АҚШ: "Афғонистондаги вазият Марказий Осиёга таҳдид эмас"

Image caption АҚШ вакилига кўра, минтақадаги вазият умуман олганда ҳарбий база мавжудлигини талаб қилмайди.

Афғонистондаги вазият Марказий Осиё мамлакатларига таҳдид солмайди ва минтақада Америка ҳарбий базаси бўлишига ҳожат йўқ, деб айтган Қўшма Штатларнинг Давлат котиби ёрдамчиси ўринбосари Ричард Хоугланд.

Ўзбекистонга ташриф буюрган жаноб Хоугланд бу ҳақда 24 июлда берган матбуот анжуманида айтган.

"Мен биламанки, Афғонистонга қўшни бўлган мамлакатларга у ердан келадиган хавф таҳдид солади", деган фикр мавжуд. Бироқ бу фикрга биз қўшилмаймиз" деган жаноб Хоугланд журналистларга.

Давлат Департаменти вакили Афғонистонда узоқ муддатли барқарорликни таъминлаш учун албатта катта иш қилиш кераклигини ҳам таъкидлаган.

Шу билан бирга, Хоугланд АҚШнинг Марказий Осиё мамлакатларида ҳарбий база очиш қизиқишлари борлигини ҳам рад қилган. Унга кўра, минтақадаги вазият умуман олганда ҳарбий база мавжудлигини талаб қилмайди.

Бундан олдин, Вашингтоннинг Ўзбекистон ёки минтақадаги бошқа ҳудудда ҳарбий база очиш режаси борлиги ҳақидаги турли ахборот воситаларида чиққан хабарларни АҚШ Марказий бошқармаси ва Тошкентдаги АҚШ элчилиги инкор этган эди.

2005 йилги Андижон хунрезлиги ортидан Ўзбек ҳукумати ўша йили Қарши яқинидаги "Хонобод" базасидаги АҚШ ҳарбийларини чиқариб юборганди.

Ўзбекистонга икки томонлама маслаҳат ўтказиш учун борган АҚШ вакили Ричард Хоугланд Ташқи Ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашган.

Учрашувда томонлар халқаро ва минтақа масалаларини муҳокама қилганлар. Икки томонлама сиёсий, савдо-иқтисодий, инсонпарварлик соҳалари бўйича муносабатлар бўйича фикр алмашишган.

Ўзбекистон расман АҚШ ҳарбий база очиши ҳақидаги хабарларга муносабат билдирмаган бўлса ҳам, қўшни мамлакатлар билан чегараларда хавфсизлик чораларини кучайтирган, бу айнан қўшни Афғонистонда Толибон ва Исломий давлат жангарилари алоқадор гуруҳларнинг бирқадар фаоллашгани орқасидан кузатилганди.

АҚШ вакили Ричард Хоугланд Туркманистонда ҳам бўлиб, ҳамкорлик ва хавфсизлик масалаларини гаплашгани хабар қилинади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio