Лола Йўлдошева лицензиясидан айрилди

"Лола" тахаллуси билан ўзбек эстрадаси ишқибозларига яхши таниш бўлган хонанда Лола Йўлдошеванинг лицензияси "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси томонидан бекор қилинди.

"Хонанда Юлдашева Лола Равшанбековна томонидан Лицензия битимида назарда тутилган талаб ва шартлар бузилганлиги сабабли, хонанда номига берилган лицензиянинг амал қилиш муддати "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-24 моддалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 11 ноябрдаги 498-сон Қарорининг 1-иловаси 35-бандига асосан, 2015 йил 14 июлдан тугатилганлигини маълум қилади", - дейилади бирлашманинг сайтидаги қисқа баёнотда.

"Ўзбекнаво" Лоланинг лицензияси қандай сабаблар билан тугатилгани борасида тафсилотларни бермаган.

Аввалроқ Лола саҳнада ва клипларида ўзбек миллий қадриятларига зид равишда очиқча кийиниб чиққани, хусусан ҳамкасби Райҳон билан айтган дуэти чоғидаги ўзини тутиши "Ўзбекнаво" томонидан қораланган ва Лолага танбеҳ берилганди. Лола ўз "қилмиш"и учун кечирим сўраган.

Лола Йўлдошева "Тарона Рекордс" овоз ёзиш компаниясининг директори, ўзбек эстрадасида қудратли саналган Равшан Йўлдошевнинг қизидир.

У 1985 йилда Хоразм вилоятида туғилган ва болалигида "Ширибом" сақичи рекламасидаги чиқишлари орқали ўзбекистонлик мухлислар назарига тушганди.

Сўнгра у онаси, укаси ва икки синглиси билан Лондонда яшаб, мактабда таҳсил олди.

Унинг отаси Равшан Йўлдошев таниқли хонанда Шаҳзода билан никоҳдан ўтган бўлиб, у билан бир фарзандга эга.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio