Россияда таниқли ўзбекистонлик авторитет қўлга олинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи primecrime.ru

Россия хавфсизлик кучлари ўзбекистонлик таниқли жиноятчи, "вор в законе" Гурсел Сайфуловни ҳибсга олганлар.

Сайфулов собиқ совет республикалари, хусусан Россияда Гурам Ташкентский лақаби билан машҳурдир.

У 1975 йилда Фарғона вилоятининг Қувасой туманида туғилган бўлиб, этник келиб чиқиши туркдир.

Россия Ички ишлар вазирлиги хабар қилишича, Сайфулов ҳибсга олинганида ёнидан 1,2 килограмлик гиёҳванд модда чиққан. Унга қарши Россия жиноий кодексининг 228-моддаси, яъни наркотик моддаларни ноқонуний йўл билан сотиб олиш, сақлаш, ташиш, ишлаб чиқариш айби билан жиноий иш очилган.

Гурам Ташкентский ўтмишда Россиянинг Воркута шаҳридаги қамоқхонасида одам ўғирлаш, таъмагирлик, ҳамда ноқонуний қурол сақлаш айбловлари билан 8 йилу 6 ойлик жазони ўтаб чиққан.

У Жора Ташкентский, Бахти Ташкентский ва Қамчи Кўлбоев каби бошқа "вор в законе"лар билан биргаликда Марказий Осиёдан чиққан жиноий авторитетлар қаторида тилга олинади. Булар Россияга Марказий Осиёдан гиёҳванд моддалар ташилиши, ҳамда у ердаги қамоқхоналардан карта ва бошқа ўйинлар ҳисобидан олинувчи пуллар ғазнасига бош-қош бўлиб келиши айтилади.

Россия Ички ишлар вазирлиги олган видео интервьюда Гурам Ташкентский Россия фуқаролигига эга эканлиги, бироқ асосан Туркияда, Анталия шаҳрида яшашини айтади.

"Сиз "вор в законе"мисиз?" деган саволга у "Шарҳ бермайман", дея жавоб қайтарди.

Россия ва собиқ совет ўлкаларидаги жиноий гуруҳларни бошқарган Япончик ва Дед Хасан каби жиноий авторитетлар ўлими ортидан ҳозирда жиноят оламида ўзгаришлар юз бермоқда.

Уни бошқариш учун Испания қамоғидан озод этилган "Шакро-молодой" лақабли Захарий Калашов Россияга қайтгани ва ҳозирда ўғрилар дунёсининг ғазнасини аудит қилаётгани айтилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio