Ўзбекистонлик ёш: "Гулнора Каримова судда ўзини ҳимоя қилсин"

Image caption Ҳикматулла Убайдуллаев ўз очиқ хати билан ижтимоий тармоқларда қизғин баҳсларга сабаб бўлди

Ижтимоий тармоқларда Гулнора Каримованинг яна халққа қайтарилишини сўраб очиқ мактуб тарқалган. Мактуб муаллифи - Тошкентдаги жаҳон тиллари университетининг 2-курс талабаси, 19 ёшли Ҳикматулла Убайдуллаев.

Убайдуллаев ўз хатида Каримова хоним ўз меҳри ва саҳийлиги билан ёшларни қўллаб-қувватлаб келгани, спорт ва маданият соҳаларига ажратган грантлари, саломатлик йўлида ўтказган марафонлари ва хайрия тадбирларини тилга олади. У Каримовани "биз учун дўст, опа ва она эди", дея хотирлайди.

У, шунингдек, тақа-тақ тўхтатилган Фонд Форум фаолияти ва унинг ўрнини эгаллаш уринишлари ҳақида гапиради.

Гулнора Каримова Ўзбекистонда ўзининг энг яқин шериклари қамоқ жазосига ҳукм этилгани ортидан, бир ярим йилдирки уй ҳибсида сақланмоқда.

Муаллифнинг ишонишича, "баъзи одамлар" Каримовани рақиб ва таҳдид деб кўриб четлатганлар, атрофидагилар эса ундан фойдаланганлар. Ҳикмат Убайдуллаев ўз мактубида аниқ исм-шариф ё ташкилотларни келтирмаган.

Би-би-си у билан боғланиб, аввало унинг Гулнора Каримовага алоқаси ҳақида сўради.

Убайдуллаев: Гулнора Исломовна билан менинг ҳеч қандай алоқам бўлмаган. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ахборот бўлимида стажёр бўлиб ишлаганман Гулнора Каримова фаол бўлган вақтларида. Фонд Форум, Келажак овози оиласига, афсуски, ҳеч қандай алоқам бўлмаган. Бу хатни ёзиш фикри менга икки йилча аввал келган, жаҳон тиллари университетига кираётганимда бошқа абитурентлар билан ҳам гаплашгандим. Шу темада жуда кўп гаплар бўлган, кўпчилик Гулнора Каримованинг ўрни билинаётгани ҳақида гапирган. Улар ёшларга ёрдам берганлари ҳақида гапирилган.

Би-би-си: Алоқангиз бўлмаса, унда нима учун бундай очиқ хат билан чиқяпсиз?

Чунки мен Ўзбекистон ёшлари (қатори)га кираман ва бизнинг ҳаётимизда Гулнора Каримованинг қилган ишлари жуда катта аҳамиятга эга бўлган эди. Мен Фонд Форумга алоқам бўлмаган бўлса ҳам, уларнинг ҳар бир тадбирларида меҳмон сифатида қатнашганман.

Би-би-си: Сиз хатни Ўзбекистон ёшлари номидан ёзганингизни айтибсиз. Лекин, бутун Ўзбекистон ёшлари номидан ёзишга сиз ҳақлимисиз? Уларнинг фикри қандай эканини биласизми?

Бутун Ўзбекистон ёшлари фикрини билмасам ҳам, кўпчилик билан гаплашганимда менга шундай фикрлар билдиришган. Гулнора Каримова актив пайтларида жудаям катта рол ўйнаганлари ҳақида. Фонд Форум жуда катта грантлар ажратарди. Кўп ёшлар билан гаплашганимизда шу ҳақида гаплашганмиз ва уларнинг фикри ҳам меники билан бир хил. Балки улар ўз фикрларини интернетда ошкора гапиришга қўрқарлар.

Би-би-си: Нима учун қўрқишади?

Билмадим. Ҳар хил сабаблари бор. Лекин бизда ҳеч қандай муаммо йўқ давлатимиз томонидан. Очиқ гапириш ҳуқуқига эгамиз ва рухсат бор.

Би-би-си: Сизга маълумми Ўзбекистон прокуратураси ўтган йили Гулнора Каримовани уюшган жиноий гуруҳга алоқадорликда гумон қилиб хабар тарқатгани? Бу гумон кучда қоляпти, чунки прокуратура бошқа хабар тарқатмади. Шунингдек, қатор Оврўпо давлатлари ва АҚШда унга тааллуқли терговлар олиб бориляпти, булардан хабардормисиз?

Ҳа, албатта хабардорман, лекин бу, сиз айтганингиздек, фақат гумонлар. Гулнора Каримовани ўғриликда айблашяпти деб ўйламайман ва ҳали суд ҳам бўлмаган. Буни ҳеч ким ҳали исботлаб бермади.

Би-би-си: Демак, суд бўлмагунча у айбсиз, шундайми?

Ҳа.

Би-би-си: Суд бўлишини хоҳлайсизми сиз?

Ҳа. Судда ўзларини ҳимоя қилишларини хоҳлайман. Чунки Гулнора Исломовнанинг ҳеч қандай айблари йўқ деб биламан.

Би-би-си: У 1 миллиард долларга яқин пора олганликда гумон қилиняпти ва бу пуллар Ўзбекистон халқи фаровонлиги йўлида ишлатилмасдан, Швейцариядаги банк ҳисобларига ўтказилганлиги айтиляпти. Нима учун шунча терговлар ўтказилаётган бўлса-да, сиз унинг айбсиз эканига ишонасиз?

Америкадаги 300 миллион доллар ўтказилгани ҳақида шуни айтишим мумкин, мен бу пуллар кимники эканини билмайман. Бу пулларни музлатиб қўйишди, лекин бу туҳмат, биз бу пуллар кимники эканини билмаймиз.

Би-би-си: Лекин, Каримованинг энг яқин шериклари - фуқаролик эри Рустам Мадумаров ва ўнг қўли саналган Гаянэ Авакянлар Ўзбекистоннинг ўзида иқтисодий жиноятларда айбдор деб топилиб, қамалдилар. Каримованинг ўзи билмаган деб ўйлайсизми энг яқин одамлари жиноятчи бўлганини?

Мен ўз хатимда ҳам шу ҳақида ёзганман. Унинг атрофидагилар уни ёмон аҳволга солиб қўйишган. Мен Гулнора Исломовнанинг номларидан иш қилинган деб ўйлайман. Гулнора Каримова бу ҳақда билмаганлар.

Би-би-си: Гулнора Каримованинг номидан Гаяне Авакян иш қилган бўлса, Авакянга қарши Оврўпода жиноий тергов очилгандан кейин ҳам Каримова хоним у билан бирга суратга тушиб "Биз биргамиз" деб Твиттерда чоп қилганди. Каримова хоним яхши хабардор эди-ку шериклари устидан кетаётган терговлардан?

Афсуски, бу ҳақида хабарим йўқ.

Би-би-си: Хатингизда Гулнора Каримовани баъзи одамлар кучли рақиб ва таҳдид деб кўриб, четлатганлар деб ёзибсиз. Баъзи одамлар дея кимни назарда тутяпсиз?

Мен ишонч билан айта оламанки, бу одамлар кимлигини мен умуман билмайман. Лекин, Гулнора Каримованинг ўзи икки-уч йил аввал Твиттерда ёзиб, унинг тагини кавлашаётганлари ҳақида ва Фонд Форум ёпилишига уринишлар бўлаётганини ёзганди. Шу гапларидан келиб чиқиб бу нарсани ёздим. У инсонлар ким экани ҳақида менинг хабарим йўқ.

Би-би-си: Лекин, хатингизда "жуда яхши биламиз уни четлатишганини" деб ёзибсиз. Жуда яхши билсангиз, у одамлар кимлигини ҳам билишингиз керак, шундай эмасми? Билмай туриб, "баъзи одамлар" деб ёзиш масъулиятсизлик эмасми? Айниқса ўзбекистонлик ёшлар номидан ёзаётган бўлсангиз.

Мен боя айтганимдек, Гулнора Каримованинг твитларидан келиб чиқиб ёзганман бу гапларни.

Би-би-си: Лекин, Гулнора Каримова очиқча айтган бу одамлар кимлигини - ўз онаси, синглиси ва Миллий Хавфсизлик Хизмати раҳбариятини айблаган. Нима учун билмайман деяпсиз? Ё қўрқасизми уларнинг номини келтиришга?

Номларини келтиришдан қўрқмайман. Яна бир марта қайтараман, бу ҳақида маълумотим йўқ.

Би-би-си: Лекин, Гулнора Каримова очиқча айтган-ку уларнинг исмларини.

Бу ҳақида маълумотим йўқ, узр.

Би-би-си: Гулнора Каримованинг ўрнини эгаллаб олишга уринаётганлар ҳақида ёзибсиз. Ким унинг ўрнини эгалламоқчи бўляпти?

Адашмасам, бир йил олдин, ёз ойида Handmade деган бир тадбир бўлиб ўтди. Мен шу тўғрисида айтгандим. Бу ўзбек халқининг маданияти ва анъаналарига боғлиқ тадбир эди. Буни ким уюштирганини билмайман. Лекин, улар Фонд Форум қўллаган дизайнларни шундайлигича олиб, ҳеч ўзгартирмай тақдим қилишди. Бунинг ҳеч қандай натижаси бўлмади. Фонд Форумдек шов-шувга молик бўла олмади бу тадбир.

Би-би-си: Сиз Каримова амалга оширган мингта тўй, мингта суннат тўй лойиҳаси ва саратон касалига қарши марафонлар ҳақида ёзибсиз. Баъзи маҳаллий тадбиркорлар улар бу тадбирларга пул ажратишга мажбурланганлари ҳақида шикоят қилганлар. Гулнора Каримова ўз чўнтагидан пул чиқармагани борасида танқидлар янграганини биласизми?

Менимча, бу фақат гумонлар бўлса керак. Чунки, мен ўйлашимча, Гулнора Исломовна ўзларининг ёнларидан ва келиб тушган хайрия пулларидан ёрдам берганлар. Касал аёлларга ва бошқа грантлар шу пуллардан ажратилган деб ўйлайман. Хатимда "Кимдан энди ёрдам кутишимиз мумкин?" деган жойи бор. Ижтимоий тармоқларда шунга кўп фикр билдирилди. "Давлат сизга ёрдам бермаяптими?" деган саволлар ҳам бўлди. Албатта бизнинг давлатимиз жуда катта ёрдам кўрсатяпти. Лекин, Гулнора Каримованинг жойлари жуда бошқача эди, улар билан ёшларнинг мулоқоти жуда осонлик билан кечарди. Расмийларга чиқиш учун расмий хатлар ёзиш керак, лекин Гулнора Каримова билан твиттерда, фейсбукда ё Фонд Форумнинг офисига бориб гаплашсак ҳам бўларди. Ҳар бир инновацион идеямизга ёрдам берардилар.

Би-би-си: Сиз Гулнора Каримовани "замонавий Ўзбекистоннинг юзи" деб тасвирлабсиз. Сизга фарқи йўқми шунча жиноий терговлар марказида турган аёл замонавий Ўзбекистоннинг юзи бўлса?

Бунга Умар Ҳайёмнинг сўзлари билан жавоб бера оламан, яъни, фақат бирон иш қилган одамни муҳокама қиладилар. Фақат яхши одамлар ҳақида орқасидан гапиришади. Ҳар доим ҳам ҳаммани мамнун қилиб бўлмайди, норозилар ҳамма вақт топилади.

Би-би-си: Лекин, халқаро матбуотда кенг равишда айтилганидек, 1 миллиард долларни ўғирлаш анча одамни норози қилса керак, агар исботланса?

Ҳозирча бу исботланмаган ва мен Гулнора Каримова бу пулларни ўғирлаган деб ўйлаймайман.

Би-би-си: Бу хатни ёзишдан мақсадингиз нима?

Бу фикримдан мақсадим, ўз фикримни ва дўстларим фикрини билдирмоқчи эдим, холос.

Би-би-си: Сизга маълум бўлса керак, Ўзбекистонда деярли ҳеч қандай қарор, айниқса президент оиласига тааллуқли қарор Президент Ислом Каримовнинг хабарисиз қабул қилинмайди. Гулнора Каримовани ҳам уй ҳибсига олиш қарори ортидан президент турганига ишонасизми?

Йўқ. Алоқалари йўқ деб ўйлайман.

Би-би-си: Ким турган бўлиши мумкин унда?

Хабардор эмасман.

Би-би-си: Демак, президентнинг алоқаси бўлмаса, унда Президент Каримов ўз оиласи ва мамлакатдаги ишлар устидан назоратни йўқотган демоқчимисиз? Президентнинг қизини биров уй ҳибсига ўтқазиб қўйган деяпсизми?

Мен бу билан Ўзбекистон президенти ўз оиласи устидан назоратни йўқотди демоқчи эмасман, мен айтмоқчиманки, балки улар билмаслар. Балки, хабардор бўлсалар ҳам, суд бўлишини кутаётгандирлар. Балки, ҳамма нарса аён бўлишини кутаётгандирлар. Аслида нималар бўлаётганини мен билмайман.

Би-би-си: Ўтган ҳафта Гулнора Каримованинг туғилган кунида баъзи таниқли ёшлар, хусусан актёр ва хонандалар табриклашди. Баъзи фикрларга кўра, ҳозирда бу каби чиқишлар билан Каримовани яна саҳнага қайтариш ва унинг номини оқлаш уринишлари қилиняпти. Сизнинг хатингиз ҳам шу уринишларнинг бир қисмими?

Ҳа. Яна саҳнага қайтишларини ва яна бизга ёрдам беришларини жудаям хоҳлардик. Ҳозирги кунда президентимизнинг иккинчи қизлари - Лола Каримова қилаётган ишлардан ҳам жудаям мамнунман. Улар ёшларга гимнастика бўйича ҳам ёрдам бермоқдалар. Балки, улар бирга ишлашса, жудаям зўр бўларди.

Би-би-си: Улар бир-биридан нафратланишини сиз биласизми?

Ҳа, биламан, лекин агар Гулнора Каримова яна пайдо бўлсалар ва ўзлари айтганларидек "Бирдамлик - куч" деб ишласалар жудаям зўр бўларди деб ўйлайман. Чунки Гулнора Каримова ҳам, Лола Каримова ҳам фақат Ўзбекистон халқи ва ёшлари учун ишлашмоқда.

Би-би-си: Сиз ё хатингиз ортида қандайдир ҳукумат идоралари ё сиёсий расмийлар турибдими?

Йўқ, буни ҳеч ким билан муҳокама қилмаганман. Фақат дўстларим билан. Ўз фикримни бир жойга жамлаб олганимдан кейин шуларни интернетда ёзишга қарор қилдим.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ