ЎИҲнинг "молиячи"си АҚШга экстрадиция қилинди

АҚШ Федерал Қидирув Бюросининг маълум қилишича, террорчи ташкилотлар рўйхатида бўлган Ўзбекистон Исломий Ҳаракатини қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ айбловлар билан Ирфон Демиртош маҳкамада ҳозир бўлган.

54 ёшли, Демиртош Голландия ва Туркия фуқаролигига эга бўлиб, 2015 йил январ ойида Олмонияда ҳисбга олинган. 17 июл куни АҚШга экстрадиция қилинган.

Колумбия маҳкамасида эълон қилинган айбловларда айтилишича, Насрулло лақабли Ирфон Демиртош хорижий террорчи ташкилот сифатида кўрилган Ўзбекистон Исломий Ҳаркатини моддий ва янги аъзоларни ёллаш билан қўллаб-қувватлаган.

"Бу йўлда у ҳайрия йўли билан молия йиғиш ва аъзоларни ёллаш амалларидан фойдаланган", деди Бош қораловчи ўринбосари генерал Карлин.

АҚШ расмийларига кўра, Демиртош ҳозирда халқаро терроризмда айбловлар билан маҳкамага тортилаётган тўрт айбланувчидан биридир. Бошқа айбланувчиларнинг миллати ва исмлари ҳақида маълумот берилмаган.

Ирфон Демиртошга илк бор айбловлар 2011 йили декабр ойида 2006-2008 йиллар орасида олиб борган фаолиятлари асосида сурилган экан.

Айтилишича, Демиртош террорчи ташкилотни моддий жиҳатдан қўллаш айблови асосида 15 йил, террорчи ташкилот сафида ҳарбий машқдан ўтгани айблови асосида 10 йил ва ўқотар қуролга эга бўлиш ёки ишлатиш айблови асосида 30 йилга қадар қамоқ жазосига юз тутиши мумкин.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати 2011 йил сентябр ойида АҚШ Давлат Департаменти томонидан хорижий террорчи ташкилотлар рўхатига киритилган.

АҚШ Федерал Қидирув Бюроси томонидан чиқарилган баёнотда ҳозирда Ирфон Демиртошга қилган амаллари асосида айбловлар илгари сурилганлиги ва маҳкама томонидан айбдор, дея топилмагунга қадар айбсиз ҳисобланиши таъкидлаб ўтилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio