Зарварақлар: Улуғбек ё шоир бўлиб кетган олим

Хайрулло Исматуллаев

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Улуғбекни тасвирлаган миниатюра

Ҳамма нарса - давру даврон ҳам, тахту равон ҳам, кайфу сафо ҳам, Оқсараю Кўксарой ҳам – ҳамма ҳаммаси ўткинчи эканлиги айнан ҳозир, асрлар алмашувида яққол сезиляпти. Кўҳна тарих саҳифаларини бир-бир варақлаб, фақат ватанга ва илмга фидо этилган умр ҳеч вақт ўткинчи бўлмаслигига, зое кетмаслигига яна бир бор амин бўлади киши

Улуғбек жонига қасд қилингандан бери ўтган беш юз элликдан ортиқ йил давомида қанча-қанча амирлар, шоҳлар, султонлар, президенту биринчи котиблар ўтиб кетди, қанча-қанча салтанатлар инқирозга юз тутиб, йўқлик қаърига кириб кетди. Кўплари ўзидан из қолдирмади, яхши, хайрли из қолдирмади.

Бироқ кўкда, илм осмонида олти асрдан бери бир ёрқин юлдуз - Улуғбен ҳамон ёғду сочиб турибди.

Бизнинг қўлимизда Улуғбекнинг икки нодир сурати сақланяпти. Бири рангли сурат форс миниатюра санъати мактаби намояндаси бўлган рассом томонидан 17 асрда яратилган бўлиб, унда Улуғбекдан ташқари яна олимнинг 25 та шогирди, сарой аҳли тасвир этилган. Улуғбек шогирдпари даврасида суҳбат устида тасвирланган. Энг таниқли шогирди Али Қушчи Улуғбекнинг чап ёнида кўрсатилиб, у буюк олим билан суҳбатлашаётган ҳолда тасвирланган. Бу нодир сурат ҳақида дастлаб 1970 йили Англияда чиқадиган "Нistоrу Today" ("Бугунги тарих") журнали саҳифаларида таниқли инглиз олимаси ва ёзувчиси, "Жаҳонгир Темурланг" романининг муаллифи Хилда Хукхем мақола эълон қилганди ["Нistory today", London, 1970, No.З, p.209], кейинчалик бу расм Ҳенри Виенчекнинг "Осиё устида бўрон" (Henry Wiencek, Storm across Asia, Nеw Yогк, НВJ Pгess, 1980, Printed in Italy, р.84) китобига илова қилинди.

Улуғбекнинг иккинчи сурати таҳминан 1440 йилда Самарқандда ўз юртимиз рассоми томонидан чизилган бўлиб, Улуғбекнинг шу кунларгача топилган энг нодир сурати ҳисобланади. Бу суратнинг асл нусхаси Низомий "Хамса"си саҳифасига чизилган ва у ҳозир Туркиядаги музейда сақланади. Биз мана шу суратнинг ҳам нусхасини олишга муваффақ бўлдик.

Улуғбекнинг бу ўта нодир сурати ҳақида илк бор асли Ўрта Осиёлик бўлган тарихчи Абдулҳай Ҳабибий ўзининг «Темурийлар даври санъати ва санъатга оид асарлар" номли китобида маълумот берган ҳамда бу суратни "Аз Султон ул-Аъзам Улуғбеки Гўрагон" ("Буюк султон Улуғбек Кўрагон") деб атаган.

А. Ҳабибийнинг асари 70 саҳифали китоб бўлиб, унда тарихчи олим 2642 та санъат асарига изоҳ беради. Бу олимнинг 33 та китоби чоп этилган. Унинг отаси Мулла Ҳабу Охунд ҳам олим бўлган. Мулла Ҳабу Охунд Улуғбекнинг "Зиж "ини шарҳлаган ва "Зижи Улуғбеки" номи билан чоп эттирган.

Замонавий китобхон Улуғбек ҳақида фикр юритганида, албатта, уни турлича тасаввур қилади.

Ҳатто ёзувчи-шоирларимиз, рассому ҳайкалтарошларимиз ҳам ўтмиш классикларимиз сажияларини ўз асарларида тиклашга ҳаракат қилганларида, нима учундир, ҳар сафар бу буюк инсонларни забардаст, тоғни урса талқон қилиб юборадиган даражадаги Алпомишлардек кўрсатадилар.

Ўрта асрларда Осиё мамлакатларида яратилган суратларда бундай эмас. Биз фикр юритаётган бу икки суратда ҳам Улуғбекнинг шакл-шамойили табиий яратилган.

Шўро ёзувчиларининг Улуғбекка берган таърифлари кўҳна тарих бу буюк инсон ҳақида қолдирган маълумотларга ҳамма вақт ҳам мос келавермайди. Қуйидаги бир-икки мисолга эътибор қилинг. Шўро ёзувчиси ёзади:

"Мирзо Улуғбек ёқут кўзли олтин узук тақилган ўрта бармоғи билан нақшинкор хонтахтани чертганча яна сукутга толди... Унинг ўсиқ қошлари бир-бирига туташиб, ўртасида чуқур чизиқ пайдо бўлди... Мирзо Улуғбек йирик тилла узук тақилган шаҳодат бармоғи билан кўз ёшларини артиб деди...»

Улуғбек ҳаётлиги даврида чизилган суратлар шундан далолат берадики, биринчидан, Улуғбекнинг қошлари ўсиқ бўлмаган, иккинчидан, ўрта ёки шаҳодат бармоқларига у узук тақмаган ё-да бирор суратда ҳам тасвирланмаган. Ва яна бутун борлиғи билан илмга берилган олимнинг ўрта ва шаҳодат бармоқларига йирик узук тақиб юриши мантиққа мос келмайди. Бироқ шўро ёзувчилари кўп ҳам мантиқ талабларига бўйсуниб ўтирмаганлар. Улар тасвирлаган олим Туркистон бозоридаги қассобга ўхшаб қолганлиги билан уларнинг ишлари ҳам бўлмаган.

Шоир Шайхзоданинг Улуғбек хусусида ёэганларини ўқиганимизда, бутунлай бошга манзаранинг гувоҳи бўламиз, "Мана у устоз шоиримиз Улуғбекнинт ҳақиқий сажиясини чизиб берибдилар" деб тан берамиз. Шайхзода домла шундай ёзадилар:

"Улуғбек:

Хўжа Ўзбек, не хабар бор. сен ҳамменингдек Осмонга қарайсанми?

Девонбеги:

Йўқ, Султон, СизгаХаёлингиз қочирмоққа ботинолмадим.

Улуғбек:

Хўжа Ўзбек, гапинг кўп рост, шу манзараниКузатганда, шоир бўлиб кетади олим" .

Улуғбекнинг Истанбул музейидан топилган суратида буюк олим Улуғбек ерга чордона қуриб ўтириб осмонга боққан ҳолда, якка ўзи, хаёллар оғушида тасвирланган.

Шайхзода домла худди шу суратни кўриб туриб юқоридаги мисраларни битганларидек туюлади кишига. Улуғбек ҳаётлигида Самарқандда чизилган бу суратда олим оқдан келган, нозик қошли, жуда бежирим соқол-мўйловли, қўллари узун, бармоқлари замонавий жарроҳ ё созанданинг бармоқлари каби нозик, узун. Унда шоҳ ва шаҳзодалар киядиган бош кийим, енги калта уст кийим, ичдан кийилган ҳарир кўйлак.

Шайхзода домланинг асарларидаги Девонбеги айтганидек, бу суратни кўрган киши буюк олимнинг "хаёлини қочирмоққа ботинолмайди" ва замонавий ўзбек шоирининг кенг тарқалган шеърини беихтиёр ёдига келтиради:

Сезмай қолдим. Ўшанда чоғим, Юлдузларда экан ҳаёлим Билмадим не эди гуноҳим ... Мен дардимни кимга айтаман?!

Дунё шундай тузилганки, унда ҳақиқий олимлар якка бўлади. Улар золимларга ўхшаб гуруҳлар тузмайдилар, Жиззаҳ гуруҳи, Самарқанд гуруҳи каби гуруҳлардан ҳақиқий олимлар хазар қиладилар,

Олимлар мисли юлдузларга ўхшайди. Асрлар давомида қаро тунга ёғду сочиб тура беради.

Золим кучлар бирлашиб, тўфон каби халқинг бошига кулфатлар ёғдиради, юлдузлар ёғдусини бироз бўлса-да тўса олади. Бироқ улардан ёмон эсдаликдан бошқа халққа яна нима қолади?!

Бугун Улуғбек қотилларини ким эслайди, эслашни ким истайди?! Улуғбек эса ҳамон она заминга ёғдусини сочиб турибди.

Жаҳондаги машҳур кутубхона, музейларда ҳозирги кунларгача Улуғбек асарининг 25 та қўлёзмаси сақланиб келиняпти: олтитаси Англиянинг Британия Музейида, учтаси Париж Миллий кутубхонасида, еттитаси Англиянинг Бодлеан кутубхонасида, иккитаси Сент Жоунз Коллеж кутубхонасида, биттадан Буюк Британия Қирол Астрономия жамияти ва Кровфорд китобликларида, ҳамда бештаси Ҳинд Идораси номи билан танилган ташкилот кутубхонасида сақланяпти. Қўлёзмаларнинг 22 таси форс тилида ва фақат учтаси араб тилида ёзилган,

Улуғбек "Зиж»ини Буюк Британияда биринчи бўлиб Жон Гривс тадқиқ этган. 1648- 1658 йиллар ўртасида Ж. Гривс Улуғбек асарини уч марта нашр эттирган.

Бошқа бир инглиз олими Томас Хайд 1665 йили Улуғбек асарини инглиз тилига таржима қилиб, 1018 юлдуз жадваллари билан бирга чиқарган. Томас Хайднинт Улуғбек "Зиж"ига бағишланган бу тадқиқоти 1767 ва 1843 йиллари қайта нашр бўлган.

1611 - 1687 йиллари яшаб, ижод қилган таниқли астроном Йоханнес Хевелиуснинг Улуғбека бўлган муносабати илм аҳлига маълум. Хевелиус Улуғбек асарини нашрга тайёрлаш билан бирга, оврўполик рассомлар чизган Улуғбекнинг икки суратини ҳам асарига илова қилган.

Таниқли астроном Лаплас Улуғбекка «энг улуғ кузатувчи» деб баҳо берганди.

Улуғбекнинг замондоши, тарихчи Абдураззоқ Самарқандий ўзининг "Матлаус-саъдайн ва мажма ул-баҳрайн" асарида ёзишича, Улуғбек бир ўринда ушбу ҳикматли иборани ишлатган экан:

"Банд бар муши на аз хорий наҳандва қайд бар зар на аз намърий ", яъни:мушкни беркитар эканлар, бу унинг хорлигига ишорат эмас ва олтинга тамға босилар экан, бу унинг меъёри кам эканлигига исбот эмас.

Бу ибора Улуғбекнинг ўзига нисбатан ишлатилгандек жаранглайди.

Халқ буюк, енгилмас кучдир. Халқимиз ўз ҳаёти давомида тириклигида мурдага айланган, оддий халқдан узоқлашган, ўлгунича мансабидан тушмаслик учун барча қабиҳ услубларни қўллаётган бошлиқларни кўряпти.

Фақат икки йилгина шоҳлик қилган Улуғбек мана 550 йилдан бери нафақат ўз халқи, балки дунё халқлари қалбидан жой олиб келяпти. Чунки буюклик дағдаға, қўрқитиш ва қурол билан эмас, балки яхшилик, меҳр ва саҳийлик билан қўлга киритилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio