишган.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг норозилик нотасида Ўзбекистон чегарачиларининг қурол ишлатиши икки мамлакат орасидаги дўстона муносабатларга раҳна солиши урғуланган.

Чегара билмас…зўравонликларми?

Image caption Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарачилари ўртасида қонли зиддиятлар рўй бериши янгилик эмас

Ўтган ҳафта Қирғизистон билан чегарада ҳам отишма юз берган.

Қирғизистон Чегара Хизмати матбуот бўлими тарқатган хабарга кўра, 29 июн куни Айдаркен чегара хизмати бўлинмаси "Кара-Шоро" чегара назорат нуқтасида Қирғизистон чегарачилари давлат чегараси чизиғида бўлган Ўзбекистон чегарачиларига танбеҳ берган.

Қирғизистон Чегара Хизмати матбуот бўлимига кўра, Ўзбек чегарачилари биринчи бўлиб ўқотар қуролни ишга солганлар.

Айтилишича, Ўзбекистон чегара қўриқчилари Қирғиз ҳарбийларининг давлат чегарасига дахл қилмаслик ва чегара чизиғидан масофа сақлаш борасидаги талабига жавобан ўқ узишган.

Отишма икки давлат ўртасидаги чегаранинг аниқ белгиланмаган ҳудудида кечган.

Марказий Осиё чегараларининг кўпгина қисми давлат орасида якдил бир келишув билан аниқ белгилаб олинмаган.

Собиқ Шўро, ҳозирда мустақил давлатларнинг чегарада рўй берадиган тўқнашувлари асосан ана шу баҳсли ҳудудларда кечади.

Ўзбекистон Қозоғистондан ташқари барча чегарадош қўшнилари билан виза тизимига эга. Тожикистон ва Қирғизистон билан ўртадаги айрим чегара ҳудудларини эса миналаштирган.

Кузатувчиларга кўра, минтақа мамлакатлари ўртасидаги чегара оша борди-келди камайиб, улар бир-биридан тобора узоқлашиб кетишмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ