Мурод Жўраевнинг муддати 2016 йил январигача узайтирилган

Image caption Мурод Жўраев ҳозирги кунда Ўзбекистон қамоқхонасида энг узоқ- 21 йилдан бери сақланаётган сиёсий маҳбус ҳисобланади.

Ўзбекистон Олий маҳкамаси сиёсий тутқун Мурод Жўраевга нисбатан чиқарилган ҳукмни ўз кучида қолдирган.

Бу ҳақда "Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари учун" ташкилоти хабар бермоқда.

Шу тариқа, Мурод Жўраев 2012 йил 3 декабрда чиқарилган охирги ҳукм устидан шикоят қилиш бўйича барча босқичлардан фойдаланган ҳисобланади.

Мурод Жўраев ҳозирги кунда Ўзбекистон қамоқхонасида энг узоқ- 21 йилдан бери сақланаётган сиёсий маҳбус ҳисобланади.

1990-йиллар бошида Ўзбекистон парламенти депутати бўлган ва Муборак шаҳар ижроия қўмитаси раиси лавозимида ишлаган Мурод Жўраев СССР тарихида коммунистик тузумдан қутулиш йўлида амалий қадам қўйган илк сиёсатчилардан.

У Ўзбекистонда биринчи бўлиб коммунистик партиянинг бошланғич ташкилотини тугатган эди.

Кейинчалик парламентда ўз мустақил фикри ва танқидий қарашлари боис ҳам тилга тушган кам сонли депутатлардан бирига айланади.

Аммо Ўзбекистон ҳукумати уни 1994 йили куч билан ҳокимиятни қўлга олишга оид ҳаракатларда айблаб, узоқ йилга ҳукм этади.

Қачон озодликка чиқиш вақти яқинлашса, унга яна қўшимча муддат беришади. Бу вақт ичида Мурод Жўраевнинг тутқунликдаги муддати қамоқхона тартибини бузганлиги- сабзи тўғрашга чиқмаганлиги, қамоқхона ичкарисида туфли кийиб юрганлиги каби "қонунбузарликлари" учун сунъий равишда 4 марта узайтирилган.

Мурод Жўраевга берилган охирги муддат шу йилнинг ноябр ойида ниҳоясига етиши керак эди.

Мурод Жўраев устидан охирги маҳкама 2012 йил 4 декабрда Олмалиқда бўлиб ўтган. Ва у Жиноят кодексининг 221 моддаси "Жазони ижро этиш бошқармаси маъмуриятининг қонуний талабларини бажармаганлиги" учун жазо муддати 3 йилу 24 кунга узайтирилган. Ушбу модда билан Мурод Жўраев қамоқхона ичида 4 марта, биринчи ҳукмдан буён эса бешинчи судланишидир.

Ўзбекистон Олий маҳкамаси билдиришича, Мурод Жўраевнинг айби гувоҳлар С. Жўраев, А.Умаров, Н. Абдураҳмонов, Н. Рустамовларнинг кўрсатмалари орқали исботланган.

Ўзбекистондаги сиёсий маҳкумларнинг муддатини узайтириш мақсадида айнан шу 221 модда ишлатиб келинади.

Халқаро инсон ҳақлари ташкилоти бу ҳолатга кўп бор эътибор қаратишган.

Ўзбекистон ҳукуматининг ўзи мамлакатда сиёсий маҳбуслар борлигини доим инкор этади.

2015 йил 9 июлда БМТнинг инсон ҳақлари бўйича қўмита йиғилишида Ўзбекистон ҳайъати маҳкумларга 221 модда атайлаб ишлатилишини рад қилиб, қамоқхона маҳбусларни қайта тарбиялаш маскани эканини таъкидлаган. Ўзбекистон ҳайъати раҳбари Ислом Жасимовнинг сўзларига кўра, агар қамоқхона тартибига риоя қилинса, 221 модда билан жазога тортилмайди. Бироқ Ўзбекистон ҳукумати мулозимлари, йиғилишда "Нима учун Мурод Жўраев ва Самандар Қўқонов сингари дастлабки жазо муддатини аллақачон ўтаб бўлган кекса маҳбусларга нисбатан нега авф қўлланмаётгани ҳақидаги саволларни жавобсиз қолдиришган.

Мурод Жўраевнинг рафиқаси Холбика Жўраева Би-би-си билан суҳбатда эрининг соғлиги ўта абгор аҳволдалиги, шу йил ноябр ойида қамоқ муддати тўлиқ тугаб, озодликка чиқарилишига умид қилаётганини айтган эди.

Холбика Жўраева турмуш ўртоғининг озод этилишини сўраб шахсан Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга, БМТга, АҚШ элчихонасига, қатор халқаро ташкилотларга мурожаат қилган.

"Лекин хўжайиним қачон қамоқхона эшигидан чиққанларини кўрмасам, ишончим ҳам деярли тугаб бўлди, худди аросатда қолган одамдекман. Мени қамаб қўйсалар ҳам, у киши чиқиб болаларимнинг ёнларида бўлсалар, деб ўйлайман",- деб айтганди Холбика Жўраева.

"21 йилни ўтказдим, эрта келадилар, индин келармикинлар деб. Ҳеч тушуна олмаяпман Мурод Жўраевнинг нимага чиқарилмаётганларига. Бу киши Ўзбекистон Олий Советининг депутати бўлганлар. Билмайман нимага чиқарилмаяпти. Шу саволни ўзимга ўзим бериб, жавобини ҳеч томолмаяпман тўғриси. Кечалари тонг отгунча ўйлаб чиқаман. Кимлар билан учрашганимда ҳам мана шу саволни бераман. Нима сабабдан чиқмаяптилар?-деб. Агар ўрнига ўрин керак бўлса мени қамаб қўя қолинглар, агар кафолат керак бўлса майли қанақа кафолат бўлса, ўртага болаларимни қўйиб кафолат қиламан, деб ҳамма сўзларни айтганман. Лекин мен тушуна олмаяпман, нима сабадан эканлигига. Чунки одам ўлдирганлар чиқяпти, катта-катта жиноят қилганлар чиқяпти. Майли гуноҳкор ҳам десинлар, лекин наҳотки битта инсонга шу даражада бўлиши мумкин. Одамга бир марта қамоқ бериладику. Ўн марта берилмайдику ахир?! Бу кишига йиллари тугаганидан кейин яна тўрт марта қўшиб берилди. Яна берса бешинчи марта бўлади", деган эди Мурод Жўраевнинг рафиқаси Холбика Жўраева Би-би-си билан суҳбатда.

Мурод Жўраев қамалганида туғилган учинчи ўғли Аҳрор бу йил 21 га кирди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio