"Наманганлик журналист ва яқинларини топишда ёрдам беринг!"

Ўзбекистондаги норасмий Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Алянси журналист Барно Худоёрова ва турмуш ўртоғи вазиятидан хавотир билдириб чиққан.

Алянс фаоли Елена Урлаеванинг Би-би-сига айтишича, бирор бир санкциясиз, қонунга зид равишда Барно Худоёрова ҳибсга олиниб тутқунликда сақланаётгани ҳақидаги хабар Интернет орқали тарқалганидан кейин норинлик амалдорлар томонидан журналист оиласи аъзоларига босимлар кучайган.

Яқинда Ўзбекистонга келган ва ҳуқуқ фаолларига шикоят билан мурожаат қилган синглиси Россияга қайтиб кетишга мажбур бўлган.

Бир ҳафтадан буён Барно Худоёрова турмуш ўртоғининг мобил телефони ўчирилган, у ҳам ўзини қамаб қўйишлари мумкинлигидан хавотирда эканини айтган.

Наманганда нашр этиладиган "Ҳуқуқ оламида" рўзномасининг мухбири Барно Худоёрова 29 июн куни Норин туман Ички ишлар бўлимининг Ҳаққулобод шаҳридаги идорасига чақиртирилган ва ҳибсга олинган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Алянсига кўра, журналистнинг ҳибсга олинишига танқидий мақоласи сабаб бўлган.

"Ҳуқуқ оламида" рўзномасининг 24 апрелдаги сонида Барно Худоёрованинг "Тадбиркор ҳуқуқлари нега поймол қилинди?" деб сарлавҳаланган мақоласи эълон қилинган.

Бу мақолада ҳаққулободлик тўраларнинг қонунларни ва қонуний ҳужжатларни назар-писанд қилмасдан, тадбиркорлар маблағ сарфлаб қурган икки қаватли бинони бузиб ташлаганлари танқид қилинган.

Таниқли инсон ҳақлари Елена Урлаеванинг айтишича, ушбу мақоладан кейин ҳаққулободлик расмийлар журналист Барно Худоёровага босим ўтказишни бошлаганлар.

"Биз Барно билан Тошкентдаги Ўзбекистон Бош прокуратураси биносида кўришиб қолган эдик. У ўзига босимлардан шикоят қилиб Бош прокуратурага мурожаат қилиб келган экан. Мен унга ҳуқуқий ҳимоя таклиф қилдим. Лекин у прокуратурага мурожаати билан адолатни юзага чиқаришига ишонган эди", дейди Елена Урлаева.

Норин туман Ички ишлар бўлими терговчиси Барно Худоёрованинг ишини тергов қилаётгани маълум бўлган.

Бироқ терговчи 29 июндан буён на қариндошлари билан, на адвокатининг 48 ёшли журналист билан кўришишига изн берган.

Би-би-си Норин туман ҳокимлиги, Норин Ички ишлар бўлими билан телефон орқали боғланди, бироқ тегишли мутасадди шахслардан ўз саволларимизга жавоб олишнинг имкони бўлмади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Your contact details
Disclaimer