Ўзбекистон ҳукумати: Қамоқхоналар ҳаммага очиқ

Фото муаллифлик ҳуқуқи steve swerdlow
Image caption Ҳукумат ҳайъати раҳбари Ислом Жасимов халқаро танқидларни қатъиян рад этган

БМТнинг Женевадаги Инсон Ҳақлари Қўмитасида ҳисоб берган ўзбек расмийлари мамлакат қамоқхоналарининг ҳаммага очиқлиги ва қийноқларнинг мавжуд эмаслигини айтишган.

Ўзбекистон ҳукуматининг Бош прокуратура, Адлия вазирлиги ва ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси вакилларидан иборат тўрт кишилик ҳайъати 8 июл куни тақдим этилган расмий ҳисобот ортидан пайшанба куни эрталаб 18 нафар мустақил халқаро экспертларнинг саволларига жавоб қайтарган.

БМТ Инсон Ҳақлари Қўмитасининг 114-сессияси доирасида ўтган савол-жавобда халқаро экспертлар Ўзбекистон қамоқхоналаридаги қийноқлар, сиёсий маҳбуслар муддатларининг узайтирилиши, Андижон воқеалари, интернетга чекловлар, болалар меҳнати, аёлларнинг мажбуран стерилизация қилиниши, чиқиш визаси ва прописка сингари масалаларни кўтарганлар.

Ҳукумат ҳайъати раҳбари, Ўзбекистон Бош прокуратураси фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи Ислом Жасимов кўтарилган масалалар борасидаги халқаро танқидларни "қуруқ гап" дея рад этган.

Унинг айтишича, Ўзбекистонда қийноқлар тақиқланган, судлар мустақил ва болаларнинг мажбурий меҳнатидан истифода этилмайди.

Жаноб Жасимов 2005 йил 13 майидаги Андижон воқеалари юзасидан холис текширув ўтказилмагани ҳақидаги саволга "Андижон масаласи Ўзбекистон учун ёпиқ" деб жавоб берган.

Ҳайъатнинг бошқа аъзолари мамлакатда фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқ ва эркинликлари тўла таъминлангани, митинг ва намойишлар ўтказиш эркинлиги ва журналистларнинг касбий фаолиятлари учун қамоққа ташланмасликларини таъкидлашган.

Адлия вазирлиги мулозимининг айтишича, мамлакатда сақланиб қолган чиқиш визаси фуқароларнинг хорижга саёҳат қилишларини қийинлаштирмайди, қайтага "соддалаштиради".

"Биометрик паспорт жорий қилиниши билан бу жараён янада соддалашди",- деб айтди мулозим.

Унга кўра, Тошкентда вақтинчалик ва доимий прописка тартиби қонунга мувофиқ амалга оширилмоқда.

Чиқиш визаси ва прописка масалаларини кўтарган экспертлар фуқароларнинг ҳаракатланиш эркинлигини чекловчи бу тартибларнинг Ўзбекистонда нима учун ҳанузгача амал қилаётгани ҳақидаги саволга ҳукумат ҳайъатидан жавоб ололмаганлар.

'Ёлғонлар'

Ўзбекистон ҳукумати мулозимлари, шунингдек, "Нима учун дунёнинг энг узоқ вақт қамоқда ўтирган журналисти Муҳаммад Бекжон озод қилинмаётгани" Мурод Жўраев ва Самандар Қўқонов сингари дастлабки жазо муддатини аллақачон ўтаб бўлган кекса маҳбусларга нисбатан нега авф қўлланмаётгани, шунингдек, Вячеслав Охунов ҳамда Елена Урлаева каби фаолларга нима сабабдан чиқиш визаси берилмаётгани ҳақидаги аниқ саволларни жавобсиз қолдиришган.

Сиёсий маҳбусларнинг муддатлари узайтирилиб қўйилишини эътироф этган ҳукумат ҳайъати вакили "бу маҳбусларни қайта тарбиялаш мақсадида қилинишини" айтган.

Ўзбекистон ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси вакили қамоқхоналарда шароитлар қанчалик яхшилангани, маҳбусларга соғлик ва бошқа хизматлар кўрсатилаётгани ҳақида гапираркан, қўмита аъзоларига "қамоқхонада шароит оғир деган гапни қаердан олдинглар, тушунмайман" хитоб қилди.

Унинг айтишича, "Ўзбекистон қамоқхоналари шаффоф ва жамоатчилик учун очиқ".

"Ўтган йили 4 нафар ўзини инсон ҳақлари ҳимоячилари деб атайдиган шахсларнинг қамохоналарга ташриф буюриб, маҳбуслар билан юзма-юз суҳбатлашишларига имконият яратиб бердик. Қамоқхоналар ҳамма учун очиқ", деб айтди ЖИЭБ вакили.

Унинг айтишича, нисбатан ёш Ўзбекистоннинг жазони ижро этиш тизими "суръат билан ривожланмоқда".

Ўзбекистон ҳукумати мулозимлари халқаро экспертларнинг мамлакатда судлар мустақил эмаслиги, фуқароларнинг шикоятларини кўриб чиқиш механизми йўқлиги, маҳалла қўмиталари фуқаролар устидан жосуслик қилиши ва ҳукуматни танқид қилувчи вебсайтларга тўсиқ қўйилгани ҳақидаги танқидларни қатъиян рад этганлар.

БМТ қўмитасидаги Ўзбекистонга бағишланган муҳокамани кузатиб турган Ҳюман Райтс Вотч вакили Стив Свердлоу ўзбек мулозимларининг "ёлғонларини ёзиб олишга улгурмаётгани"ни айтган.

"Ўзбек расмийларининг мамлакатдаги инсон ҳақларининг аҳволи борасида қайтараётган ёлғонларини ёзиб боришга улгурмаяпман", деб ёзган Стив Свердлоу ўзининг Твиттердаги саҳифасида.

У Ўзбекистон Адлия вазирлигининг ҲРВ ўзбек қонунчилигини бузгани, жумладан, молиявий ҳисоботлари шаффоф бўлмагани ва рухсат этилмаган тадбирлар ўтказгани учун мамлакатдан чиқариб юборилгани ҳақидаги даъвосини рад этган.

Ўзбек мулозимлари Халқаро Қизил Хоч ва Ҳюман Райтс Вотч каби ташкилотларнинг қачон Ўзбекистонга қайтишлари мумкинлиги ва БМТ қийноқлар бўйича маърузачисига мамлакат қамоқхоналарини бориб кўриши учун қачон изн берилиши ҳақидаги саволларга ҳозирча аниқ жавоб беролмасликларини айтишган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio