Музейлар каталоги ўзбек асарларининг йўқолишини бартараф қиладими?

Image caption Сафар Бекжон Гулнора Каримованинг уйидан топилгани айтилган ноёб асар билан

Ўзбекистон музей жамғармасининг миллий каталогини нодавлат музейларда сақланаётган экспонатлар билан тўлдиришга қарор қилинган. Бундай лойиҳани Ўзбекистон маданият ва спорт вазирлиги тайёрламоқда.

Мамлакатда 135 давлат ва 99 нодавлат музейлари фаолият юритади ва уларда 2 миллиондан ортиқ экспонатлар сақланади.

Музей ва галереялардан қимматбаҳо экспонат ё асарларнинг йўқолиб қолиши бир неча бор қайд этилган.

Хусусан, ўтган йил бошида мухолифат фаоли Сафар Бекжон Гулнора Каримованинг Швейцариядаги уйини ноқонуний ишғол қилиши ортидан у ердан ўзбек рассомчилигининг қатор бебаҳо намуналари, хусусан Лев Резниковнинг "Анор" картинаси топилганди.

Рассомнинг ўғли Игорь Резниковга кўра, бу асар Ўзбекистон Давлат музейи фондида сақаланиши зарур ва мамлакат ҳудудини фақат Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қарори билангина тарк этиши мумкин бўлган.

Таниқли тошкентлик рассом Вячеслав Охуновнинг айтишича, нодавлат ва давлат экспонатларининг ягона каталогга киритилиши бундай ҳолларни бартараф қилиши мумкин.

Охунов: Мен ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтсам, қатор асарларим Маданият вазирлиги қошидаги кўргазмалар дирекцияси томонидан олинганди. 90 йилларда турли ташкилот ва ваколатхонлар деворларини тасвирий санъат асарлари билан безатиш удум бўлганди. Менинг ҳам асарларим Маданият вазирлигидан ўшанда Ташқи Ишлар вазирлиги қарамоғига берилиб, шу йўсинда Москвадаги Ўзбекистон элчихонаси деворларида пайдо бўлган. Лекин кейинчалик бу асарлар умуман йўқолиб кетди. Сотиб юборишганми, ёки шунчаки бериб юборишганми, буниси менга номаълум. Бу асарларни менга қайтариш шарти билан олишганди.

Image caption Вячеслав Охуновнинг "Партия чизиғи" асари

Би-би-си: Сиз бунда кимни айбдор кўрасиз? Асарларни олган кўргазма раҳбариятиними ё бу асарларни қайддан ўтказиш тизими мавжуд бўлмаганиними?

Охунов: Кўргазмалар дирекцияси бу асарларни нимага олаётгани, қаерларда намойишга қўйиши, аниқ муддатлари кўрсатилгани - ана шу кабилар қайд этилган ҳужжатлаштириш жараёнини олиб бориши керак, албатта.

Би-би-си: Лекин мана Подробно.уз хабарига таянадиган бўлсак, Ўзбекистонда бу каби музей экспонатларини қайд қилиш ягона каталоги мавжуд экан ва мана унга энди нодавлат, шахсий коллециялардаги ашёлар ҳам киритилар экан. Бу қадам самарали бўлади деб ўйлайсизми сиз билан бўлгани каби ҳолатларнинг олдини олиш учун?

Охунов: Мен санъат асарларини йиғиш билан шуғулланадиган қатор коллекционерларни биламан. Улар учун бу қадам ижобий ҳолат. Чунки асарлар бу каби каталогларда қайд этилса асарга қандайдир қонунуий асос, тарих берилгандек бўлади. Уни савдога қўйиш ҳам осонлашади, чунки қалбаки эмас, ҳақиқийлиги ҳам қайд этилган бўлади. Лекин, бунинг ҳам турли жиҳатлари бор, масалан солиқлар тўламай ноқонунуий йўлда машҳур асараларни сотмоқчи бўлганлар атайлаб бу каталогга асарларини қайд қилмасликлари мумкин. Бошқа томондан, қалбаки асарлар муаммоси ҳам мавжуд. Қалбаки асарга эга шахс учун каталогга бу асарни киртиши фойда беради, яъни бу унинг қалбаки асарига қонуний мақом беради.

Би-би-си: Мана шу каби ягона каталогнинг мавжудлигига қарамай, биз биламизки, Ўзбекистон музейларида бўлган баъзи машҳур асарлар ўтган йили хориждаги таниқли шахсларнинг виллаларида эканлиги маълум бўлди, демак, барибир самара бермаяпти экан-да?

Охунов: Қонунлар ишламаган вазиятда одамлар ўзлари билганча яшайдилар, деган гап бор-ку. Таниқли шасхларнинг яқинлари, расмийлар ана шу йўлда иш тутганлар-да. Улар учун божхона ҳам тўсиқ эмас, ўз вазифаларидан суистеъмол қилиб бу ишларга қўл урадилар, ҳеч ким уларга гап уқтира олмайди. Коррупция мавжуд экан, бу каби ишларни амалга ошириш имконли бўлиб қоларверади. Ҳақиқий аудитни йўлга қўйиб, сохта асарларни аниқлашни ташкиллаштириш керак. Чунки асарнинг ўрнига сохтаси қўйилган бўлса, бунга қарши қандай курашиш керак? Буни аниқлай оладиган Юқори малакали мутахассилар керак. Бу жуда мураккаб иш, расман каталог тузиш осон, лекин ҳақиқийликни аниқлаш осон иш эмас.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ